Sayt test rejimida ishlamoqda

Мусурманов Элёр Ширинкуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шахта чуқур горизонтларини қазиб олишда шамоллатиш тармоғи ривожланишини асослаш ва ускуналар самарадорлигини ошириш», 04.00.10 – Геотехнология (очиқ, ер ости ва қурилиш), 04.00.16 – Кончилик машиналари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/Т2189.
Илмий раҳбар: Мислибаев Илҳом Туйчибаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, DSc.17/04.06.2021.Т.06.02.
Расмий оппонентлар: Эгамбердиев Илҳом Пулатович, техника фанлари доктори, доцент; Хасанов Обид Абдуллаевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСИС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: руда конларининг чуқур горизонтларини қазиб олишда шамоллатиш тармоғи ривожланишини асослаш ва вентилятор қурилмалари самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
рудник шамоллатиш тармоғининг кўп босқичли диагонал тизими моделини танлаш асосланган ва кон ишларининг интенсив ривожланиши ва консентрациясининг, шамоллатиш кон лаҳимлари топологиясини ўзгаришининг, қазиб олинадиган фойдали қазилма бирлиги учун тайёргарлик ва кесиш ишлари нисбий ҳажмининг ва шамоллатиш тармоғи аеродинамик қаршилиги ошишининг шахта ишлаб чиқариш қуввати параметлари билан ўзаро боғлиқликлари аниқланган;
йўналтирилган тармоқли график усулида шамоллатиш тизими модели яратилган ва ҳаво оқими параметрларини бошқаришни тизимлаштириш ва ростлаш имконини берадиган ҳар бир тармоқ учун қаршиликлар қонуни, тугунлар учун ҳаво оқими массаси сақланиш қонуни ва контурлар учун ҳаво оқими энергиясини сақланиш қонуни асосланган;
кон ишларининг ривожланиш динамикасида шамоллатиш кўрсаткичларини ва кон лаҳимларининг тармоқланишини ҳисобга олган ҳолда вентилятор қурилмалари ишчи ускуналари ва элементларининг параметрларини бошқаришнинг илмий асослари аниқланган;
ҳаво ҳайдовчи стволда ташқи йўқотилишларни камайтириш учун стволга ҳайдалаётган ҳавонинг ўз энергиясидан фойдаланган ҳолда ҳаво пардаси орқали қарама-қарши босим яратиш усули қўлланилган, вентилятор қурилмасининг ишчи ғилдирак куракларини ўрнатилиш бурчагини камайтириш орқали оптимал ишлаш режими ўрнатилган ва мос равишда унинг турли унумдорликларда истеъмол қиладиган электр энергия қиймати аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шамоллатиш тармоғини қуйи тизимларининг ҳаво оқими параметрларини самарали бошқариш ва ростлаш орқали тармоқни ривожлантириш ва вентиляция ускуналари самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ствол устки қисмида ташқи ҳаво йўқотилишини олдини олиш учун шахтага юборилаётган ҳаво оқими энергиясидан фойдаланиб қўлланилаётган ҳаво пардаси ёрдамида ҳаво оқимини бошқариш бўйича техник тавсия «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖга қарашли Ғужумсой конида амалиётга жорий этилган («Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2023 йил 28 сентябрдаги 23/01-01-07/470-сон маълумотномаси). Натижада, асосий оқимга тескари оқим ҳосил қилинди ва ҳаво пардаси ёрдамида тўсиқ яратилди, бу ҳаво етказувчи стволнинг оғзида ташқи ҳаво йўқотилишларини 62-75 % га, бош вентилятор қурилмалари иш режимларини тўғри танлаш ва энергия истеъмолини 17-22 % гача камайтириш ҳамда ҳаво билан таъминлаш сифати ва кон ишларининг хавфсизлигини янада яхшилаш имконини берган;
шамоллатиш тармоғининг туташган ва мураккаб шамоллатиш участкаларидаги ҳаво оқимини ишлатилган конвеер тасмаларидан тайёрланган тез кўчириладиган бўйлама деворлар ва шамоллатиш тўсиқларидан фойдаланган ҳолда бошқариш ва ростлаш усули «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖга қарашли Ғужумсой конида амалиётга жорий этилган («Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2023 йил 28 сентябрдаги 23/01-01-07/470-сон маълумотномаси). Натижада, шамоллатиш тармоғининг асосий бўғинларида ҳаво оқимини барқарор бошқариш ва тақсимлаш, ички ҳаво оқими йўқотишларини 18-25 % дан 8-10 % гача камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish