Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамиралиев Қувонч Қурвонбой ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Истиқлол даври ўзбек шеъриятида жанрлар модификацияси”, 10.00.07 – Адабиёт назарияси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/Fil.1883.
Илмий раҳбарнинг фамилияси, исми, шарифи, илмий даражаси ва унвони: Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc.02/30.12.2019. Fil.46.01. 
Расмий оппонентлар: Милиев Сувон, филология фанлари доктори, профессор; Афоқова  Нодира  Махмудовна, филология фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади истиқлол даври ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойиллари, лирикада шакл ва мазмун уйғунлиги, глобаллашув жараёни ва олам ҳодисаларига онгли ёндашув, ижодкор тафаккуридаги ўзгаришлар, фалсафий мушоҳада ва ўқувчида башариятга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш масъулияти ўлароқ ижод этилган янги шеърий шакллар ва жанрларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
истиқлол даври ўзбек шеъриятида лирик жанрларнинг янгиланиш тамойиллари ва тадрижий такомили, ғарб адабиётидан кириб келган жанрларнинг ўзбек лирикасидаги янгича ифодаси, давр шеъриятида модификация жараёнининг юзага келиш омиллари, фан-техника тараққиётининг инсон тафаккури, хусусан, бадиий адабиётга таъсири масалалари кўрсатилган;
истиқлол даври ўзбек шеъриятида яратилган мумтоз жанрлар  ва уларнинг замонавий шеърий шакллар билан уйғунлашуви, тасаввуфий мазмундаги шеърларнинг бармоқ вазни ёки модерн шакллари кўринишида ижод этилиши, мумтоз адабиётдан озиқланиш, анъананинг янгиланиши, шеърда туйғуларнинг қоришиқ тарзда берилиши (паралелакс) натижасида бадиий модификация ҳодисасининг намоён бўлиши масалалари асосланган;
замонавий ўзбек шеъриятида ижодкорнинг ижтимоий, маданий ҳаётга муносабати, табиат ҳодисалари ва унда инсоннинг ўрни масаласи, умуман, бадиий тафаккурдаги эврилишлар натижасида шаклнинг мазмунга бўйсуниши ёки шакл талаби билан мазмуннинг тиғизлашиб бориши; фолклоризмнинг давр  шеъриятига таъсири, жанрлар стилизацияси  оқибатида майдонга келган янги шеърий шаклларнинг назарий асослари  очиб берилган;
истиқлол даври ўзбек лирикасида игнабарг, уччаноқ, қайирма, фиқра, эшсонет, қўшсатр, учшода, шашқатор, бешнаво сингари махсус жанрларнинг  пайдо  бўлиши, уларнинг  назарий  қонун-қоидалари; интернет  адабиётининг юзага  келиши ва ривожланиши, турфа кайфият, туйғулар, образларнинг  аралашуви  натижасида қоришиқ жанрларнинг  вужудга  келиши аниқланган.   
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Истиқлол даври ўзбек шеъриятида жанрлар модификацияси мавзусида олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
истиқлол даври ўзбек шеъриятида лирик жанрларнинг янгиланиш тамойиллари ва тадрижий такомили; ғарб адабиётидан кириб келган жанрларнинг ўзбек лирикасидаги янгича ифодаси; давр шеъриятида модификация жараёнининг юзага келиш омиллари; фан-техника тараққиётининг инсон тафаккури, хусусан, бадиий адабиётга таъсири масалаларига оид хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ОТ-Ф1-030 “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографияни (7-жилд) чоп этиш” (2017 – 2020-йй.) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 19-декабрдаги 01/4-2741-сон маълумотномаси). Натижада истиқлол даври ўзбек шеъриятига доир адабиётшуносликдаги мавжуд илмий мулоҳазалар, мумтоз адабий жанрларнинг давр шеъриятидаги “янги ҳаёти” ҳақидаги назарий қарашлар яна-да бойитилган;
мустақиллик даври ўзбек  лирикасида мумтоз адабий жанрлар ва уларни замонавий шеърий шакллар билан уйғунлиги,  тасаввуфий оҳангдаги шеърларнинг бармоқ вазнида ёки модерн шакллари кўринишида истефода  этилиши, мумтоз адабиётга яқинлик, бир шеърда бир нечта туйғуларнинг қоришиқ ҳолда келиши (паралелакс) натижасида бадиий модификация ҳодисасининг намоён бўлиши каби назарий масалалар далилланганлиги  ҳақидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ИЛ-402104474 “Болалар адабиёти.уз мултимедиали электрон платформа ва унинг мобил иловасини яратиш” (2021 – 2022-йй.) инновацион лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 04/1-2543-сон  маълумотномаси). Натижада болалар адабиёти ва фолклор жанрларининг бадиий адабиётга таъсири янги шеърий шакл ҳамда жанрларнинг  пайдо бўлишига замин яратганлиги борасидаги мулоҳазалар билан хулосалар чиқариш имконини берган; 
замонавий ўзбек шеъриятида ижодкорнинг ижтимоий, маданий  ҳамда табиат ҳодисаларига муносабати, бадиий тафаккурдаги эврилишлар натижасида шакл ва мазмундаги тафовутлар ёки ўзаро мутаносиблиги; фолклоризмнинг давр  шеъриятига таъсири, жанр стилизацияси ҳодисаси оқибатида майдонга келган янги шеърий шаклларнинг адабий-назарий жиҳатлари  очиб берилгани билан   боғлиқ  хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси  “Ўзбекистон” телеканалининг  “Ассалом, Ўзбекистон!”, “Кўнгил ободлиги” кўрсатувларида  ҳамда “Муносабат” ток-шоусида фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиоканалининг 2023-йил 25-октябрдаги 02-13-1586-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг давр шеърияти мавзу кўлами, шаклий ва мазмуний ўзгаришлари, жанрий ранг-баранглиги юзасидан билимлари бойишига, тасаввурлари кенгайишига эришилган;
истиқлол даври ўзбек лирикасида игнабарг, уччаноқ, қайирма, фиқра, эшсонет, қўшсатр, учшода, шашқатор, бешнаво сингари махсус жанрларнинг  пайдо  бўлиши, уларнинг  назарий  қонун-қоидалари; интернет адабиётининг юзага  келиши ва ривожланиши, инсташеърият (инстапоетрй)нинг  оммалашуви (асосан, ёшлар  ижоди  мисолида), турфа кайфият, туйғулар,  образларнинг  аралашуви  натижасида қоришиқ жанрларнинг  вужудга  келиши ҳақидаги хулосаларидан Ўзбекистон Ёзувчилар  уюшмаси  томонидан ўтказилган турли адабий-маърифий тадбирларда, жумладан, ёш  ижодкорлар фаолият олиб  борадиган “Онажоним – шеърият”, “Умид” тўгараги машғулотларида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уйшмасининг 2023-йил 30-октябрдаги 01-03-3014-сон маълумотномаси). Натижада бугунги адабий жараёнда  юз бераётган адабий-назарий ўзгаришлар, замонавий шеъриятда анъана ва янгиланишлар таъсирида шеърий жанрларнинг модификацияга учрагани очиб  берилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish