Эшпўлатов Комил Абдисаломовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Замонавий иқтисодиётда меҳнат бозори ва касбий таълим узвийлигини таъминлашни такомиллаштириш», 08.00.10–Демография. Меҳнат иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:В2017.2.PhD/Iqt119.
Илмий раҳбар: Абдурахманов Одил Каландарович, иқтисодиёт фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.28.12.2017.I.16.02.
Расмий оппонентлар: Худойбердиев Зайниддин Явкачевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Хайитов Абдуманнон Бухарович, иқтисодиёт фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: таълим муассасалари битирувчиларининг касбий меҳнат бозоридаги рақобатдошлиги даражасини ошириш юзасидан илмий-методологик тавсиялар ва амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
касбий таълимни меҳнат бозори талаблари асосида ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаган ҳолда ривожлантириш, касбий таълим тизимидаги таълим йўналишлари ва касбий таълим ихтисосликларини иқтисодиётдаги жадал янгиланишлар ва ўзгаришларга мос равишда такомиллаштириб боришни назарда тутган ҳолда аниқликлар киритилди;
бутун умр давомида таълим олиш концепцияси бўйича мактабгача, умумий ва касбий таълим узвийлигини таъминлашнинг илмий-методологик асослари мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг касбий қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантиришни ўйинлар орқали амалга ошириш, умумтаълим мактабларида умумтаълим фанларини касбларга боғлаган ҳолда ўқитиш, касбий таълимни ишлаб чиқариш билан уйғун ҳолда олиб бориш, меҳнат бозоридаги рақобатбардошликларини янада оширишлари – турдош ва қўшимча касбларни эгаллашлари, амалий кўникмаларини пухталаштиришлари, меҳнат мобиллигига эга бўлишлари асосида такомиллаштирилди;
касбий таълим муассасаларида талабаларнинг ишлаб чиқаришда қисман банд бўлишлари билан уларни анъанавий таълим тизимида тўлиқ юкламасиз ўқитиш, қўшиб олиб бориладиган таълим дастурларини амалга оширишни назарда тутадиган таълим тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди;
“инсон капитали”ни бойитишга хизмат қиладиган ўқувчи-талабаларда ижодий тафаккур салоҳиятини ривожлантириш, улар томонидан ахборотларни мустақил топиш ва таҳлил этишга ўргатиш, таълим жараёнининг ташкилотчиси деган ёндашувни назарда тутадиган инновацион педагогик технологияларнинг таълим жараёнига жорий этиш моделлари таклиф этилди;
таълим дастурлари ва ўқув режалари фан-техника тараққиёти ва миллий ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилинишининг истиқболларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши зарурлиги илмий жиҳатдан асосланди;
касбий таълимда миллий иқтисодиётнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари мониторингини йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш йўналишлари ва мазкур жараённи мақбуллаштириш бўйича методологик ёндашувлар такомиллаштирилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Замонавий иқтисодиётда меҳнат бозори ва касбий таълим узвийлигини таъминлашни такомиллаштириш бўйича бўйича хулосалар асосида:
касбий таълимда миллий иқтисодиётнинг кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари мониторингини йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш йўналишлари ва мазкур жараённи мақбуллаштирилишида методологик ёндашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги ПФ-5313-сон “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонини ишлаб чиқиш жараёнида фойдаланилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 22 декабрдаги МХ-01/05-221-сон маълумотномаси). Натижада 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга ошириш ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга ошириш белгиланди. Бу эса давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш имконини берган.
меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашда “таълим муассасаси – меҳнат бозори – ишлаб чиқариш” ижтимоий шериклигини такомиллаштириш вазифалари “Касб-ҳунар коллежларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида фойдаланилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 22 декабрдаги МХ-01/05-221-сон маълумотномаси). Натижада ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли параметрларига ва меҳнат бозори прогнозига мувофиқ, кадрларга бўлган мавжуд реал эҳтиёжни инобатга олиб касб-ҳунар коллежларини тармоқ бўйсунуви асосида тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тасарруфига ўтказиш ва алоҳида мутахассисликлар (касблар)га эҳтиёж ва талаб паст бўлган касб-ҳунар коллежлари умумий сонини оптималлаштирган ҳолда уларни қисман қайта ташкил этиш амалга оширилади. Бу эса давлат бюджети маблағлари ортиқча сарфланишини олдини олган.
касбий таълим муассасаларида “дуаль тизим”ни амалиётга жорий этиш концепцияси “Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низом” лойиҳасини ҳамда “Касб-ҳунар коллежларига қабул квоталарини шакллантириш тартиби тўғрисида низом” лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида фойдаланилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 22 декабрдаги МХ-01/05-221-сон маълумотномаси). Натижада кадрларга бўлган реал эҳтиёжни, иш берувчи корхоналарнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш пулли-контракт ўқитишдан тушадиган маблағлар, вазирликлар ва идораларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши давлат бюджетига енгиллик яратган.
“инсон капитали”ни бойитишга хизмат қиладиган инновацион педагогик технологияларнинг таълим жараёнига жорий этиш моделлари касб-ҳунар таълими тизими педагог кадрлари малакасини ошириши ва уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, педагог кадрлари малакасини ошириши ва уларни қайта тайёрлаш тизимини бошқаришнинг янги вертикалини ташкил этишда фойдаланилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 22 декабрдаги МХ-01/05-221-сон маълумотномаси). Натижада иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб эҳтиёж юқори бўлган ва мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаб касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш амалга оширилган.