Sayt test rejimida ishlamoqda

Набиев Бекзод Неъматжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Маҳаллий хомашёлар асосида турли ҳароратларда қиздириб пиширилган алюминийли бронзани олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 05.02.01 – Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. Металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.1.PhD/Т2651.
Илмий раҳбар: Норхуджаев Файзулла Рамазанович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон машинасозлик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, DSc.03/30.12.2019.K/T.03.01.
Расмий оппонентлар: Ўлмасов Тулқин Усмонович, техника фанлари доктори; Қаршиев Мамарайим Санаевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий хомашёлар асосида турли ҳароратларда қиздириб пиширилган алюминийли бронзани олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суюқ фазали қиздириб пиширишда қотишма ҳосил қилиш қонуниятлари асосида алюминийли бронзада алюминийнинг фоизли миқдорининг киришувчанлиги ва физик-механик хоссаларига таъсири аниқланган;
рентгенструктура таҳлиллар асосида алюминийли бронзада графит ва темир сульфиди қўшимачасининг қотишма микроструктурасига таъсири аниқланган;
ишқаланиш коэффициентини қотишмадаги графит ва темир сульфиди миқдорига боғлиқ ҳолда алюминийли бронзанинг антифрикцион кукун қотишмасини оптимал таркиби ишлаб чиқилган;
қотишманинг физик-механик хоссасини қиздириб пишириш ҳароратига боғлиқлиги асосида графит ва темир сульфид қўшимчасига эга бўлган алюминийли бронзанинг антифрикцион кукун қотишмасини олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Маҳаллий хомашёлар асосида турли ҳароратларда қиздириб пиширилган алюминийли бронзани олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маҳаллий хомашё асосида графит ва темир сульфид қўшимчасига эга бўлган миснинг алюминий билан антифрикцион кукун қотишмасини олиш технологияси “Олмалиқ КМК” АЖ қошидаги «Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида жорий этилган («Олмалиқ КМК» АЖнинг 2022 йил 30-ноябрдаги 11-22/01-0331-сонли маълумотномаси). Натижада, қотишманинг таннархини 20% камайтириш имконини берган;
маҳаллий хомашё асосида антифрикцион кукун қотишмасининг (85,25% - Cu, 11% - Al, 1,75% - C, 2% - FeS2) таркиби  “Олмалиқ КМК” АЖ қошидаги «НМ ва ҚҚ» ИИЧБда амалиётга жорий этилган («Олмалиқ КМК» АЖ.нинг 2022 йил 30-ноябрдаги 11-22/01-0331-сонли маълумотномаси). Натижада, қотишманинг ишқаланиш коэффициентини 0,1 дан 0,05% гача камайтириш имконини берган;
мис асосдаги антифрикцион кукун қотишмасини пресслаш ва қиздириб пиширишнинг (пресслаш босими – 500 МПа; қиздириб пишириш ҳарорати – 850 0С) технологик режими “Олмалиқ КМК” АЖ қошидаги «НМ ва ҚҚ» ИИЧБда амалиётга жорий этилган («Олмалиқ КМК» АЖнинг 2022 йил 30 ноябрдаги 11-22/01-0331-сонли маълумотномаси). Натижада, қотишманинг ейилишбардошлилигини 1,3 – 1,4 мартага ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish