Sayt test rejimida ishlamoqda

Жовлиев Баҳром Абдиназар ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Зирабулоқ-Зиёвиддин региони бўр ётқизиқларининг биостратиграфияси ва фациал ҳусусиятлари», 04.00.05 – Палеонтология ва стратиграфия (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.3.PhD/GM198.
Илмий раҳбар: Абдуллаев Гайбулла Сайфуллаевич, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти ҳузуридаги DSc.24/30.12.2019.GM.41.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Абдуазимова Зоя Мусаевна, геология-минералогия фанлари доктори; Джалилов Гофур Ганиевич, геология-минералогия фалсафа фанлари доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Геология ва геофизика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: икки тавақали моллюска ва бошқа фауналарни аниқлаш асосида геологик-тасвирлаш ва башоратлаш-қидириш ишларида илмий асос бўлиб хизмат қилувчи Зирабулоқ-Зиёвиддин региони бўр ётқизиқларининг янгиланган минтақавий стратиграфик схемасини тузишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Зирабулоқ-Зиёвиддин региони бўр ётқизиқлари бўйича табақалаш ва таққослаш натижасида олинган, литологик-биостратиграфик асосда ажратилган таянч кесмалар билан районлаштириш ишлаб чиқилган;
ҳар бир таянч кесмаларда свиталарнинг ёшини ва чегараларини аниқлаш учун биоценозлар таркибининг хусусиятлари ва ҳар бир свитадаги мажмуаларнинг яшаш шароитлари ҳамда уларнинг вақт бўйича эволюцияси аниқланган;
бўр ётқизиқлари кесмаларида қайд этилган, кескин фаунистик ва фациал ўзгаришлар – глобал ва минтақавий абиотик ва биотик ҳодисаларнинг кесмалар тузилишида ва биоценозлар таркибида акс этган натижалари эканлиги аниқланган;
Зирабулоқ-Зиёвиддин региони бўр ётқизиқларининг яруслар ва кенжаяруслари орасидаги чегаралари қўшимча палеонтологик асосланиб, минтақавий шкаланинг такомиллашган, янгиланган стратиграфик схемаси ишлаб чиқилган; 
палеонтологик объектларнинг таксономик мансублиги ва уларни қамраган жинсларнинг ёшини аниқ белгилайдиган 14 та авлодга тегишли бўлган 16 та турга мансуб иккитавақали моллюскаларнинг монографик таърифланган ва аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Зирабулоқ-Зиёвиддин ҳудуди бўр ётқизиқларининг биостратиграфияси ва фациал хусусиятларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
бўр даври ётқизиқлари бўйича ишлаб чиқилган янгиланган стратиграфик схемаси “Ўзбек геология қидирув ” АЖда амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геологияси вазирлигининг 2023 йил 26 сентябрдаги 08-2903-сон маълумотномаси). Натижада, ўрганилаётган ҳудуднинг бўр даврида геологик ривожланиш тарихини ишончли талқин қилиш, геологик қидирув ва излаш ишларини режалаштириш ишларида илмий асос сифатида фойдаланиш имкони яратилган;
биоценозларнинг вақт ва маконда ўзгариши асосидаги экотизимни қайта қуриш модели “Ўзбек геология қидирув ” АЖда амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геологияси вазирлигининг 2023 йил 26 сентябрдаги 08-2903-сон маълумотномаси).  Натижада, бўр даврида ётқизиқлар ҳосил бўлиш шароитларини аниқлаш билан бирга, седиментацион ҳавзасининг геологик эволюциясини тушуниш учун асос ишлаб чиқилган;
бўр ётқизиқларининг аниқланган биостратиграфик ва фациал хусусиятларига асосланиб, абиотик ва биотик ҳодисалар билан боғлиқ бўлган таянч корреляцион сатҳлар белгиланди, ёши бир хил, бироқ турли хил фациал ҳосилаларда чегаралари аниқ кўринган свита ва кенжасвиталарнинг корреляцион ёш сатҳлар модели “Ўзбек геология қидирув ” АЖда амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2023 йил 26 сентябрдаги 08-2903-сон маълумотномаси). Натижада, Зирабулоқ-Зиёвиддин региони турли фациал, аммо бир хил ёшдаги бўр ётқизиқлари батафсил табақаланди ва корреляция қилинди, бу бошқа регионларнинг ушбу ёшдаги стратиграфик бўлинмалари билан таққослаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish