Урмонов Жаҳонгир Жалолдиновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини солиқ механизми воситасида тартибга солишни такомиллаштириш масалалари», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2018.2.DSc.Iqt.139
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017. I.15.01.
Илмий маслаҳатчи: Курбанов Зият Ниязович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Иминов Одилжон Каримович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Олимжонов Одил Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Элмирзаев Самариддин Эшкуватович, иқтисодиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш шароитида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини солиқ механизми воситасида тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган илмий-услубий ва амалий таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
таълим муассасалари битирувчиларини якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганда, қатъий белгиланган солиқдан озод қилиш таклиф қилинган;
якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар томонидан ходимларни шартнома асосида ишга ёллаганда уларга солиқларни тўлашда имтиёзлар жорий этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган;
чакана савдо тармоқлари орқали реализация қилинадиган олтиндан ишланган буюмлар учун жорий қилинган акциз солиғини бекор қилиш таклифи асосланган;
халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантириш мақсадида «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлган якка тартибдаги тадбиркорларни қатъий белгиланган солиқдан озод этиш таклифи ишлаб чиқилган;
хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига юридик шахслар фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод қилиш кўринишида белгиланган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини узайтириш таклифи асосланган;
солиқ имтиёзи, солиқ преференцияси ва солиқ маъмуриятчилиги тушунчаларининг иқтисодий мазмуни, ўзига хос хусусиятлари очиб берилиб, бу борада муаллифлик ёндашувлари асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини солиқ механизми воситасида тартибга солишни такомиллаштириш масалалари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, рўйхатдан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этиш таклифи амалиётга жорий этилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни билан Солиқ кодексининг 375-моддасига ўзгартириш киритилган (Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 28 декабрдаги 16/1-30956-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши натижасида мазкур имтиёздан 2015 йилда 11,0 минг нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари фойдаланиб, уларга тақдим этилган солиқ имтиёзи миқдори 20,6 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2016 йилнинг 1 декабрь ҳолатига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бўлган 14,8 минг нафар тадбиркорлар томонидан 30,4 млн. сўм миқдорида солиқ имтиёзидан фойланиш имконияти яратилган;
якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ходими учун бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақинининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва қатъий белгиланган солиқнинг 30 фоизи миқдорда солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқини бериш таклифи амалиётга жорий этилиб, Солиқ кодексининг 311-моддаси ва 3741-моддаларига ўзгартириш киритилган (Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 28 декабрдаги 16/1-30956-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида 2015 йилда 1024 та хусусий тадбиркор фойдаланиб, улар томонидан 1966 нафар ходим ёлланган ва ёлланган ходимлар учун хусусий тадбиркорлар томонидан бюджетга қўшимча 623,6 млн. сўм қатъий белгиланган солиқ ва 256,4 млн. сўм миқдорида суғурта бадали тўланган бўлса, 2016 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 9989 та хусусий тадбиркорлар томонидан 12734 та ходимларни ёллаш имконияти яратилган ва бюджетга қўшимча маблағлар тушумига эришилган;
чакана савдо тармоқлари орқали реализация қилинадиган олтиндан ишланган буюмларнинг 1 гр. учун 10 АҚШ доллари миқдорида жорий қилинган акциз солиғини бекор қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3199-сонли қарори 10-бандига мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан амалиётга жорий қилинган (Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 26 декабрдаги 16/1-34767-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий қилиниши натижасида чакана савдо тармоғида олтиндан ишланган заргарлик буюмларини сотувчи юридик шахслар томонидан тушумларнинг легаллаштирилишига ҳамда бюджетга қўшимча ягона солиқ тўлови бўйича тушумлар келиб тушишига эришилган;
халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантириш мақсадида «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқдан озод этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сонли Фармони 3-бандига мувофиқ 2017 йилнинг 1 декабридан амалиётга жорий этилган (Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 26 декабрдаги 16/1-34767-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида 2018 йил давомида 10 мингдан ортиқ «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари – тадбиркорлар ихтиёрида 10 млрд. сўмдан ортиқ маблағларнинг қолдирилишига имконият яратилган;
хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини юридик шахслар фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод қилиш кўринишида берилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарори 26-бандига мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан амалиётга жорий этилган (Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 26 декабрдаги 16/1-34767-сон маълумотномаси). Таклифнинг жорий этилиши натижасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари 12 та фаолият турларини амалга оширганлик учун 2020 йил 1 январгача татбиқ этилиши белгиланган бўлиб, 2017 йилнинг 9-ойи давомида хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган 230 та тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 1,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар қолдирилишига имконият яратилган;
«солиқ имтиёзи» ва «солиқ преференцияси» тушунчаларининг иқтисодий мазмуни, уларнинг хусусиятлари ва берилган муаллифлик таърифлари борасидаги илмий-назарий қарашлар «Юридик шахсларни солиққа тортиш» фани бўйича дарсликка киритилган (15.08.2012 й.; №332/1). Мазкур илмий натижалардан дарсликда фойдаланиш тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишда мазкур тушунчаларнинг таърифи ва аниқ чегарасини белгилашга хизмат қилган.