Sayt test rejimida ishlamoqda

Дониёрходжаева Нилуфарнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикаси банк-молия соҳасида коррупсияга қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий масалалари», 12.00.10 – Халқаро ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Yu224.
Илмий раҳбар: Рахманкулов Мир-Акбар Ҳоджи-Акбарович, юридик фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: DSc.11/25.08.2022.Yu.24.01
Расмий оппонентлар: Сулайманов Одилжон Раббимович, юридик фанлари доктори, доцент; Рахимова Муаттара Абдусаттаровна, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади халқаро-ҳуқуқий нормалар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси банк-молия соҳасида коррупсияга қарши курашни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
коррупсияга қарши кураш бўйича алоҳида давлат органини шакллантириш зарурияти ва бу чоранинг Жакарта принципларининг Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига имплементация қилинишини ўзида акс эттириши асослантирилган;
Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида коррупсиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириши ва амалга ошириши, ҳар йили коррупсияга қарши кураш бўйича Миллий маърузани тайёрлаши ва Президент ҳамда Олий Мажлис палаталарига кўриб чиқиш учун киритиши, турли даражадаги коррупсияга қарши курашиш бўйича ихтисослаштирилган қўмиталар ва комиссиялар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, коррупсияга оид жиноятларни текшириш натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилиши ҳамда жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарарнинг қопланиши устидан назоратни амалга ошириши асослантирилган;
даромадлар ва мулк ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текшириш бўйича электрон ахборот тизимини яратиш, шунингдек, банклар тизимида жисмоний шахсларга кредит ажратишда биометрик маълумотларни (бармоқ излари ёки юз тузилиши) текшириш йўли орқали Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграцияланган мижозларни идентификациялашни жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар зарурияти асослантирилган;
харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга қўйиладиган талаблар давлат харидлари соҳасида коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги лозимлиги, бунда ҳалол рақобатни таъминлаш, қарорлар қабул қилишда обектив мезонлардан фойдаланиш, самарали мониторинг ва назорат тизимини яратиш, қонунчилик талабларига мувофиқ қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни чоп этиш ва тартиб-таомилларни амалга ошириш орқали коррупсиянинг олдини олиш чораларининг устувор ҳисобланиши асослантирилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши. Ўзбекистон Республикаси банк-молия соҳасида коррупсияга қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий масалалари бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди:
коррупсияга қарши кураш бўйича Жакарта принципларига асосан алоҳида давлат органини шакллантириш зарурияти ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 2-мартдаги ПҚ–5953-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 55-бандида фойдаланилган («Тараққиёт стратегияси» марказининг 2022-йил 29-сентябрдаги 1423-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ягона ихтисослаштирилган давлат органини шакллантириш имконини берган, бу эса коррупсияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва мувофиқлаштиришга, уларнинг амалга оширилиши устидан назоратни кучайтиришга, шунингдек, ушбу соҳадаги турли давлат тузилмалари ўртасида ваколат ва масъулиятни янада аниқроқ тақсимлашга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида коррупсиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириши ва амалга ошириши, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига Коррупсияга қарши кураш бўйича Миллий маърузани кўриб чиқиш учун киритиши, турли даражадаги коррупсияга қарши курашиш бўйича ихтисослаштирилган қўмиталар ва комиссиялар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, коррупсияга оид жиноятларни текшириш натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилиши ҳамда жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарарнинг қопланиши устидан назоратни амалга ошириши ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 18-ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши кураш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–729-сонли Қонунининг 9-моддасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2022-йил 5-октябрдаги 06–13/51-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг қабул қилиниши Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг ваколатларини аниқ белгилаш орқали Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга имкон берган;
даромадлар ва мулк ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш, уни қайта ишлаш ва текшириш бўйича электрон ахборот тизимини яратиш, шунингдек, банклар тизимида жисмоний шахсларга кредит ажратиш жараёнида Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграцияланган мижозларни биометрик маълумотлар (бармоқ излари ёки юз тузилиши) орқали идентификациялашни жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар зарурияти ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 6-июлдаги «Коррупсияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш, давлат ва жамият бошқарувидаги коррупсия омилларини кескин камайтириш, шунингдек, бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–6257-сонли Фармони билан тасдиқланган 2021–2022-йилларда коррупсияга қарши кураш бўйича Давлат дастурининг 7 ва 18-моддаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти 2022-йил 11-октябрдаги 02-3/1008–сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши даромадлар ва мол-мулк декларацияси тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш орқали коррупсиянинг олдини олишнинг самарали механизмларини яратиш имконини берди, бу эса, ўз навбатида, давлат бошқаруви соҳасида шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга ҳамда коррупсия хавфини камайтиришга хизмат қилган;
харид жараёнларини ташкил этиш ва ўтказишга қўйиладиган талаблар давлат харидлари соҳасида коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги лозимлиги, бунда ҳалол рақобатни таъминлаш, қарорлар қабул қилишда обектив мезонлардан фойдаланиш, самарали мониторинг ва назорат тизимини яратиш, қонунчилик талабларига кўра жараённи ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида оммавий маълумотларнинг чоп этилиши каби коррупсиянинг олдини олиш чоралари устувор ҳисобланиши ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 22-апрелдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ–684-сонли Қонунининг 13-моддасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024-йил 5-январдаги 02/2-05-13-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳалол рақобатни таъминлаш, қарорлар қабул қилишда обектив мезонлардан фойдаланиш, самарали мониторинг ва назорат тизимини яратиш орқали давлат харидлари соҳасида коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни кучайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish