Sayt test rejimida ishlamoqda

Ходжаева Зулфия Шухратовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Эгилувчи темирбетон элементининг табиий иқлим шароитида бетоннинг чизиқсиз деформациясини ҳисобга олган ҳолдаги термозўриқиши», 05.09.01–Қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлар (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Т146.

Илмий раҳбар: Ходжаев Аббас Агзамович, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш институти, DSc.27.06.2017.Т.11.01.

Расмий оппонентлар: Раззоқов Собиржон Жўраевич, техника фанлари доктори, доцент; Шаумаров Немат Бахрамович, техника фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: табиий иқлим шароитининг мураккаб омиллари таъсирида темирбетоннинг чизиқсиз термозўриқиш ҳолатини ҳисобга олган ҳолда конструкцияларнинг ҳисоблаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

табиий иқлим шароитида ўзгарувчан ҳарорат таъсир этиши натижасида темирбетон элементининг кесими юзаси бўйлаб ҳарорат ва деформациянинг ўзига хос ўзгариши ва характери ишлаб чиқилган тажриба-синов услуби ёрдамида аниқланган ва ҳарорат майдони нотекис тақсимланиш диаграммаси ишлаб чиқилган;

темирбетон элементининг кесим юзаси бўйича ҳароратнинг нотекис тақсимланиши оқибатида бетондаги деструктив жараёнларнинг келиб чиқиши ўзгарувчан ташқи ҳарорат майдони билан конструкциянинг ички ҳарорати ўртасидаги кескин тафовут натижасида юзага келиш сабаблари очиб берилган;

темирбетон элементининг кесим юзасида ҳосил бўладиган ҳарорат, деформация, кучланишларнинг қуриқ-иссиқ иқлим шароитига хос бўлган эгри чизиқли эпюралари ишлаб чиқилган ҳамда бетоннинг физик-механик хоссалари, жумладан мустаҳкамлик ва деформацияланиш кўрсаткичлари ҳарорат ва намликни нотекис тақимланиши натижасида ўзгариб бориши аниқланган;

темирбетон элементининг кучланиш-деформацияланиш ҳолатини реал баҳолашнинг меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган муҳандислик ҳисоблаш усули табиий мураккаб иқлим шароити таъсирларининг суткали, мавсумий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган;

лойиҳалаш жараёнида табиий иқлим шароитининг темирбетон конструкцияларига таъсирини ўрганишда ишлаб чиқилган автоматлаштирилган ҳисоблаш усули, уларнинг реал нотекис термозўриқиш ҳолатини ҳисобга олиш имконини берган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Эгилувчи темирбетон элементининг табиий иқлим шароитида бетоннинг чизиқсиз деформациясини ҳисобга олган ҳолдаги термозўриқиши бўйича олинган натижалар асосида:

термокучланган конструкцияларни ҳисоблаш усули “Фарғона шаҳридаги 20000 ўринга мўлжалланган стадион” қурилишида темирбетон конструкцияларини ҳисоблашда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2017 йил 25 декабрдаги
13385/02-13-сон маълумотномаси). Таклиф қилинган усулни қўллаш натижасида конструкциянинг капитал таъмирлаш вақтини 20% га узайтириш имконини берган;

мураккаб иқлим шароитда темирбетон конструкцияларнинг термозўриқиш ҳолатини автоматлаштирилган ҳисоблаш усули М-34 «Тошкент-Душанбе» автомобиль йўлининг, 117 километридаги йўлўтказгич конструкциясини ҳисоблашда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги 02-282-сон маълумотномаси). Натижада қуруқ-иссиқ иқлим шароитида эксплуатация қилинаётган конструкцияларнинг реал хизмат қилиш муддатини 20% га ошириш имкони яратилган;

темирбетон конструкцияларнинг термозўриқиш ҳолатини ҳисоблаш бўйича меъёрий кўрсатма “Quvur-mexanika zavodi”нинг темирбетон конструкцияларини ҳисоблашда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2017 йил 25 декабрдаги
13385/02-13-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланиши темирбетон конструкцияларнинг табиий иқлим шароитларида реал нотекис термозўриқиш ҳолатини бахолаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish