Sayt test rejimida ishlamoqda

Худайберганова Нагима Турдибаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Таркибида нефть маҳсулотлари бўлган оқава сувларни тозалаш учун нефть кокси ва асфальт асосидаги янги сорбент олиш», 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Т1273.
Илмий раҳбар: Ризаев Абдумалик Набиевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019. K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Эшметов Расул Жумязович, техника фанлари доктори, доцент; Абдикамалова Азиза Бахтияровна, кимё фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: таркибида нефть маҳсулотлари бўлган оқава сувларни тозалаш учун нефть кокси ва асфальт асосидаги янги сорбент олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шнекли прессда шакллантириш, 150ºС да қуритилиб, карбонлаштириш (400±50)°C ва (1000)°C да фаоллантириш жараёнидан ўтказилган нефть кокси ва асфальт асосидаги донадор кўмир адсорбентини олишда бошланғич композицияни дастлаб 65-70ºC ҳароратда аралаштириш талаб этиб, бу асфальтнинг боғловчи хоссалари ҳисобига нефть коксининг бутун юзаси бўйлаб тўлиқ боғланиш орқали доначаларга қўшимча мустаҳкамлик хусусиятини бериши аниқланган;
композиция таркибидаги асфальт концентрациясини 36% гача (ФК3) ошириш доначаларнинг мустаҳкамлигини 94% гача, таркибида 24% асфальт бўлган композицияга (ФК2) нисбатан (79%) ошириш имкониятини бериб, бу кокс заррачалари тузилмасининг жипс ва самарали боғланиши, унинг қовушқоқлиги ва боғловчи хоссалари ҳисобига доначаларнинг яхшироқ зичланиши билан боғлиқлиги аниқланган;
доначаларни буғ ёрдамида фаоллантириш иссиқлик билан (термик ишлов) ишлов беришга (75-80%) нисбатан асосий маҳсулот чиқишини 70-73% гача камайтириши аниқланиб, бу нафақат композиция таркибий қисмларининг куйиб, оксидланиши билан, балки кулли қисмининг 2% гача камайиши билан ҳам боғлиқ бўлиб, бу ҳолатлар йодга нисбатан адсорбцион фаолликнинг яна 8-16% га ортишига сабаб бўлиши исботланган;
ФК3 ва ФК4 намуналари нефть маҳсулотлари концентрациясини пасайтиришда, ўзаро 90 дақиқа давомида таъсирлашишда 95% дан ортиб кетиш билан юқори самарадорликка эга эканлиги аниқланиб, бу ҳол термо-(иссиқлик) ва буғ ёрдамида фаоллантирилган намуналарнинг юқори солиштирма юзага эга эканлигидан келиб чиқиши исботланган;
оқова сувларни нефть маҳсулотлари ва бошқа органик моддалардан тозалашда нисбатан юқори адсорбцион фаолликка эга, нефть кокси ва асфальт (боғловчи сифатида) асосидаги донадор кўмир адсорбентини олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Нефтнинг қолдиқ маҳсулотлари кокс ва асфальтдан кўмир адсорбентини олиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маҳаллий нефть қолдиқ маҳсулотлари кокс ва асфальт асосида янги кўмир адсорбентини олиш технологияси «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «2022-2023 йиллар амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2021 йил 13 сентябрдаги 03-17-5/136-сонли маълумотномаси). Натижада, оқава сувларни нефть маҳсулотларидан тозалашда қўлланиладиган импорт ўрнини босувчи адсорбент олиш имконини беради;
олинган кўмир адсорбенти ёрдамида оқава сувлар таркибидан нефть маҳсулотларини тозалаш технологияси «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «2022-2023 йиллар амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2021 йил 13 сентябрдаги 03-17-5/136-сонли маълумотномаси). Натижада, оқава сувларни нефть маҳсулотларидан 88-93% гача тозалаш имконини беради.

Yangiliklarga obuna bo‘lish