Ирзаев Баҳром Шаймаматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда мусиқа маданиятининг ривожланиши”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/Tar15.
Илмий раҳбар: Ҳасанов Бахтиёр Вахапович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Эргашева Юлдуз Алимжановна, тарих фанлари доктори, профессор; Ҳамидов Ҳожиакбар, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мустақиллик йиллари Ўзбекистонда мусиқа маданиятининг ривожланиши, миллий мусиқий мерос, касбий мусиқа, замонавий мусиқа санъати, мусиқий таълим масалаларини очиб беришдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Туркистон», «Ер юзи», «Маориф ва ўқитувчи», «Аланга» ва бошқа ўзбек вақтли матбуоти саҳифаларида чоп этилган, аммо турли сабабларга кўра тадқиқотчилар эътиборидан четда қолган бир қатор манбалар асосида XX асрнинг 20–30 - йилларида ўзбек миллий зиёлилари, композитор ва бастакорлари томонидан миллий мусиқа маданиятининг кўплаб ёрқин намуналари яратилгани аниқланган;
XX асрнинг 30–80 йилларида ўзбек мусиқа маданиятига мустабид тузум мафкураси нуқтаи назаридан бир ёқлама ёндашиш натижасида миллий мусиқа созларини Европа мусиқа асбоблари андозаси асосида реконструкция қилиш, миллий мусиқа асарларининг энг яхши намуналарини қайта ишлаш тажрибаси амалга оширилгани ва бу ҳол ўзбек мусиқа маданиятини таназзул ҳолатига олиб келганлиги исботланган;
ўзбек замонавий мусиқа санъатига хорижий мусиқа таъсири, шунингдек, “оммавий маданият” кўринишларининг кириб келаётгани миллий мусиқа санъати тараққиётига, ёш авлоднинг эстетик диди ва миллий мусиқий қарашларининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши асосланган;
мамлакатда мусиқий таълим соҳасида ўтказилган ислоҳотларнинг тадрижий натижалари баҳоланган ҳамда таълим сифатини ошириш, ўқув адабиётлари, кадрлар таркибидаги номутаносибликлар каби мавжуд муаммолар юзасидан хулосалар асосланган;
маданий тадбирларни фаол амалга оширишда “халқ дипломатияси”нинг етакчи воситаларидан бири мусиқа санъатидан кенг ва самарали фойдаланилганлиги асосланган;
Ўзбекистон ижодий зиёлиларининг илмий тадқиқотлари, ижодий фаолияти, санъаткорларимизнинг халқаро маданий жараёнлардаги фаол иштирокини уйғунликда ўзбек мусиқа маданиятининг ривожланишида муҳим омил бўлганлиги илмий асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда мусиқа маданиятининг ривожланиши юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
мустабид тузум даврида ўзбек санъаткорлари бахши, ҳофиз ва бастакорларига нисбатан амалга оширилган таъқиб ва қатағонлар, улар томонидан яратилган ўзбек миллий мусиқа маданиятининг ёрқин намуналари, шунингдек, совет депортация сиёсати оқибатида юзага келган кўп миллатли Ўзбекистонда “халқ дипломатияси”нинг етакчи воситаларидан бири бўлган мусиқа санъатининг ролини кўрсатувчи илмий натижалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 5 майдаги ПҚ-861-сонли “Қатағон қурбонлари хотираси музейи фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ яратилган Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг “1940-50 йиллардаги сиёсий қатағонлар” мавзуидаги лойиҳаси 8-бўлимини қайта шакллантиришда фойдаланилган (Қатағон қурбонлари давлат музейининг 2018 йил 13 февралдаги 38-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар тоталитар тузум даврида ижодий зиёлиларга нисбатан амалга оширилган қатағон сиёсатининг моҳиятини очиб берган, кўп миллатли мамлакат учун ички барқарорликни таъминлашда мусиқа маданиятининг ўрни бой фактик материаллар асосида кўрсатиб берилган;
мустабид тузум шароитида тазйиққа олинган миллий мусиқий қадриятларнинг тикланиши, хусусан, “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги, ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда мунтазам ўтказиладиган “Бойсун баҳори” фольклор байрами, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали каби тадбирлар, мамлакатда миллий эстрада санъати ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ниҳол” мукофотининг таъсис этилиши, шунингдек, мамлакатда мусиқий таълим соҳасида ўтказилган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги ПҚ-910-сонли “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори доирасида амалга оширилган тадбирларга оид материаллардан музейнинг “Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар (1991 йилдан кейинги давр)” номли янги экспозициясини бойитишда кенг фойдаланилган (Қатағон қурбонлари давлат музейининг 2018 йил 13 февралдаги 38-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларнинг кўлам ва моҳиятини очиб бериб, уни бой фактик материаллар, манба ва маълумотлар билан тўлдиришга хизмат қилган.