Sayt test rejimida ishlamoqda

Дускобилов Умиджон Шарофиддиновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Инфлацион таргетлашга ўтиш шароитида монетар сиёсат инструментларидан фойдаланиш методологиясини такомиллаштириш», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.DSc/Iqt326.
Илмий маслаҳатчи: Каримов Норбой Ганиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Алимардонов Илҳом Музробшохович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Бердияров Баҳриддин Тавашарович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Хошимов Элмурод Абдусатторович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инфлацион таргетлашга ўтишда монетар сиёсат инструментларидан фойдаланишнинг методологик жиҳатларини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тижорат банкларининг депозит операцияларини янада ривожлантириш мақсадида инфлацияни чегирувчи ва асосий ставкада даромад келтирувчи (инфлация + асосий ставка) муддатли депозит ставкасини жорий этиш таклиф этилган;
асосий савдо-ҳамкор мамлакатлар билан ўзаро экспорт-импорт операциялари самарадорлигини назорат қилишда реал самарали алмашув курсидан фойдаланиш таклиф этилган;
миллий валюта курсининг қисқа муддатли тебранишларини барқарорлаштириш ҳамда пулга бўлган умумий талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш мақсадида олтин-валюта захиралари нейтраллигига асосланган валюта интервенсияларини амалга ошириш таклиф этилган;
марказий банк ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан молиявий тизим барқарорлигини таъминлаш ҳамда иқтисодиётдаги ликвидлиликнинг инфлацион босимга таъсирини меъёрлаштириш мақсадида мувофиқлаштирилган монетар-фискал сиёсат юритиш таклиф этилган;
Ўзбекистонда монетар сиёсат трансмиссион механизмининг фоиз, кредит ва валюта курси каналларини структурали векторли авторегрессия (СВАР) моделига киритиш асосида инфлациянинг 2030-йилга қадар прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Инфлацион таргетлашга ўтишда монетар сиёсат инструментларидан фойдаланишнинг методологик жиҳатларини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
тижорат банкларининг депозит операцияларини янада ривожлантириш мақсадида инфлацияни чегирувчи ва асосий ставкада даромад келтирувчи (инфлация + асосий ставка) муддатли депозит ставкасини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки АЖнинг 2024-йил 19-февралдаги 02/2-1318/17-сонли ҳамда «Туронбанк» АТБнинг 2023-йил 30-августдаги 19/04-270-сонли маълумотномалари). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши банк мижозларининг инфлацион кутилмаларини барқарорлаштириши орқали «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамиятига 2024-йил 1-феврал ҳолатига 22,6 фоиздан, «Туронбанк» акциядорлик тижорат банкига 2023-йил 1-август ҳолатига 23 фоиздан барқарор депозит маблағларини жалб қилиш имконини берган;
асосий савдо-ҳамкор мамлакатлар билан ўзаро экспорт-импорт операциялари самарадорлигини назорат қилишда реал самарали алмашув курсидан фойдаланиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ташқи савдо шароитларининг банк валютавий операцияларига таъсирини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки АЖнинг 2024-йил 19-февралдаги 02/2-1318/17-сонли ҳамда «Туронбанк» АТБнинг 2024-йил 18-мартдаги 12/06-28-сонли маълумотномалари). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 2023-йилда сўмнинг реал алмашув курси индексидаги 0,8 фоизли мустаҳкамланишни таҳлил қилиниши банк томонидан экспорт ва импорт бўйича амалга оширилган валютавий операциялар самарадорлигини баҳолаш имконини берган;
миллий валюта курсининг қисқа муддатли тебранишларини барқарорлаштириш ҳамда пулга бўлган умумий талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш мақсадида олтин-валюта захиралари нейтраллигига асосланган валюта интервенсияларини амалга ошириш таклифи ««Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-582-сон Қонунининг 36-моддасига киритилган қўшимчаларни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2024-йил 23- январдаги 4-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида валюта курсининг ички ва ташқи шоклар таъсирига мослашувчанлигини ошириш ҳамда расмий валюта захирасининг дахлсизлигини таъминлаш имкони яратилган;
Марказий банк ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан молиявий тизим барқарорлигини таъминлаш ҳамда иқтисодиётдаги ликвидлиликнинг инфлацион босимга таъсирини меъёрлаштириш мақсадида мувофиқлаштирилган монетар-фискал сиёсат юритиш таклифи ««Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-582-сон Қонунининг 51-моддасига киритилган қўшимчаларни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2024-йил 23-январдаги 4-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши иқтисодиётдаги умумий ликвидлилик мувозанатини таъминлаш ва тартибга солиш самарадорлигини ошириш имконини берган;
Ўзбекистонда монетар сиёсат трансмиссион механизмининг фоиз, кредит ва валюта курси каналларини структурали векторли авторегрессия (СВАР) моделига киритиш асосида инфлациянинг 2030-йилга қадар қилинган прогноз кўрсаткичлари «Туронбанк» АТБ томонидан амалиётга жорий этилган («Туронбанк» АТБнинг 2024-йил 18-мартдаги 12/06-28-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши «Туронбанк» АТБга фоиз, кредит, валюта сиёсати бўйича қарорларини шакллантириш ҳамда ўрта муддатли устувор йўналишларига тузатишлар киритиш ва такомиллаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish