Ганиева Зумрат Абдухакимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Anacanthotermes авлоди термитларининг трофик алоқалари», 03.00.06–Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/B112.
Илмий раҳбар: [Хамраев Аловиддин Шамсиддинович], биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Зоология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01.
Расмий оппонентлар: Кимсанбоев Хужамурот Хамракулович, биология фанлари доктори, профессор; Эшова Холиса Саидовна, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Anacanthotermes авлоди термитлари популяцияларининг трофаллаксис хусусиятларини ва уларнинг трофик алоқаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
термитларнинг яшаш жойларидаги ўсимликлар тур таркиби аниқланган ва уларнинг озиқланиш ихтисослашуви очиб берилган;
термит уялари трофик қатламининг биокимёвий таркиби ва термитлар ҳаётидаги аҳамияти аниқланган;
термитларнинг ичак микрофлораси ва уни издан чиқарувчи «Эконил» препаратининг таъсири аниқланган;
илк бор трофаллаксис – ўзаро озиқлантириш жараёнининг турли ёшдаги ишчи термитлар ва алоҳида табақаларнинг ҳаётчанлиги ва вазн ўзгаришига таъсири исботланган;
турли ёшдаги ишчи термитларнинг мустақил озиқланиш даражаси ҳамда уларнинг турли табақа ва турли ёшдаги ишчи термитларни озиқлантириш усуллари, интинсивлиги асосланган;
Beauveriatenella замбуруғи мисолида термитларнинг трофаллаксис занжирида энтомопатогенлар билан зарарланиши йўллари очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Anacanthotermes авлоди термитларининг трофик алоқаларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
аҳоли уй-жойлари, стратегик объектлар, маданий-тарихий ёдгорликлар ва табиий очиқ ер майдонларида термитларга қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар «Ўзагрокимёҳимоя» АЖда амалиётга жорий этилган (“Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг 2018 йил 1 майдаги 02-13/863-сон маълумотномаси). Натижада республикада аҳоли уй жойлари ва табиий очиқ ер майдонларида термитларга қарши курашиш ҳамда уларнинг тарқалишини олдини олиш имконини берган;
ҳашаротларда ҳазм тизимини издан чиқарувчи Эконил 4% к.э. ва Регент 20% с.к. кимёвий препаратларини стандарт ем-хўракнинг таркибига сингдирилган ҳолда, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳудудида термитларга қарши курашиш бўйича амалиётга жорий қилинган (“Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг 2018 йил 1 майдаги 02-13/863-сон маълумотномаси). Натижада термитларга қарши Эконил 4% э.к. - 98,8% ва Регент 20% с.к. препарати - 96,0% биологик самарадорликни намоён этиб, термитлар сонини чеклаш имконини берган;
озиқа субстрати сифатида намлантирилган гофрели картондан ишланган янги ем-хўрак намунаси Хоразм вилояти Хива тумани ҳудудидаги термитларнинг табиий яшаш зоналарида уларнинг тарқалишини олдини олиш ва қарши курашиш амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 18 майдаги 4/1255-1297-сон маълумотномаси). Натижада очиқ ер майдонларида термитлар сони кескин камайиб, уларнинг антропоген ҳудудларга миграция қилиш жараёнини тўхтатиш имконини берган.