Sayt test rejimida ishlamoqda

Қосимова Нафиса Фарҳодовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумиймаълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Лисоний белги асимметрияси ва унинг сўроқ гап таржимасида воқеланиши», 10.00.06–Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2PhD/Fil.211.

Илмий раҳбар: Мирзаев Ибодулла Камолович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.Fil.21.01.

Расмий оппонентлар: Сиддиқова Ирода Абдузухуровна, филология фанлари доктори, профессор; Мирсанов Ғайбулло Қулмуродович, филология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.

Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: инглиз тили сўроқ гапларининг рус ва ўзбек тилларига таржимасида лисоний белги асимметриясининг система, структура ва функцияда намоён бўлишини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

савол ва сўроқ гапнинг концептуал моҳиятига аниқлик киритилган, улардаги маъноларнинг имплицит ва эксплицит равишда ифода этилиши очиб берилган ҳамда савол ва сўроқ гапнинг ўзаро шакл ва мазмун дихотомияси далилланган;

лисоний белги асимметриясининг тил тизими ва қўлланишида намоён бўлиши тилда бирламчи ва иккиламчи систем, структур ва функционал хусусиятларни аниқ белгилашга имкон бериши асосланган;

коммуникатив мақсадига кўра соф сўроқ гапларни сўроқ-буйруқ, сўроқ-тасдиқ, сўроқ-инкордан фарқлашнинг асосий мезони таржимада намоён бўладиган лисоний белги асимметрияси эканлиги ва бу ҳодиса сўроқ гапларнинг иккиламчи функцияларини таржима қилишда яққол намоён бўлиши аниқланган;

оҳанг умумий сўроқ гапнинг бирламчи белгиси эканлиги, уни ҳосил қилувчи қолган барча воситаларнинг иккиламчи, уни тўлдирувчи формал хусусиятга эга эканлиги асосланган;

таржимашунослик амалиётига лисоний қиймат назариясини татбиқ этиш орқали сўроқ гапларнинг коммуникатив контекст доирасида бирламчи (локутив), иккиламчи (иллокутив) функцияларининг намоён бўлиши ва грамматик белгилар полисемияси дифференциал-контекстуал характерга эга эканлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

тиллараро систем, таркибий ва мазмуний номутаносиблик ҳолатларининг намоён бўлиши, лисоний белги асимметрияси ва сўроқ гапларнинг полифункционаллиги билан боғлиқ хулосалардан Ф-1-06 рақамли «Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези» номли фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Фан ва технология агентлигининг 2017 йил 22 ноябрдаги ФТА-02-11/1164-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши таржимашуносликка оид бўлган янги назарияларнинг тўғри талқин қилинишига, инглиз, рус ва ўзбек тилларининг бой ифода имкониятларини намоён этишга хизмат қилган;

тил назарияси, умумий тилшунослик, таржимашунослик, матн лингвистикаси, лингвистик таҳлил масалалари билан боғлиқ хулосалардан 5А120102–Лингвистика магистратура мутахассислигида «Замонавий лингвистика йўналишлари», «Таржима назарияси ва амалиёти», «Ёзма таржима», «Матннинг филологик таҳлили», «Тил назарияси амалиёти», «Визуал ва синхрон таржима» каби фанларнинг назарий масалаларини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 26 февралдаги 89-03-869-сон маълумотномаси). Натижада юқорида кўрсатилган фанларни ўқитишнинг сифати ва самарадорлиги, талабаларнинг мазкур фанлар бўйича назарий билимларининг ошиши ва ўқув материалларини такомиллаштиришга хизмат қилган;

коммуникация назарияси, тил воқеланиши, жумладан, сўроқ гапларнинг ясалиш шарт-шароитлари ва серқирралиги, улардаги услубийлик, фикрнинг қандай мақсадга йўналтирилганлиги билан боғлиқ хулосалардан Бухоро телеканалининг «Менга сўз беринг», «Кичкинтой», «Муносабат», «Ассалом, Бухоро» каби туркум кўрсатувларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2018 йил 29 январдаги 05/15/392-сон маълумотномаси). Натижада телекомпания ижодий жамоасининг ўзбек тилида соф ва равон фикрлаши, тил воситаларини танлашда услубийликни таъминлаш, билдириладиган фикрни телетомошабинларга мантиқий етказиши учун замин яратган;

тиллараро асимметрия аслият ва таржима бирликларининг қийматини белгиловчи семантик трансформацияларни тақозо этиши ва бу трансформациялар прагматик, стилистик, функционал-семантик мосликни юзага келтиришига доир хулосалардан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига қарашли ҳамроҳ-таржимонларнинг нутқ маданиятини ривожлантириш, лингвомаданий алоқаларни адекват тарзда ўрнатиш, таржима жараёнининг тўлақонлилигини таъминлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг 2017 йил 21 декабрдаги 01-04/736-сон маълумотномаси). Илмий хулосаларнинг қўлланилиши ҳамроҳ-таржимонларнинг чет эл сайёҳларига тарихий материаллар мазмунини тўғри етказиб бериш билан боғлиқ фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish