Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдреймов Юсупбай Турдибаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасини қўллашнинг назарий ва амалий муаммолари”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Yu325.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Окюлов Омонбай – юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.37/27.02.2020.Yu.107.01.
Расмий оппонентлар: Имомов Нурилло Файзуллаевич, юридик фанлар доктори, профессор; Палуаниязов Халмухаммед Айтжанович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасини қўллашни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
моддий маданий мерос обектини сақлаш мақсадида давлат мулки ҳисобланган обектни фойдаланишга бериш фақат ваколатли давлат органининг қарорига асосан фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига, болалар нодавлат нотижорат ташкилотларига, ногиронлиги бўлган шахслар нодавлат нотижорат ташкилотларига, диний ташкилотларга текин фойдаланишга бириктириш мумкинлиги асослантирилган;
давлат мулки ҳисобланган обектни текин фойдаланишга бириктириб бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ижарага берувчи, балансда сақловчи ва текин фойдаланувчи ўртасида текин фойдаланиш шартномаси тузилиши зарурати асослаб берилган;
мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришда давлат божини камайтириш ҳуқуқи, шунингдек, марказий сайлов комиссиясининг аъзолари хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги асослантирилган;
давлат мулкини текин фойдаланишга бериш шартномасини тузувчи тараф сифатида балансда сақловчи юридик шахс иштирок этиши ва текин фойдаланиш шартномасига мувофиқ амалга оширилиши асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
моддий маданий мерос обектини сақлаш мақсадида давлат мулки ҳисобланган обектни фойдаланишга бериш фақат ваколатли давлат органининг қарорига асосан фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига, болалар нодавлат нотижорат ташкилотларига, ногиронлиги бўлган шахслар нодавлат нотижорат ташкилотларига, диний ташкилотларга текин фойдаланишга бириктириш мумкинлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 18-октябрдаги “Моддий маданий мерос обектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 881-сон қарорининг 1-иловасининг 27-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021-йил 26-апрелдаги 12-18-5-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши текин фойдаланиш шартномаси тузилиши орқали юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилган;
давлат мулки обекти ваколатли давлат органининг қарорига мувофиқ ижарага берувчи, балансда сақловчи ва текин фойдаланувчи ўртасида тузиладиган текин фойдаланиш шартномаси асосида берилиши ҳақидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 18-октябрдаги “Моддий маданий мерос обектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 881-сон қарори 1-иловасининг 28-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021-йил 26-апрелдаги 12-18-5-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши текин фойдаланиш шартномасини турли соҳаларда тузилиши имконини берган;
мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришда давлат божини камайтириш ҳуқуқи, шунингдек, марказий сайлов комиссиясининг аъзолари хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2020-йил 6-январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ–600-сон, Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 8-февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–670-сонли қонунларини шакллантиришда инобатга олиниб, Давлат божи ставкалари миқдорлари “д” банди “п” бандига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 1021-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасининг 2021-йил 20-декабрдаги 43-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши фуқаролар учун давлат божи миқдорини камайтиришга, сайлов комиссияси аъзоларининг текин фойдаланиш шартномасини тузишини белгилаб берган;
давлат мулкини текин фойдаланишга бериш шартномасини тузувчи тараф сифатида балансда сақловчи юридик шахс иштирок этиши ва текин фойдаланиш шартномасига мувофиқ амалга оширилиши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 9-мартдаги “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ–821-сонли Қонуни 29-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарининг 2023-йил 1-майдаги 02/6-09-18-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши текин фойдаланиш шартномасини давлат мулкидан фойдаланишда тузилишининг ҳуқуқий асосини белгилаб берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish