Sayt test rejimida ishlamoqda

Хусанов Элдор Сафариддиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Таркибида карбамид сақлаган физиологик фаол моддалар ва хлоратлар асосида дефолиантлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/T3823.
Илмий раҳбар: Шукуров Жамшид Султонович, техника фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/05.05.2023.К/Т.35.02.
Расмий оппонентлар: Намазов Шафоат Сатторович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Тураев Қахрамон Абдижалилович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: таркибида карбамид ва этилен сақлаган физиологик фаол моддалар синтези ҳамда улар асосида хлоратли янги дефолиантлар олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор таркибида сув, магний хлорат, сирка кислота, фосфат карбамид, ацетат карбамид, моно, ди ва триэтаноламинлар, ацетат триэтаноламмоний, ацетат карбамидомоноэтаноламмоний, фосфат карбамидомоноэтанол-аммонийлардан иборат  12 та эрувчанлик системалари ва “таркиб-хосса” диаграммалари яратилган;
диаграммаларда ҳосил бўлган янги фазаларнинг кристалланиш майдонлари чегаралари аниқланган, ҳамда CH3COOH∙N(C2H4OH)3, CH3COOH∙NН2C2H4OH, C2H8O3N2∙NH2C2H4OH, CO5H7N2P∙NH2C2H4OH бирикмаларнинг мавжудлиги замонавий физик-кимёвий тахлил усуллари ёрдамида исботланган;
таркибида озуқа элементларидан иборат физиологик фаол перепаратлар [75% CH3COOH∙N(C2H4OH)3 + 25% H2О], [45% CH3COOH∙CO(NH2)2 + 25% NH2C2H4OH + 30% H2O] ва [40% H3PO4∙CO(NH2)2 + 20% NH2C2H4OH + 40% H2O] олишнинг мақбул шароитлари аниқланган;
магний хлорат, карбамид ва физиологик фаол моддаларнинг эритмада физик-кимёвий хоссалари (зичлик, қовушқоқлик, синдириш кўрсаткичи, рН) ўзгариши компонентлар нисбатига боғлиқлик графиги яратилган ва уч турдаги мақбул дефолиант таркиблари, ҳамда олиниш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Магний хлорат, карбамид, сирка кислота, ацетат карбамид, фосфат карбамид ва этаноламинлар асосида, физиологик фаол самарали дефолиантлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
магний хлорат, карбамид, ацетат карбамидомоноэтаноламмоний ва этанол асосида олинган дефолиант Тошкент вилояти фермер хўжаликларида кенг пахта дала майдонларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 2 майдаги 05/05/1984 сон маълумотномаси). Натижада, дефолиант ғўзада қўлланилгандан кейин баргларнинг тўкилиши 89,2%, кўсакларни очилиши 87,2% самарали дефолиациялаш имконини берган;
магний хлорат, фосфат карбамидомоноэтаноламмоний, карбамид ва этанол асосида олинган дефолиант Тошкент вилояти фермер хўжаликларида кенг пахта дала майдонларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 2 майдаги 05/05/1984-сон маълумотномаси). Натижада, ғўзада қўлланилган дефолиантлар, суюқ магний хлорат дефолиантига нисбатан ҳосилни пишиб етилишини тезлаштириб, ҳосилдорликни ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish