Абдуллаева Гузаль Жалолиддиновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тузга сезувчан артериал гипертониянинг, сув ва тузлар алмашинувини бошқарувчи генларнинг иштирокидаги клиник ва фармакогенетик тамойиллари», 14.00.06–Кардиология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Tib293.
Илмий маслаҳатчи: Хамидуллаева Гулноз Абдусаттаровна, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий медицина маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.26.04.2018.Tib.64.01.
Расмий оппонентлар: Гадаев Абдигаффор Гадоевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Розиходжаева Гулнора Ахмедовна, тиббиёт фанлари доктори; Абдуллаева Чарос Абдуджалиловна, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Кардиология илмий-тадқиқот тиббиёт маркази федерал давлат бюджет муассасасининг А.Л. Мясников номидаги Клиник кардиология илмий-тадқиқот институти (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тузга сезгирликни ва сув-туз алмашинувида иштирок этувчи генлар полиморфизмини ҳисобга олган ҳолда тузга сезгир артериал гипертониянинг юрак-қон томир ремоделланиши жараёнларига таъсирини ва антигипертензив терапия жиҳатларини асослашдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек миллатига мансуб АГли беморларда нишон аъзоларнинг ишончли ифодаланган шикастланиши, яққол чап қоринча гипертрофияси/дисфункцияси ва қон томир эндотелийси дисфункцияси ривожланиши ҳамда тонгги систолик ва диастолик артериал босим кўтарилишининг юқори тезлиги тузга сезувчанлик билан узвий боғлиқлиги асосланган;
туз ва сув алмашинувини экспрессияловчи генларнинг (ADD-1, CACNA1c, EDNRA, CYP3A5) генотип ва аллеларининг тақсимланиши АГли беморларда ҳам соғлом шахсларда, ҳам фарқланмаганлиги аниқланган, ирсийланишнинг генетик моделлари асосида CYP3A5/G6986A гени полиморфизмининг G-аллели ўзбек миллатига мансуб шахсларда АГга мойиллик омили эканлиги исботланган;
тузга сезгир АГли беморларда CYP11В2/С-344Т генининг Т-аллели ва CACNA1/52797G>A генининг А-аллелининг тузга сезгир гипертония билан шартланиши, тузга резистент АГда тузга сезгирликка нисбатан ADD-1/G460T генининг G-аллели ўзбек популяциясида ишончли равишла кўп учраши асосланган;
АГли беморларда индапамид ва зофеноприл билан монотерапияга, шунингдек, периндоприл/индапамид ва индапамид/лерканидипин билан комбинацияли терапияга ош тузига сезгирлик ва резистентликни ҳисобга олган ҳолда дифференциал ёндашув ишлаб чиқилган;
АГли беморларда ADD-1/G460T гени G-аллели ва CYP11B2/С-344Т гени Т-аллели ташувчиларда индапамиднинг юқори антиремоделловчи афзалликлари асосланган ҳамда АСЕ/ID гени D-аллели ва CYP11B2/С-344Т гени Т-аллели АГли беморларда зофеноприлнинг антигипертензив ва антиремоделловчи самарадорлигини чегаралаши билан шартланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
АГнинг клиник-гемодинамик жиҳатларини тадқиқ қилиш ва фармакотерапиянинг оптимал режаларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Тузга сезгир артериал гипертензияли беморларда антигпертензив терапия тайинлашга дифференциал ёндашув” услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 12 февралдаги 8н-р/27-сон маълумотномаси). Таклиф этилган услубий тавсияноманинг жорий этилиши тузга сезгир АГни гипертониклар орасида ташхислаш усулини татбиқ қилиш, даволашда индапамид қўлланилишининг ижобий самарасини кўрсатди, бу эса АГли беморларда ош тузини истеъмол қилишни чеклаш бўйича превентив тадбирларни ўтказиш имконини берган;
тузга сезгир АГнинг клиник-гемодинамик детерминантларини, эрта диагностика ва фармакотерапияни оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар амалий тиббиётга, жумладан Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, Тошкент вилоят кардиологик диспансери, Сирдарё вилоят кардиологик диспансери амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 23 мартдаги 8н-д/53-сон маълумотномаси). Жорий этилган натижалар тузга сезгир АГни эрта диагностика қилишга, касалликнинг клиник кечишини ва асоратлар ривожланиши хавфини ўз вақтида баҳолашга, даволаш ва касаллик профилактикасига самарали ёндашишга, беморлар ҳаёт сифатини яхшилашга методик асос ҳисобланган;
ош тузига таъм сезгирлик бўсағасини аниқлаш асосида тузга сезгир ва резистент АГни индивидуаллаштирилган дифференциал даволаш амалиётга, жумладан Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кардиологик диспансерлари, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази консультатив поликлиникасига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 12 февралдаги 8н-р/27-сон маълумотномаси). Бунда индапамиднинг монотерапияси тузга сезгир АГли беморларда, зофеноприлнинг монотерапияси тузга резистент АГли беморларда қўлланилиши мақсадли артериал босимга эрта эришиш ва даволашга кетган маблағларни 20%га камайтириш имконини берган.