Sayt test rejimida ishlamoqda

Тухтасинова Маҳлиёхон Шавкатжон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Л.З.Будаговнинг “Турк-татар тилларининг қиёсий луғати”да эски ўзбекча қатламнинг изоҳланиш принциплари”, 10.00.11 – Тил назарияси. Амалий ва компютер лингвистикаси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.PhD/Fil2028.
Илмий раҳбар: Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01 (бир марталик илмий кенгаш).
Расмий оппонентлар: Ўразбоев Абдулла Дурдибоевич, филология фанлари доктори; Хусанов Нишонбой Абдусаттарович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбек тили, адабиёти ва фоклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Л.Будагов томонидан тузилган “Турк-татар тилларининг қиёсий луғати”нинг ўзбек луғатшунослиги тарихи ва такомилидаги ўрни ҳамда луғат тузилиши ва унда акс этган эски ўзбек(чиғатой)ча сўзларни статистик, лексик-семантик ва мавзуий гуруҳлар нуқтайи назардан баҳолаш, луғатдаги эски ўзбекча сўзларнинг изоҳланиш принципларини аниқлаш ҳамда луғатда изоҳланган эски ўзбекча (чиғатойча) сўзларнинг қариндош туркий тилларда воқеланишини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Турк-татар тилларининг қиёсий луғати” асосида манбаларнинг ўзбек луғатшунослиги тараққиётидаги ўрни ҳамда изоҳланган эски ўзбекча сўзлар ХИХ аср охири – ХХ аср бошларидаги ўз қатламнинг бойлиги, маъно доирасининг кенглигини белгилашда қимматли материал эканлиги аниқланиб, ўзбек тилшунослиги, луғатшунослиги, манбашунослиги тараққиёти, айниқса, эски ўзбек адабий тили манбаларида қўлланилган лексик бирликлар маъносини изоҳлашда муҳим аҳамиятга молик эканлиги аниқланган;
ўзбек луғатшунослиги тарихида яратилган мумтоз луғатларга қиёслаш орқали  Л.Будагов луғатининг ўзига хос лексикографик хусусиятлари очиб берилиб, туркий тиллар, чунончи, ўзбек тили тарихи, лексикологияси ва лексикографияси, шунингдек, этимологияси масалаларига оид назарий қарашларни маълум даражада тўлдириши асосланган ҳамда луғатда мавжуд эски ўзбекча сўзларнинг мавзуий гуруҳлари аниқланган;
“Турк-татар тилларининг қиёсий луғати” яратилган бошқа луғатлардан фарқли ўлароқ кўп тиллилиги, сўз маъноларининг энциклопедик изоҳланишида муайян қардош туркий тилда ёзилган бадиий ижод намуналаридан ашёвий материаллар келтириши, муқобиллар ва синонимлар ёрдамида изоҳланиши асосланган;
луғатдаги эски ўзбек(чиғатой)ча сўзларнинг қўлланиши, улар таркибида юз берган фонетик ўзгаришлар, қардош халқлар тиллари, адабиёти, маданияти аро муштарак ҳамда ўзига хос жиҳатларни илмий далиллар орқали аниқланган, ўзбек тили луғат бойлигининг тарихий тараққиёти асосланиб, луғат матнининг эски ўзбек ва лотин ёзувидаги электрон вариантлари тайёрланган ҳамда эски ўзбекча сўзларнинг транскрипсияси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Л.Будаговнинг “Турк-татар тилларининг қиёсий луғати”да эски ўзбекча қатламнинг изоҳланиш принциплари тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
луғатшунослик анъаналари, луғат мақолати, сўзликнинг берилиш усуллари, тарихий манбалар лексикаси, этимологияси каби ўзбек лексикографияси билан боғлиқ бўлган илмий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2019-2022-йилларда бажарилган А-ОТ-2019-10 рақамли “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги  амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 9-сентябрдаги 01/10-1899-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асослари ўзбек лексикографиясига оид терминлар билан бойитилган, келтирилган изоҳлар мукаммаллашган;
луғатшуносликка оид луғат структураси, сўзлик, эквивалентлик, лексика, таржима луғатлар сингари тушунчаларга оид илмий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган Ф3-201912258 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги  амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 9-сентябрдаги 01/10-1900-сон маълумотномаси). Натижада электрон платформада қўлланилган атамалар изоҳининг илмийлиги ҳамда мукаммаллигига эришилган;
мавжуд илмий-назарий қарашлар, луғатшунослик, туркий тиллар ривожланишида эски ўзбек тилининг ўрни, туркологияда луғатнависликнинг ривожи, қадимий қўлёзма асарларни ўқиш, ўрганишда тарихий луғатларнинг аҳамиятига оид илмий-тарихий маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Учинчи Ренессанс” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2023-йил 13-сентябрдаги 06-28-1387-сон маълумотномаси). Натижада Л.Будагов луғатининг мазмун-моҳиятини очиб бериш ҳамда оммага йетказишга хизмат қилган, кўрсатув учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммалашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish