Sayt test rejimida ishlamoqda

Максудова Саида Сакиевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш йўллари», 08.00.07 – «Молия, пул муомаласи ва кредит».
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Iqt2976. 
Илмий раҳбар: Тешабаев Тўлқин Закирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
 Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Бахриддинов Шарофиддин, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент шаҳри филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: банк тизимининг барқарорлигини оширишга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
банкларда стресс-тест ўтказиш параметри сифатида юридик шахсларнинг депозит ҳисобрақамларидаги маблағлар қолдиғи 20 фоизга камайганда – пессимистик ссенарий, 25 фоизга камайганда – критик ссенарий ва 30 фоизга камайганда – катастрофик ссенарий деб белгилаш таклиф этилган;
банк молиявий барқарорлигини таъминлашда банк ресурсларидан самарали фойдаланишнинг 2-босқичли тизими: 1 кундан 1 ой муддатгача бўлганда –оператив бошқарув ва 1 ойдан ошганда - муддатли бошқарув тизимларига ажратиш таклиф этилган;
банкнинг молиявий мустаҳкамлигини оширишда Кредит сиёсати бўйича асосий рискларни юзага келиш эҳтимоли ва таъсир қилиш даражаси нуқтайи назаридан паст, ўрта ва юқори тоифаларга ажратиш таклиф этилган;
банкларда молиявий барқарорликни сақлаб туриш ва рискларни олдини олиш мақсадида миллий валютада амалга ошириладиган кредит воситалари банк соф активларининг 15 фоизидан 50 фоизгача бўлганда Банк Кузатув кенгаши қарори асосида бериш таклиф этилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш йўллари юзасидан ишлаб чиқилган илмий таклифлар ва амалий тавсиялар асосида:
банкларда стресс-тест ўтказиш параметри сифатида юридик шахсларнинг депозит ҳисобрақамларидаги маблағлар қолдиғи 20 фоизга камайганда – пессимистик ссенарий, 25 фоизга камайганда – критик ссенарий ва 30 фоизга камайганда – катастрофик ссенарий деб белгилаш таклифи акциядорлик тижорат «Алоқабанк»нинг 2022 йилга мўлжалланган “Банк фаолиятини стресс-тестдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомни ишлаб чиқишда фойдаланилган (АТ “Алоқабанк”нинг 2024 йил 5 февралдаги 21-04/475-сон маълумотномаси). Натижада, тижорат банкининг 2022 йил учун ишлаб чиқилган стресс-тест ўтказиш сиёсати янада такомиллаштирилган, банкнинг молиявий барқарорлиги мустаҳкамланган, банк капитал рентабеллиги ўтган йилга нисбатан 2 мартага ошиб 13,33 фоизни, активлар рентабеллиги эса 1,5 мартага ошиб 1,6 фоизни ташкил этган;
банк молиявий барқарорлигини таъминлашда банк ресурсларидан самарали фойдаланишнинг 2-босқичли тизими: 1 кундан 1 ой муддатгача бўлганда –оператив бошқарув ва 1 ойдан ошганда - муддатли бошқарув тизимларига ажратиш таклифи акциядорлик тижорат “Алоқабанк”нинг 2022 йил 6 апрелдаги 754-сон “Ликвидлиликни бошқариш сиёсати”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (АТ “Алоқабанк”нинг 2024 йил 5 февралдаги 21-04/475-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида, банкнинг молиявий инструментларидан фойдаланиш жараёнида мажбуриятларни тўлиқ ва ўз вақтида бажара олиш имконияти мустаҳкамланган, 2022 йилда банкнинг юқори ликвидли активлари ҳажми 2 246,6 млрд сўм ёки 14,7 фоиз, ликвидлиликни қоплаш меъёри коеффициенти 226,8 фоиз ва соф барқарор молиялаштириш меъёри 100,9 фоиз бўлиши таъминланган;
банкнинг молиявий мустаҳкамлигини оширишда Кредит сиёсати бўйича асосий рискларни юзага келиш эҳтимоли ва таъсир қилиш даражаси нуқтайи назаридан паст, ўрта ва юқори тоифаларга ажратиш таклифи акциядорлик тижорат “Алоқабанк”нинг 2022 йил 6 апрелдаги 753-сонли 2022 йилга мўлжалланган банкнинг «Кредит сиёсати»ни ва “Кредит сиёсати бўйича рисклар матрицаси”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (АТ “Алоқабанк”нинг 2024 йил 5 февралдаги 21-04/475-сон маълумотномаси). Натижада, банкнинг молиявий барқарорлиги таъминланган, банкнинг кредит портфели таркибида узоқ муддатли кредитлар ҳажми 95,3 фоизга етган. Шунингдек, банк активлари жорий йилда 27 фоизга ошиб, 16 083 млрд сўмни ташкил этган бўлса, банк кредит портфелида стандарт кредитларнинг улуши 96,87 фоизга тенг бўлиб, 8 874,7 млрд сўмни ташкил этган;
банкларда молиявий барқарорликни сақлаб туриш ва рискларни олдини олиш мақсадида миллий валютада амалга ошириладиган кредит воситалари банк соф активларининг 15 фоизидан 50 фоизгача бўлганда Банк Кузатув кенгаши қарори асосида бериш таклифи акциядорлик тижорат «Алоқабанк»нинг 2022 йил 6 апрелдаги 753-сон 2022 йилга мўлжалланган банкнинг «Кредит сиёсати»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (АТ “Алоқабанк”нинг 2024 йил 5 февралдаги 21-04/475-сон маълумотномаси). Натижада, 2022 йилда банкнинг жами кредит портфели 18,9 фоиз ёки 1 451,6 млрд сўмга ошиб, 9 104,9 млрд сўмни ташкил этгани ҳолда, ҳаракациз кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 2 мартага камайиб, 2,03 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish