Sayt test rejimida ishlamoqda

Джайков Гафур Муратбаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Обектларнинг ички тузилмасини махсус эгри чизиқлар оиласида шовқинли маълумотлар бўйича тиклаш модел ва алгоритмлари”, 05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.DSc/Т712.
Илмий маслаҳатчи: Утеулиев Ниетбай Утеулиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.13/30.12.2019.Т.07.01
Расмий оппонентлар: Бегматов Акрам Ҳасанович, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ҳаётов Абдулло Раҳмонович, физика-математика фанлари доктори, профессор, Джуманов Жамолжон Худайқулович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий- тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: синиқ чизиқлар, кесмалар, параболалар, ярим айланалар, айланалар оилалари доирасида шовқинланган интеграл маълумотлардан фойдаланиб обектларнинг ички тузилмаларини тиклаш моделлари, усуллари ва алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
манбадан обектга келиб тушган ва қайтган нурлар бўйича обект ички тузилишини тасвир кўринишида тиклаш усули асосида синиқ чизиқлар оиласида интеграл геометрия масаласининг математик модели такомиллаштирилган ва Тихонов регуляризацияси асосида турғун алгоритми ишлаб чиқилган;
вазн функцияси параболик кўринишда бўлган кесмалар оиласида интеграл геометрия масаласининг Фуре ва Лаплас алмаштиришларини қўллашга асосланган қайта тиклаш формуласи олинган ва Тихонов регуляризацияси асосида турғун алгоритми ишлаб чиқилган;
юқори частотали шовқин даражасини пасайтириш учун турғун кўпайтувчини қуриш асосида ярим айланалар оиласида интеграл геометрия масаласининг математик модели такомиллаштирилган ва обектларнинг ички тузилишини тиклашнинг турғун алгоритми ишлаб чиқилган;
интеграл маълумотларда шовқинни пасайтириш учун қурилган Тихонов регуляризацияси асосида параболалар оиласида интеграл геометрия масаласининг математик модели такомиллаштирилган ва интеграл характеристикалари бўйича функцияларни тиклашнинг турғун алгоритми ишлаб чиқилган;
биринчи ўзгарувчи бўйича Фуре тескари дискрет алмаштиришини қўллаш асосида айланалар оиласида интеграл геометрия масаласининг математик модели такомиллаштирилган ва турғун кўпайтувчи асосида тақрибий ечимлар кетма-кетлигини қуриш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Интеграл маълумотлар асосида обект ички тузилмасини тасвир кўринишида тиклаш усуллари ва дастурий мажмуалари бўйича олинган илмий натижалар:
манбадан обектга келиб тушган ва қайтган нурлар бўйича обект ички тузилишини тасвир кўринишида тиклаш усули асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон бўлими амалий фаолиятига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023-йил 29-сентябрдаги 01/7956-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижаларига кўра, Тихонов регуляризацияси асосида қурилган алгоритмни амалга ошириш обект кесимларида зичлик тақсимотини қайта тиклашнинг аниқлигини 9% оширишга олиб келиш имконини берган;
вазн функцияси параболик кўринишда бўлган кесмалар оиласида интеграл геометрия масаласининг қайта тиклаш формуласи асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани шифохонасига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023-йил 29-сентябрдаги 01/7956-сонли маълумотномаси). Натижада Рентген аппаратидан олинган сонли тажриба асосида ишлаб чиқилган тиклаш формуласи интеграл маълумотлардан фойдаланиб тасвир шаклида тиклашнинг юқори аниқлигига эришиш имконини берган;
экспоненциал вазн функцияси билан берилган интеграл геометрия масаласининг обект ички тузилишини зичлик бўйича тиклаш алгоритми асосида ишлаб чиқилган дастурий мажмуа Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар шифохонасида жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023-йил 29-сентябрдаги 01/7956-сонли маълумотномаси). Натижада ишлаб чиқилган алгоритмни амалга ошириш зичлик бўйича обект ички тузилмасини тасвир кўринишида тиклаш аниқлигини 5% га ошириш ва натижаларнинг сифатини яхшилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish