Sayt test rejimida ishlamoqda

 Авазов Нормурод Ҳакимовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Беҳбудий ижодида миллат ва миллият масалалари талқини”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.DSc/Fil410.
Илмий раҳбар: Жабборов Нурбой Абдулҳакимович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Жоʻрақулов Узоқ Ҳайдарович, филология фанлари доктори, профессор;  Афоқова Нодира Маҳмудовна , филология фанлари доктори, профессор;  Тўлаганова Санобар Панжиевна, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади миллат ва миллият масаласининг генезиси, такомили, истилоҳнинг жадид адабиётидаги талқини, Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасида миллий маърифат ғоясининг бадиий ифодаси ва жадид адабиётига таъсири, адибнинг бадиий-илмий публицистикасида Туркистон тарихи, миллий тил тақдири ва тараққиёти масалаларининг ёритилиш қонуниятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
миллат ва миллият масалаларининг генезиси ҳамда тадрижий такомили аниқланиб, ушбу истилоҳнинг жадид адабиёти ва Маҳмудхўжа Беҳбудий ижод консепсиясини белгилашда муҳим  ўринга эгалиги очиб берилган;
 “Падаркуш” драмаси асосида миллий маърифат ғоясининг поетик рамз ва тимсоллар воситасида ифодаланиши ёритилиб, асарнинг “Бахциз куёв” ва “Жувонбоз” драмалари билан қиёси орқали миллат эстетик тафаккури ҳамда жадид адабиёти такомилига таъсири исботланган;
адиб бадиий-публицистик маҳоратининг негизи бўлган ишонтириш санъати сўз танлаш, оз сўзда кўп маъно ифодалаш, фикр изчиллиги ва мантиқий далиллаш, факт ва маълумотлар келтиришда аниқлик, воқеликка муносабат билдиришда холислик каби мезонларга асосланиши “Миллий тарих ҳақинда”, “Туркистон тарихи керак”, “Эҳтиёжи миллат”, “Туркистон”, “Дума ва Туркистон”, “Туркистон мухторияти” каби мақолалар мисолида далилланган;
Беҳбудийнинг ХХ аср бошида Туркистон ўлка матбуотида ва нашрларида чоп этилган ижодий фаолиятининг тўлиқ библиографияси тузилиб, “Китобат ул-атфол” (“Болалар учун ёзув китоби”) дарслиги,  миллатнинг эрки ва озодлиги, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятига доир “Турк адами марказият фирқасининг низомномаси” илмий истифодага олиб кирилган, “Китобат ул-атфол”нинг бугунги маърифий ислоҳотлар жараёни учун илмий-амалий аҳамияти асосланган;
Беҳбудийнинг Туркистонда янги мактаб ғоясининг асосчиси экани, маориф ислоҳи – “усули савтияйи тадрижия” методини қоʻллаш йўлида кенг кўламли ишларни амалга оширгани, дарсликлар яратиш борасидаги хизматлари, ёш авлодни Ватан ва миллатга муҳаббат руҳида тарбиялаш тизимини яратгани далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодида миллат ва миллият масалалари талқини муаммосини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Миллат ва миллият масалалари генезиси, тадрижий такомили, Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларида миллат тарихи ва маърифати, Туркистон халқлари ҳуқуқий маданиятини ўстириш ва тил тараққиётини таъминлашга доир хизматлари, мактаб-маориф ислоҳи ва авлод тарбиясига оид қарашлари эволюциясига доир таҳлилий фикр ва хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида  2017-2020- йилларда бажарилган ОТ-Ф1-030 рақамли “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографияни (7-жилд) чоп этиш” (2017-2020) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил  4-ноябрдаги 04/1-2322-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа ўзбек жадид адабиётида миллат ва миллият масалалари талқинига доир илмий қарашлар ҳамда янги назарий маълумотлар билан бойитилган;
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа жадид ижодкорлари тафаккури тадрижида Алишер Навоийнинг миллат ва миллият, туркий халқлар тили ва эстетик тафаккури ривожига доир консептуал қарашларнинг ўрни, адиб ижод тутуми шаклланиши ва такомилида улуғ мутафаккир асарларидаги ғоялар замин вазифасини ўтагани ҳақидаги илмий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида  2018-2020- йилларда бажарилган “ПЗ-20170926459 рақамли “Навоийшунослик тарихи” (ХХ-ХХI асрлар)” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 4-ноябрдаги 04/1-2323-сон маълумотномаси). Натижада Беҳбудий эстетик тафаккури ва миллият туйғулари такомилида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий консептуал қарашларининг таъсири аниқланиб, зарур хулосалар чиқаришга асос бўлган;
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тил ўрганиш, унинг софлигига эришиш, тилнинг ижтимоий алоқалар тизимида тутган ўрни масалаларига оид фикрлари ҳамда  ўзбек тилига кириб келган, халқ учун тушунилиши мураккаб бўлган ажнабий сўзларни ислоҳ қилиш, туркий лексикага кирган форсча ва арабча сўзларни тилнинг табиатига мослаштириш, бу жараённи ташкил этиш механизми билан боғлиқ қарашлари асосидаги таҳлилий хулосалар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида  2019-2022- йилларда бажарилган “А-ОТ-2019-10 – “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий ҳуқуқий асосларини яратиш” (2019-2022) мавзусидаги амалий лойиҳада жорийланган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023 - йил 4 - ноябрдаги 04/1-2324-сон маълумотномаси). Натижада  Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллат ва миллият, туркий тил тақдири ва тараққиёти билан боғлиқ қарашлари мисолида маърифатпарвар жадид ижодкорларининг миллат ва миллият, миллий тил тақдири ва тараққийси билан боғлиқ консепсияси моҳияти билан бойитилган;
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий тил ривожи, тил ўрганишнинг аҳамияти, тил ва замон тараққиётининг уйғунлиги, миллатни дунёнинг мутараққий халқлари даражасига юксалтириш омиллари, Туркистон тарихини яратиш тамойиллари  билан боғлиқ қарашлари ҳамда янги мактаб ғоясининг авлод тарбиясида тутган ўрни ҳамда ёшларни Ватан ва миллатга муҳаббат руҳида тарбиялаш усулларига доир илмий хулосалардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Мавзу”, “Тарихий савол”, “Жавоҳир” ва “Тақдимот” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали” давлат муассасасининг 2023 -йил 3 - ноябрдаги 06-28-1429-сон маълумотномаси) Натижада кўрсатувлар мазмуни жадид адабиётига доир маълумотлар билан бойитилиб, уларнинг илмий-маърифий савиясини ошириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish