Sayt test rejimida ishlamoqda

Утегенова Сохиба Комиловнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «ОИВ инфекцияли беморларда нейрокогнитив бузилишларнинг клиник-патогенетик хусусиятлари», 14.00.10 – Юқумли касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/Tib639.
Илмий раҳбар: Байжанов Аллаберган Кадирович, тиббиёт фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами:  Тошкент тиббиёт академияси, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.30.01.
Расмий оппонентлар: Ибадова Гулнара Алиевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Худайкулова Гулнара Каримовна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қозон давлат тиббиёт университети ( Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ОИВ инфекцияли беморларда нейрокогнитив бузилишлар кечишининг клиник-патогенетик хусусиятларини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ОИВ инфекцияли беморларда когнитив функциялар – диққатни жамлаш, диққат барқарорлиги, узоқ муддатли хотира ва маълумотларга ишлов беришнинг сезиларли даражада пасайиши аниқланган;
ОИВ инфекцияли беморларда когнитив бузилишлар даражаси билан IL-2 ишлаб чиқаришнинг камайиши ва IL-10 ишлаб чиқаришнинг ортиши ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланган;
ОИВ инфекцияли беморларда мРНК-29а нинг ортиши нейрокогнитив бузилишларни эрта аниқлашда юқори диагностик аҳамиятга эга эканлиги исботланган;
ОИВ инфекцияли беморларда мРНК-134 ва мРНК-3665 нинг ортиши ОИВ деменциясига ўтиш хавфини прогноз қилишда асосий мезон эканлиги  исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Эксперт кенгашининг 2024 йил 14 февралдаги 1н-з/32-сонли хулосасига кўра:
биринчи илмий янгилик: илмий янгиликнинг моҳияти: ОИВ инфекцияли беморларда когнитив функциялар – диққатни жамлаш, диққат барқарорлиги, узоқ муддатли хотира ва маълумотларга ишлов беришнинг сезиларли даражада пасайиши аниқланган; илмий янгиликнинг аҳамияти: илк бор ОИВ инфекцияли беморларда диққатни жамлаш, диққат барқарорлиги, узоқ муддатли хотира ва маълумотларга ишлов бериш функцияларининг пасайиши аниқланган. Деменцияси бўлган ОИВ инфекцияли беморларда деменциясиз беморларга кўра 83,8% беморда диққатни жамлашнинг камайиши ва 74,2% беморда диққат барқарорлигининг пасайиши кузатилди. Узоқ муддатли хотиранинг пасайиши ОИВ деменцияли  70,9% ва деменциясиз 18,9% беморда кузатилди. Маълумотларга ишлов бериш тезлигининг пасайиши ОИВ деменциясиз беморларга қараганда деменцияли 70,9% беморда қайд этилди, ОИВ деменцияси бўлмаган гуруҳда ушбу кўрсаткич 29,7% ни ташкил этди. Бу ҳолат беморларнинг кундалик юмушларни бажаришига салбий таъсир кўрсатади, кўп ҳолларда ишини йўқотишга сабаб бўлади ва яшаш сифатини ёмонлаштиради. Бу ҳолатни эрта аниқлаш беморда ўз вақтида профилактика ўтказилишига ва касаллик асоратларининг олдини олишга имкон беради; илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: тадқиқот натижалари ОИВ инфекцияли беморларда нейрокогнитив бузилишлар (НКБ)ни эрта ташхислашни ўрганишга қаратилган бўлиб, тадқиқот Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг ихтисослаштирилган юқумли касалликлар клиникаси ва Самарқанд вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида амалга оширилди; илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: нейрокогнитив бузилишлар марказий асаб тизими дисфункциясининг кенг тарқалган (30-60%) ва яшаш сифатини ёмонлаштирган ҳолда баъзан ногиронлик ва ўлимга сабаб бўладиган ўзгаришлардан биридир. Шу муносабат билан барча ОИВ инфекцияли беморларда НКБни эрта аниқлаш ОИВ инфекцияли беморларда ОИВ деменцияси ривожланиш хавфини камайтиришга имкон яратган; илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: ОИВ инфекцияли беморларни НКБга текширишнинг иқтисодий харажатлари, асаб тизими фаолиятининг издан чиқиши (хотиранинг пасайиши, деменция) касалликларини даволашдан келиб чиқадиган иқтисодий йўқотишларни сезиларли даражада камайтиради: бир беморга бир марта даволанишга 3 340 000 сўм сарфланади, когнитив ўзгаришларни аниқлаш учун сўровнома асосида скрининг ўтказиш маблағ талаб қилмайди; хулоса: ОИВ инфекцияли беморларда НКБни эрта ташхислаш, даволаш ва профилактика чораларини тадбиқ этиш бўйича услубий тавсиянома ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 01.11.2021 йилдаги 8н-р/1000-сонли хулосаси). Натижалар беморлардаги касалликнинг дастлабки босқичида аниқлаш ва ўз вақтида ёрдам кўрсатишга имкон беради;
иккинчи илмий янгилик: илмий янгиликнинг моҳияти: ОИВ инфекцияли беморларда нейрокогнитив бузилишларнинг белгиларсиз ва енгил шаклларини ташхислашда МоCА шкаласидан фойдаланишнинг юқори даражада самарадорлиги асосланган; илмий янгиликнинг аҳамияти: НКБ марказий асаб тизимининг кенг тарқалган (30-60%) ўзгаришларидан биридир. Лаборатория ва инструментал текширувларда когнитив ўзгаришларнинг белгиларсиз ва енгил кечиши аниқланмайди. Лекин, бемор кундалик юмушларни бажара олмай қолади. Монреал когнитив шкала – МоCА асимптоматик ва енгил шаклдаги когнитив бузилишларни аниқлаш учун 80,6% сезгирликка эга бўлиб, энг самарали ҳисобланади. Когнитив бузилишлар аниқланган ОИВ инфекцияли беморларни эрта аниқлаш ва даволаш касалликнинг прогнозини яхшилайди; илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг Клиникаси ва Самарқанд вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида даволанаётган ОИВ инфекцияли беморларда когнитик ўзгаришлар МоCА шкаласи бўйича аниқланган; илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: тадқиқотларимиз натижалари шуни кўрсатадики, 206 нафар ОИВ инфекцияли беморларнинг 35,9% да асимптоматик ва енгил когнитив ўзгаришлар аниқланди. Буни ўз вақтида ташхислаш аксарият ҳолларда қисқа муддатда ривожланадиган ва одатда бемор ўлимига сабаб бўладиган оғир асорат – ОИВ деменцисининг олдини олишга имкон беради; илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: ОИВ инфекцияли беморларда НКБнинг белгиларсиз ва енгил кечган даврида МоCА шкаласи ёрдамида скрининг орқали эрта аниқлаш ва уларни даволаш НКБнинг асорати ҳисобланган ОИВ деменциясини даволашдан келиб чиқадиган иқтисодий харажатларни анча камайтиради. Енгил шаклдаги когнитив бузилишларни даволаш учун ҳар бир беморга йилига 1 800 000 сўм сарф қилинса, деменция аниқланган беморни даволаш қиймати йилига 10 020 000 сўмни ташкил этади; хулоса: мавжуд маълумотларга кўра, ОИВ инфекцияли беморларда когнитив бузилишларнинг оғир асорати – ОИВ деменцияси 2% ни ташкил этиб, асосан ўлим билан якунланади. НКБни эрта аниқлашни йўлга қўйиш орқали касалликнинг оғир асоратлари ривожланишини олдини олиш мумкин. «ОИВ инфекцияси бўлган беморларда нейрокогнитив касалликларнинг ривожланишини ташхислаш алгоритми» ишлаб чиқилган ва амалиётга тадбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 29.11.2021 йилдаги 8н-з/500-сонли хулосаси);
учинчи илмий янгилик: илмий янгиликнинг моҳияти: ОИВ инфекцияли беморларда когнитив бузилишлар даражаси билан ИЛ-2 ишлаб чиқаришнинг камайиши ва ИЛ-10 ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланган; илмий янгиликнинг аҳамияти: ИЛ-2 ва ИЛ-10 кўрсаткичларини аниқлаш усули осон ва кўп маблағ талаб қилинмайдиган усул бўлиб, иммунологик текширув имкони мавжуд бўлган барча даволаш-профилактика муассасаларида амалиётда тадбиқ қилиш мумкин. ОИВ инфекцияли беморлар ҳар 6 ойда амбулатор кўрикдан ўтганда скрининг тест-шкалалар билан бирга ушбу таҳлилларни ўтказиш беморларда когнитив ўзгаришларни эрта аниқлаш имконини беради ва даволаш чораларини ўз вақтида ўтказишни таъминлайди; илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: НКБнинг оғир даражаси – ОИВ деменциясида ИЛ-2 кўрсаткичи 8,3 пг/мл гача тушса, ИЛ-10 кўрсаткичи 57,2 пг/мл гача ошади. ИЛ-2 ва ИЛ-10 кўрсаткичларини аниқлаш жараёни Республика ОИТСга қарши кураш маркази Клиникаси ва Самарқанд вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида ОИВ инфекцияли беморларни нейрокогнитив бузилишларга скрининг қилиш амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 29 ноябрдаги №8н-з/500-сонли маълумотномаси); илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: антиретровирус терапия (АРТ) самарасизлиги сабабларидан бири когнитив ўзгаришлар боис дори воситаларини ичишга содиқликнинг билмаслигидир, бу ўз навбатида ОИВ инфекцияли беморлар орасида деменциянинг (2%) кўпайишига сабаб бўлади. ИЛ-2 ва ИЛ-10 кўрсаткичлари асосида когнитив бузилишлар мавжудлигини аниқлаш ва олдини олиш ўлим кўрсаткичини нисбатан камайтиради; илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: НКБнинг профилактикаси мақсадида бир бемор учун 900 000 сўм сарфланса, унинг охирги босқичи – ОИВ деменциясини даволаш учун 3 340 000 сўм сарфланади; хулоса: ОИВ инфекцияли беморларда когнитив бузилишларни ташхислаш учун ИЛ-2 ва ИЛ-10 кўрсаткичларини аниқлаш самарали усуллардан бўлиб, амалиётга тадбиқ қилинган. Электрон ҳисоблаш машиналари учун «Интерлейкин 2 ва 10 – ОИВ инфекциясида нейрокогнитив бузилишлар маркерлари» дастурий мажмуаси яратилган ва Ўзбекистон Республикасининг Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида 02.10.2021 йил рўйхатдан ўтказилган (Гувоҳнома № DGU 12533).
тўртинчи илмий янгилик: илмий янгиликнинг моҳияти: мРНК-29а нинг ошиши нейрокогнитив бузилишларни эрта аниқлашда, мРНК-134 ва мРНК-3665 нинг ошиши эса белгиларсиз ва енгил шаклларини ОИВ деменциясига ўтиш хавфини башорат қилишда юқори диагностик аҳамиятга эга эканлиги исботланган; илмий янгиликнинг аҳамияти: ОИВ деменцияли беморларда мРНК-29а кўрсаткичи 3,85±1,27 2-∆∆Ct ни ташкил қилиб, НКБ аниқланган деменциясиз беморларга нисбатан 4,7 баравар ва НКБ аниқланмаган беморларга нисбатан эса 6,1 баравар юқори қийматда аниқланди. мРНК134 ва мРНК-3665 кўрсаткичлари мос равишда (1,2 баробар) ва (1,3 баробар) ҳамда (12,2 баробар) ва (2,3 баробар) юқори қийматни ташкил қилди. ОИВ инфекцияли беморларда ушбу мРНКлар экспрессиясининг ўзгариши НКБни эрта аниқлаш ва оғир асоратлар ривожланиш хавфини кўрсатувчи асосий патогенетик омиллардан бўлиб, улардан мазкур патологияларни аниқлашда ташхисий ва прогностик биомаркерлар сифатида фойдаланиш мумкин; илмий янгиликнинг амалиётга жорий қилиниши: мРНК-29а, мРНК-134 ва мРНК-3665 кўрсаткичларини аниқлаш усули Республика ОИТСга қарши курашиш маркази Клиникаси ва Самарқанд вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида ОИВ инфекцияли беморларда нейрокогнитив бузилишларни аниқлаш ва асимптоматик ҳамда енгил шаклларини ОИВ деменциясига ўтииш хавфини башорат қилиш мақсадида амалиётга жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 29 ноябрдаги №8н-з/500-сонли маълумотномаси); илмий янгиликнинг ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: ОИВ инфекцияли беморларда НКБнинг энг асосий кўринишларидан бири – хотиранинг пасайиши бўлиб, аксарият ҳолларда беморларнинг антиретровирус дори воситаларини доимий ичиш тартиби бузилади ва организмда иммунотанқислик ҳолати кучаяди. мРНК-29а, мРНК-134 ва мРНК-3665 қийматларини аниқлаш орқали НКБни ўз вақтида аниқлаш ва унинг кейинги асоратлари ривожланишининг олдини олиш имкони яратилади, бу эса ОИВ инфекцияли беморларнинг антиретровирус дорилар ичиш тартибига риоя қилишини яхшилайди ва АРТнинг самарадорлигини оширади. Пировард натижада булар беморлар яшаш сифатини яхшилайди; илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: когнитив ўзгаришларнинг оғир кечишини башорат қилиш орқали сарф-харажатлар тежаб қолинади. Деменция ташхисланган беморни бир марта даволаниши учун 3 340 000 сўм сарфланса, НКБни мРНК-29а орқали эрта аниқлаш ва мРНК-134 ҳамда мРНК-3665 орқали белгиларсиз ва енгил шаклларини ОИВ деменциясига ўтиш хавфини аниқлаш учун 345 000 сўм сарф қилинади; хулоса: Электрон ҳисоблаш машиналари учун «МикроРНК134 ва 3665 ни аниқлаш орқали ОИВ-деменцияни башоратлаш» дастурий мажмуаси яратилган ва Ўзбекистон Республикасининг Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида 02.10.2021 йил рўйхатдан ўтказилган (Гувоҳнома № DGU 12534).

Yangiliklarga obuna bo‘lish