Хошимхўжаева Мохирух Музаффаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Оламнинг лисоний тасвирида фитонимлар (инглиз, рус ва ўзбек тиллари мисолида)”, 10.00.06–Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Fil85.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Унивеситети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.Fil.21.01.
Расмий оппонентлар: Сафаров Шахриёр Сафарович, филология фанлари доктори, профессор; Каюмова Венера Фаварисовна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: фитонимик лексик бирликларнинг семантик-мотивацион номинацияси қонуниятлари ва инглиз, рус, ўзбек олам лисоний тасвирининг шаклланишидаги ўрни ҳамда уларнинг муштарак ва фарқли томонларини ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Шакл», «Локатив», «Функционал фойдалалиш», «Ранг», «Текстура», «Вақт», «Таъм», «Миқдор», «Ўсиш йўллари», «Ҳид», «Товуш» тушунчалари асосида инглиз, рус ва ўзбек тиллари фитонимик лексикасида мотивациянинг типологияси ишлаб чиқилган;
махсус этномаркерланган лексик-семантик доираларда инглиз, рус ва ўзбек фитонимларининг тил ташувчилари тафаккурида ўсимлик ҳақидаги билимларнинг қайд этилиши билан боғлиқ асимметрия асослаб берилган;
инглиз, рус ва ўзбек тиллари фитокомпонентли фразеологизмларининг инсон тафаккури ва маданияти билан боғлиқ концептуал-идеографик ва коннатацион хусусиятлари аниқланган;
қиёсланаётган тиллар фитокомпонентли фразеологизмлари таркибида ўсимлик ва унинг хусусиятлари тил ташувчилари учун рамзлар, эстетик эталонлар ва атроф-муҳит ҳақидаги маълумотлар концептуализацияси учун категориялар вазифасини бажариши далилланган;
фитонимлар ва фитокомпонентли фразеологик бирликлар инглиз, рус ва ўзбек лисоний олам тасвирида акс этиши экстралингвистик омиллар – маданият, тарих, менталитет, георафик жойлашув ва биохилма-хиллик билан белгиланиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Оламнинг лисоний тасвирида фитонимларнинг тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фитонимлар – ўсимликлар номлари тўғрисида келтирилган мотивологик маълумотлар ВА-КХФ-5-008 рақамли «Помидор куяси (Tuta absolula)нинг тарқалиш ареали, зарар келтирадиган ўсимлик турлари ҳамда зарар келтириш даражаси» мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 февралидаги 02/21-81-сон маълумотномаси). Натижада ўсимликлар номлари тўғрисида келтирилган мотивологик маълумотлар лойиҳа мазмунини этноботаник ҳаволалар билан тўлдирилишига хизмат қилган;
фитонимлар – ўсимликлар номларининг илмий номи (бинар тизимда туркум ва тур номи кўринишида) ва лисоний бирлик сифатида (халқ номлари тизимида фақат туркум номи кўринишида) ишлатилиши ҳамда шевага хос эквивалентлари ва ушбу номлар ўртасидаги фарқлар борасидаги хулосалар Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида Корея республикасининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш (RDA) ташкилоти билан ҳамкорликда бажарилган «Қишлоқ хўжалик экинлари намуналарини йиғиш, уруғлар унувчанлигини қайта тиклаш ва бирламчи баҳолаш» мавзусидаги халқаро лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 февралидаги 02/21-81-сон маълумотномаси). Ушбу хулосалар Корея қишлоқ хўжалик экинлари ва навларининг тавсияномасини ёритишда номларни аниқ ва тўғри келтирилишига хизмат қилган;
инглиз тили фитонимларининг мотивацион белгиларга кўра таҳлили натижасида олинган мотивацион-номинатив хусусиятлари борасидаги хулосалардан «Dunyo bo`ylab» телеканалида «Children and nature» сингари туркум кўрсатувларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 2017 йил 9 августидаги 08-14-351-сон маълумотномаси). Илмий натижалар ёш томошабинларга инглиз тилини ўргатиш жараёнида табиатнинг бир қисми бўлган ўсимликларнинг инглиз тили ташувчилари тил оламида тасвирланиши ҳақида қизиқарли маълумотлар билан телекўрсатув мазмунини бойитишга хизмат қилган;
диссертация доирасида яратилган «Plantarium» ўсимликлар номларининг электрон луғати Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг илмий фаолиятига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 февралидаги 02/21-81-сон маълумотномаси). Натижада институтда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларида чет эл адабиётларини шарҳлашда, матнларни инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш жараёнида, айрим ўсимликлар номларининг нафақат инглизча балки русча, лотинча ва маҳаллий номларини аниқлашда асос бўлган.