Sayt test rejimida ishlamoqda

Олий аттестация комиссиясида 2024 йилнинг 28 май куни  геология-менерология фанлари йўналишида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси ҳамда илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда илмий кенгашлар ва унинг ҳузуридаги илмий семинар котиблари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон - 2030” Стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган анжуманда мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда муҳим ўрин тутувчи минерал-хомашёлардан унумли фойдаланишда илм-фаннинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
– Мамлакатимиз ер юзида маълум барча фойдали қазилмаларга бой замин, – дейди ўз нутқида техника фанлари доктори, профессор Абдурашид Хасанов. – Шу боис минерал-хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш йўналишини илм билан ривожлантириш мақсадида лойиҳа офиси ташкил этиб, етакчи институт ва илмий марказлар жалб қилинмоқда. Бунда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, соҳага илғор хорижий тадқиқот методларини жорий қилишга катта аҳамият қаратилаётгани эътиборга молик.
 
Дарҳақиқат, бугунги кунда Геология-минералогия фанлари бўйича республикамиздаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот марказларида 10 та илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда. Халқаро ва республикамизда фаолият юритаётган 69 та журналда мазкур фан бўйича амалга оширилаётган тадқиқотларнинг асосий илмий натижалари эълон қилиб борилмоқда. Соҳага қаратилаётган эътибор сабабли сўнгги тўрт йилда 12 та фан доктор (DSc)  ҳамда 59 та фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тадқиқотлар бажарилди.
 
Йиғилишда олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар хусусида ахборот берилиб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, уларнинг сифатини ошириш, ахборот тизимини такомиллаштириш, инновацион ва илғор халқаро тадқиқот услубларини амалиётга жорий этиш каби масалалар кенг муҳокама этилди. Шунингдек, жаҳонда тез ўзгараётган технологик вазият боис “яшил” энергетика, электротехника саноатида камёб металларга талаб тобора ортиб бораётган бугунги шароитда минерал - хомашё базасидан фойдаланишда илм-фаннинг аҳамиятини ошириш, аниқланган заҳиралар ва фойдали қазилмаларни қазиб олишга инновацион технологияларни жорий этиш орқали мамлакат иқтисодиётини юксалтириш борасидаги илмий изланишлар давр талаби экани таъкидланди.
Бу борада, айниқса, соҳада ахборот алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш орқали  шаффофликни таъминлаш, илмий тадқиқотчилар учун қулай шароитларни яратиш борасида ОАК томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунга кўра, илмий кенгашлар фаолиятини ташкил этишда меъёрий тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш, илмий-тадқиқот ишларининг сифатини таъминлаш юзасидан вазифалар белгиланиб, амалий тавсиялар берилди.
   

Очиқ мулоқот ва муҳокамалар асосида ўтказилган йиғилишда Илмий кенгашлар фаолиятини низом талабларига кўра ташкил қилиш ҳамда ахборот-таҳлил хулосалари бўйича саволларга атрофлича жавоб олинди.

ОАК Ахборот хизмати.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish