Тураев Озод Суннаталиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўзанинг УАК популяцияси асосида тола сифат белгиларини QTL карталаштириш», 03.00.03–Молекуляр биология. Молекуляр генетика. Молекуляр биотехнология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/В100.
Илмий раҳбар: Адилова Азадахан Тешабаевна, биология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Геномика ва биоинформатика маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.53.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мухамедов Рустам Султанович, биология фанлари доктори, профессор, Бобоев Сайфулла Ғафурович, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Биоорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўзанинг УАК (уяли ассоциатив карталаштириш) популяциясини яратиш, тола сифат белгиларининг локусларини молекуляр карталаштириш ва сифатли толага эга генотипларни олишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғўза геноми учун юқори потенциалга эга, кенг генетик сегрегацияланган УАК популяцияси яратилган;
ғўзада толанинг пишиқлиги белгисини назорат қилишда иштирок этувчи NAU2140 ҳамда тола чиқими белгисининг бошқарилишида қатнашувчи BNL1047, BNL4071 ва NAU3325 QTL-локуслари (ДНК маркерлари) генетик карталаштирилган;
УАК популяцияси ота-она шаклларининг филогенетик шажарасини аниқлаш асосида уларнинг ўзаро генетик яқин ёки узоқлиги исботланган;
илк бор УАК популяцияси намуналари ичидан тола пишиқлиги ва узунлиги белгиларига генетик бириккан BNL1604 ДНК маркерли генотиплар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўзанинг УАК популяциясидан фойдаланиб тола сифат белгиларини QTL карталаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
ғўзанинг УАК популяциясидан ВА-ФА-Ф-5-020 рақамли “Ғўза ва буғдой УАК-популяцияларида QTL локусларини генетик карталаштириш ва уларнинг ўзгарувчанлик қонуниятларини аниқлаш” мавзусидаги фундаментал лойиҳасида ғўзанинг қурғоқчилик ва шўрга чидамлилик хусусиятларини фенотипик ва молекуляр жиҳатдан тавсифлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 15 мартдаги 4/1255-665-сон маълумотномаси). Натижада, юқори сегрегацияга эга карталаштириш популяциясида қурғоқчилик ва шўрга чидамлиликни кенг кўламда баҳолаш имконини берган;
УАК популяциясидан Ф5-Т030 рақамли “Инновацион биотехнологияларни ривожлантириш учун устувор қишлоқ хўжалиги экинларининг геномларини тадқиқ қилиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳасида ғўзанинг тола сифат белгиларини молекуляр карталаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 15 апрелдаги 4/1255-888-сон маълумотномаси). Натижада, ғўзада тола чиқими ва пишиқлиги белгиларини бошқаришда иштирок этувчи QTL локусларини аниқлаш имконини берган;
«Тафаккур» ғўза нави ва УАК популяцияси намуналари республикада етакчи бўлган «Геном технологиялари асосида яратилган ноёб ғўза ва бошқа экинлар генофонди» ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 2 апрелдаги 4/1255-819-сон маълумотномаси). Намуналар ғўза гермоплазмаси коллекциясини бойитган ва МАС технологияси орқали ғўзада тола сифати, вилт ва ҳашоратларга чидамлилик белгиларини пирамидалаш асосида янги линиялар олиш имконини берган.