Sayt test rejimida ishlamoqda

Бозоров Рамазон Шамил ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): Юқори тезликдаги магистралларда поездлар ўтказиш технологиясини такомиллаштириш, 05.08.03 – Темир йўл транспортини ишлатиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.PhD/Т2942.
Илмий раҳбар: Расулов Маруфджан Халикович, техника фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги PhD.15/31.08.2022.Т.73.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Хаджимухаметова Матлуба Адиловна, техника фанлари доктори, профессор; Махкамов Нурмухаммад Янгибоевич, техника фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
II. Тадқиқотнинг мақсади юқори тезликдаги магистралларда поездлар ўтказиш технологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
темир йўл транспорти юқори тезликдаги магистралларида турли тоифадаги поездларни ўтказиш технологиясига таъсир этувчи омиллар ҳаракатланувчи таркиб бирликларининг турғунлигини ҳисобга олган ҳолда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мезонлари асосида аниқланган;
турли тоифадаги поездларнинг ўзаро тўхташсиз кесишуви жараёнида вертикал текисликда юзага келадиган аеродинамик босимни аниқлаш усули уларнинг конструктив хусусиятлари, тезлиги, вужудга келадиган турбулент ҳаво оқими табиатини ҳисобга олган ҳолда суперпозиция принципига асосланиб ишлаб чиқилган;
темир йўл участкаларида юқори тезликдаги йўловчи ва юк поездларининг ўзаро кесишуви жараёнида ҳаракатланувчи таркибларнинг турғунлигини аниқлашнинг математик модели йўл плани ва профили ҳамда табиий шароитлар таъсирини ҳисобга олган ҳолда ҳаво оқимларининг аеродинамик босими импулсининг ўзгариш қонуниятларига асосланиб яратилган;
юқори тезликдаги магистралнинг ўтказувчанлик қобилиятини ҳисоблаш усули турли тоифадаги поездларнинг тўхташсиз кесишувини ташкил этишнинг технологик параметрларини инобатга олган ҳолда поездлар ҳаракатининг экспериментал графиклари таҳлили ва тортув ҳисобларига асосланиб такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Юқори тезликдаги магистралларда поездлар ўтказиш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
турли тоифадаги поездларни ўтказиш технологиясига таъсир этувчи омилларга, шунингдек турбулент ҳаво оқими табиатини ҳисобга олиб вертикал текисликда юзага келадиган аеродинамик босимни аниқлаш усули, ҳаракатланувчи таркибларнинг турғунлигини аниқлашнинг математик модели, юқори тезликдаги магистралнинг ўтказувчанлик қобилиятини ҳисоблаш усули ҳамда турли тоифадаги поездларнинг ўзаро хавфсиз кесишуви тезликлари чегарасини белгилаш бўйича алгоритмлар ва дастурий мажмуалар кўринишидаги инструментал воситалар “ЎТЙ” АЖнинг “Ташишларни ташкил этиш” бошқармасида жорий этилган (“ЎТЙ” АЖнинг 2024-йил 23-январдаги 07/269-24-сонли маълумотномаси). Натижада юқори тезликдаги йўловчи ва юк поездларининг тўхташсиз кесишувини ташкил этиш технологиясини қўллашда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш шартларини ҳисобга олиш, қўшни йўлдаги турли юк вагонларига таъсир этувчи аеродинамик кучлар миқдорларини аниқлаш, мавжуд техник жиҳозланишда юқори тезликдаги йўловчи ташувларини ривожлантириш истиқболини белгилаш имконияти яратилган;
турли тоифадаги поездларнинг тўхташсиз кесишувини ташкил этиш технологиясини қўллаш бўйича илмий асосланган амалий тавсиялар “ЎТЙ” АЖнинг “Ягона диспетчерлик маркази”да жорий қилиниб “Тошкент – Самарқанд – Қарши – Шаҳрисабз, Тошкент – Самарқанд – Бухоро участкаларида умумий фойдаланишдаги темир йўлларда юқори тезликдаги электропоездларига хизмат кўрсатиш ва ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага киритилган ва унинг асосида турли тоифадаги поездларнинг ҳаракати ташкил этилган
(“ЎТЙ” АЖнинг 2024-йил 23-январдаги 07/269-24-сонли маълумотномаси). Натижада юк поездларининг оралиқ станцияларда туриш вақти 19,32% га, тўхтаб туришлар сони 45,71% га қисқартириш орқали участка тезлигини 6,44% га оширишга эришилган, бунда йиллик иқтисодий самарадорлик 957,14 млн. сўмни ташкил этади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish