Sayt test rejimida ishlamoqda

Азходжаева Роза Алтиновнанинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Соғлиқни муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқ соҳасида ЖСТнинг халқаро стандартлари: халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликнинг ўзаро муносабати”, 12.00.10 – Халқаро ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.DSc/Yu88.
Илмий раҳбар: Саидов Акмал Холматович, академик, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/03.06.2023.Yu.22.04.
Расмий оппонентлар: Тошев Бобоқул Норкобилович, юридик фанлар доктори, профессор; Умарахунов Иркин Мирзахидович, юридик фанлар доктори, профессор; Хакимов Равшан Тулкунович, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ЖСТ келишувларига мувофиқ соғлиқни сақлаш ҳуқуқини таъминлаш масалаларини такомиллаштириш бўйича халқаро ҳуқуқий ва миллий нормаларни таҳлил қилиш асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Ҳар ким соғлиғини муҳофаза қилиш ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, соғлиқга бўлган ҳуқуқ – тиббий хизматлар, дори-дармонлар, хавфсиз ичимлик суви, хавфсиз озиқ-овқат, тиббиёт соҳасидаги таълим ва маълумотлар, айниқса онлайн тизимлар орқали  ва санитария шароитларини яратишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчиликда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлар йиғиндисидир” деган муаллифлик таърифи ишлаб чиқилган;
барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда миллий ва минтақавий шартларни ҳисобга олган ҳолда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва сифатли овқатланишни яхшилаш мақсадида аъзо давлатлар ва барча манфаатдор тарафларни комплекс, мувозанатлашган ва яхлит ёндашувларни қўллашга, тармоқлараро манфаатдор тарафларни жалб қилишга асосланган барқарор озиқ-овқат хавфсизлиги тизимларини яратишнинг янги механизми ишлаб чиқилган;
соғлиқни сақлаш тизимида жисмоний ва руҳий саломатликнинг энг юқори даражасини таъминлаш, белгиланган қамровга эришиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳуқуқий чораларини кўриш, инсон ҳуқуқлари соҳасида соғлиқни сақлашга бўлган халқаро келишилган мақсадларга эришиш зарурати асослантирилган;
энергетик ичимликлар ўз таркибида 150 мг/л дан ортиқ миқдорда кофеин ва инсонга тетиклаштирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компанентларни ўз ичига олганлиги сабабли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу мақсадлар учун белгиланган ҳудудларда энергетик маҳсулотлари савдосида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асосни яратиш зарурати асослантирилган;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш нормалари ва қоидаларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
соғлиқни муҳофаза қилишнинг ва малакали тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ҳамда жисмоний маданият ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш заруратига оид таклифлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддаси 1, 3, 5-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари бўйича қўмитасининг 2023 йил 16 сентябрдаги 04/7-12-63-сонли далолатномаси). Ушбу таклифларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг саломатликка бўлган ҳуқуқини таъминлашга, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларининг ривожланишига замин яратган;
етарли озиқ-овқатга эга бўлиш ҳуқуқига мувофиқ етарли миқдорда хавфсиз озиқ-овқат билан таъминланишни кучайтиришга тааллуқли халқаро-ҳуқуқий асосларни яратишга оид таклиф БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 17 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш” 76/222-сон резолюциясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонасининг 2022 йил 2 мартдаги 035/227-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш масалаларига ижобий таъсир кўрсатган;
ҳар бир инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатликнинг энг юқори ва эришиш мумкин бўлган даражасига бўлган ҳуқуқини таъминлашга оид таклиф БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2020 йил 19 декабрдаги “Руҳий саломатлик ва инсон ҳуқуқлари” 43/13-сон резолюциясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонасининг 2022 йил 2 мартдаги 035/227-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши инсон саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларга эришишга ижобий таъсир кўрсатган;
давлат ҳокимияти идоралари томонидан энергетик маҳсулотларни сотиш мақсадлари учун ажратилган жойларда савдо қилишда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурати тўғрисидаги таклиф 2019 йил 9 январдаги Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат тартибини таъминлашнинг механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎзРҚ-514-сон Қонунини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлигини сақлаш масалалари бўйича қўмитасининг 2021 йил 2 июлдаги 05/3-11-59-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши энергетик маҳсулотлар савдосида вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратган;
озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича норма ва қоидаларни бажариш устидан фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқишнинг заруратига оид таклифлар 2019 йил 29 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат назоратини кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎзРҚ-559-сон Қонунининг 2-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлигини сақлаш масалалари бўйича қўмитасининг 2021 йил 2 июлдаги 05/3-11-59-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича норма ва қоидаларни бажариш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масʼулиятини оширишга хизмат қилган;
Жаҳон савдо ташкилоти ва унга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо тизими фаолиятига самарали ёрдам бериш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги фаолияти барқарорлигини қўллаб-қувватлаш ва хар бир инсоннинг етарли даражада овқатланиш ва устувор ҳуқуқи бўлмиш очликдан озод бўлиш ҳуқуқига мувофиқ озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик оид таклифи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 17 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш” 76/222-сон резолюциясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонасининг 2022 йил 2 мартдаги 035/227-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши халқаро майдонда Жахон савдо ташкилоти ва давлатлар ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish