Сидаметова Зайнаб Энверовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Флегмен» янги тинчлантирувчи йиғмасини стандартлаш», 15.00.02–Фармацевтик кимё ва фармакогнозия (фармацевтика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Far18.
Илмий раҳбар: Олимов Немат Каюмович, фармацевтика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент фармацевтика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент фармацевтика институти, DSc.27.06.2017.Far.32.01.
Расмий оппонентлар: Урманова Флюра Фаридовна, фармацевтика фанлари доктори, профессор; Бобаев Исомиддин Давронович, кимё фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: «Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази» ДУК.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида янги “Флегмен” тинчлантирувчи йиғмасини яратиш, уни тиббиёт амалиётида қўллаш учун сифат меъёрларини белгилаш ҳамда стандартлаш усулларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Ўзбекстонда ўсадиган доривор ўсимликлар асосида яратилган тинчлантирувчи “Флегмен” йиғмасининг рационал таркиби ишлаб чиқилган;
тинчлантирувчи йиғманинг морфологик-анатомик диагностик белгилари ва унинг таркибидаги доривор ўсимликларнинг кимёвий таркиби ҳамда миқдорий кўрсаткичлари аниқланган;
“Флегмен” дори воситасининг сифатини назорат қилиш ва стандартлаш усуллари ишлаб чиқилган;
йиғманинг сифатини белгиловчи ва аниқлигини тавсифловчи сон кўрсаткичлари ва унинг барқарорлигини таъминловчи сақлаш шароитлари ҳамда яроқлилик муддати аниқланган;
оригинал дори воситасининг специфик фаоллиги ва фармако-токсикологик хусусиятлари исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“Флегмен” тинчлантирувчи йиғмасининг сифат назорати ва стандартлаш усулларини ишлаб чиқишда олинган илмий натижалар асосида:
“Флегмен” 50 г, 100 г (полиэтилен пакетчалар, картон коробкаларда) тинчлантирувчи йиғмага Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази» ДУК томонидан тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат берилган (21.06.2015 й.; 03-13-сон гувоҳнома). Натижада олинган препарат асаб касалликларини даволашда қўллаш имконини берган;
“Флегмен” тинчлантирувчи препарати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази» ДУК томонидан рўйхатига олинган (“FLEGMEN” № DV/M 00539/12/15). Мазкур меъёрий ҳужжатнинг тасдиқланиши маҳаллий хомашё асосида яратилган, иқтисодий жиҳатдан самарадор бўлган дори воситасини ишлаб чиқариш имконини берган;
дори воситасининг корхона фармакопея мақоласи “Флегмен” тинчлантирувчи йиғмаси учун меъёрий ҳужжат (ФМ 42 Уз-2320-2015) тасдиқланиб, “Флегмен” тинчлантирувчи препарати “SORB-TEH” МChJ корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган (23.12.15 й. №29-сон гувоҳнома). Натижада “Флегмен” тинчлантирувчи препаратини ишлаб чиқариш импортни қисқартиб, бир қатор тиббий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берган.