Sayt test rejimida ishlamoqda

Файзуллаев Нурулла Бахромовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ностандарт бандлик имкониятларидан самарали фойдаланиш», 08.00.15–Тадбиркорлик ва кичик бизнес иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Iqt240.

Илмий раҳбар: Салаев Санъатбек Комилович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.I.15.01.

Расмий оппонентлар: Ғуломов Саидахрор Саидаҳмедович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, академик; Маҳкамова Мамлакат Абдуқодировна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ностандарт бандлик имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тадбиркорлик субъектларининг молиявий ва солиқ ҳисоботларида ностандарт бандликка оид маълумотларни мажбурий реквизит сифатида тўлиқ акс эттириш, ностандарт бандлар сонини аниқлаш юзасидан услубий ёндашув асосланган;

тадбиркорлик субъектларида ностандарт бандлик шаклларидан фойдаланиш самарадорлигининг турли жиҳатларини тавсифловчи хусусий коэффициентларни ягона интеграл кўрсаткич орқали баҳолаш тартиби ишлаб чиқилган;

Хоразм вилоятида ностандарт бандликнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишига таъсирини баҳолаш усули ҳудудлар иқтисодий даражаси бўйича табақалашган гуруҳларга тизимлаштириш асосида такомиллаштирилган;

Хоразм вилоятидаги кичик бизнес корхоналарининг касаначиликни ташкил этиш асосидаги фаолиятининг 2021 йилга қадар прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ностандарт бандлик имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

хорижий мамлакатлардаги ностандарт бандлик асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг илғор тажрибаларини қиёсий таҳлил қилган ҳолда миллий иқтисодиётда соҳани устувор ривожлантириш ҳамда ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан услубий низомларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 11 майдаги 01/1-12-17/2-139-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида республика ҳудудларида ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида ностандарт бандлик шаклларининг ривожланиш ҳолатига баҳо бериш ва шу туфайли банд аҳоли сонини янада юқори аниқликда ҳисоблаш имконияти яратилган;

ностандарт бандлик шаклларидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятида фойдаланиш самарадорлигини баҳоловчи статистик кўрсаткичлар (касаначилар меҳнатининг сифат коэффициенти, касаначилар меҳнатининг механизациялашганлик коэффициенти, касаначилар иш ҳақининг меҳнат унумдорлигини рағбатлантиришдаги иштирокини ифодаловчи коэффициент, касаначилик иш ҳақи билан энг кам иш ҳақи ўртасидаги мутаносиблик (ёки номутаносиблик)ни ифодаловчи коэффициент, касаначилар меҳнатининг рентабеллик коэффициенти, касаначилик иш ўрни яратишдаги маржинал харажатлар коэффициенти, касаначиларнинг қўнимсизлик коэффициенти, касаначилик меҳнатига жалб қилишнинг мавсумийлик коэффициенти) тизимини ишлаб чиқиш бўйича берилган таклиф ва тавсиялари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан услубий низомларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 11 майдаги 01/1-12-17/2-139-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф ва тавсияларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида республикамиз иқтисодиёт тармоқлари кесимида ностандарт бандлик шакли сифатида касаначилик меҳнатидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятида фойдаланиш самарадорлигини баҳоловчи интеграл кўрсаткич асосида уларнинг ностандарт иш ўринларини яратиш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича имкониятлари баҳоланган;

иқтисодиётда ностандарт бандлик асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиш ҳолатини баҳолаш ҳамда Хоразм вилояти туман ва шаҳарларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланганлик даражаси бўйича табақалашган гуруҳларга тизимлаштириш борасидаги таклифидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 4 майдаги 13-сон Қарори билан тасдиқланган «Меҳнат ресурслари ҳисобот балансини ҳисоблаш бўйича услубий Низом»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 11 майдаги 01/1-12-17/2-139-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий қилиниши ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқилишида уларнинг соҳа ривожланганлик даражасидан келиб чиқиб, ҳудудлараро номутаносибликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш имконини берган;

ностандарт бандликка асосланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кооперацион алоқаларининг мақсадга мувофиқлигини моделлаштириш борасидаги илмий таклифи Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан прогноз жараёнларининг услубий асосларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2018 йил 11 майдаги 01/1-12-17/2-139-сон маълумотномаси). Мазкур таклифдан амалиётда фойдаланиш келгусида яратиладиган ностандарт иш ўринлари сони ва уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига таъсири, улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот (иш, хизмат) ҳажми, касаначилик иш ўринларини яратганлик учун корхона ҳисобида тежаладиган маблағлар миқдори хусусида прогнозлар ишлаб чиқиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish