Валиев Туйчи Қоржововичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тили йўлсозлик терминларининг структур-семантик хусусиятлари ва лексикографик талқини”, 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Fil15.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017. Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Элтазаров Жулибой Данабоевич, филология фанлари доктори; Кўчимов Шухрат Норқизилович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади: ўзбек тили терминосистемасидаги йўлсозлик терминларининг структур, семантик, деривацион, лексикографик хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидаги йўлсозликка оид терминлар алоҳида ички гуруҳларга ажратилган, ҳар бир мавзуий гуруҳнинг ўз ўрнида кичик луғавий-маъновий гуруҳларга бўлиниб кетиши асосланган;
ўзбек тили йўлсозлик терминологияси тизимидаги терминларнинг бевосита ёки билвосита «йўлга хос» яхлитловчи сема асосида бирлашуви, бу семанинг термин семантик структурасидаги мустаҳкам ўрни аниқланган;
йўлсозлик терминларининг содда, қўшма, жуфт, бирикма, қисқартма терминлар, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти узвли бирикма терминлар каби формал-структур белгилари аниқланиб, улар лексема, фразема, эркин бирикмалар, лексема-терминлар ва бирикма-терминлар тарзида ифодаланиши очиб берилган;
ўзбек тили йўлсозлик терминологиясида универсалия, полисемия, полифункционаллик, метафорик ва вазифадошлик асосида қўлланилишининг юзага келиш сабаблари аниқланган ҳамда баъзи полифункционал терминларнинг маънолари орасидаги алоқа сусайиши билан уларнинг омонимликка интилаётганлиги далилланган;
«Ўзбек тили йўлсозлик терминларининг изоҳли луғати»даги лексема, сўзшакл ва бирикма терминларнинг ўрин олиши, улар маънолари асосида бир лексема-терминга тенглаштирилган ҳолда изоҳланиши, луғат мақоласининг изоҳ қисми «хусусийлик - умумийлик», «жинс – тур» тамойиллари асосида ёритилиши лозимлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Диссертациянинг ўзбек тили йўлсозлик терминлари шаклланиши ва ҳосил бўлишининг формал-структурал белгилари, мавзуий гуруҳлари ва қўлланилиш хусусиятларига доир хулосаларидан:
йўлсозлик терминларининг лингвистик хусусиятларини ёритиш борасидаги илмий натижалардан ФА-Ф1-Г041 рақамли «Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш» фундаментал лойиҳасида йўл, йўлсоз, тош, пой, роҳ, раҳа, чоркўча, чорсу, нов, кўча, йўл ишчиси, йўл мутахассиси, табиий тош, майдаланган тош, шағал, чақиқ тош, оҳактош, шағал аралашмаси, қум, шлак, асфальт-бетон, йўл тўшамаси, йўл асоси, йўл қопламаси, қатнов қисми, йўл чети, қирғоқ, йўл қопламаси, чим, қум, айвон, аркли кўприк, гилтупроқ, оҳак кукуни, ён ариқ(ча), тупроқ йўл (дала йўл,) тўсин йўл, бурғилаш, шиббалаш, пардадевор, қозиқоёқ, шлак-тупроқли, ўркачсимон, ўнқир-чўнқир, қопламанинг нураши, айвон, галерея (айвонсимон йўл), бошмоқ, тўшама, нов, охур, тегана, чуқур, ботиқ, тоштахта, тебратиш терминларини изоҳлашда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 9 октябрдаги ФТА-02-11/821-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек тили йўлсозлик терминларининг маъноларини янада аниқлаштириш, уларни таърифлаш ва таснифлаш асосларини ишлаб чиқиш системаси такомиллаштирилган;
ўзбек тили йўлсозлик терминологиясига оид натижалардан ОТ-Ф8-002 рақамли «Ҳозирги замон цивилизациясининг инсон ижтимоий қиёфасига таъсири» фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 23 апрелдаги 89-03-1554-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини қўллаш ўзбек тили йўлсозлик терминларини тартибга солишга қулайлик яратган;
йўлсозлик терминларига оид хулосаларидан республикамизда йўл-транспорт коммуникацияси соҳасини халқаро андазалар талаблари даражасида ривожлантиришда фойдаланилган («Йўл – Лойиҳа Бюроси» масъулияти чекланган жамиятининг 2017 йил 18 майдаги 606/15-сон, Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2017 йил 16 октябрдаги 13-3191-сон маълумотномалари). Натижада тилимизда йўлсозлик терминларининг расмий иш юритишда, илмий-техник лойиҳалар ва ҳужжатлар тузишда қўлланишини такомиллаштиришга олиб келган.
ўзбек тилининг йўлсозлик соҳасидаги терминлар тизимини структур, семантик, деривацион, лексикографик аспектда тадқиқ этиш натижасида «Ўзбек тили йўлсозлик терминларининг изоҳли луғати»” (ISBN 978-9943-18-231-8) тузилган. Илмий натижалар асосида луғавий бирликларнинг маънолари бойиган, изоҳлари мукаммаллашган.