Якубов Қаҳрамон Каримджановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошида Хива хонлигида вақф институти (тарихий-манбашунослик таҳлили)”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи, 07.00.08–Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқотусуллари (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В.2017.1.PhD/Tar79.
Илмий раҳбар: Зияева Доно Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фанлар академияси Тарих институти. DSc.06.01.2018.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Юсупова Дилором Юнусовна, тарих фанлари доктори, профессор, академик; Зиёдов Шовосил Юнусович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Хива хонлигида вақф институти тарихи ҳамда унинг ўзига хос хусусиятларини тарихий манбашунослик таҳлили асосида ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларига мансуб вақфномаларнинг ички ва ташқи белгилари, хусусан, матн тили, ҳужжат тузилиши ва кодикологик хусусиятлари ҳамда улардаги айрим ўзгаришлар аниқланган;
Хива хонлигида вақф маъмуриятининг функциялари, фаолият механизми, вақф объекти ва субъекти, вақф мулкларининг турлари, вақф мулклари даромадларининг тақсимоти ёритиб берилган;
мутаваллининг вақф маъмурияти вакиллари ва ижарачилар билан ижтимоий-иқтисодий муносабатларининг ҳуқуқий асослари ҳамда амалиёти очиб берилган;
Хива хонлиги ҳудудида вақф мулкларидан фойдаланишда ижара тартиби устувор ўрин эгаллаганлиги, шунингдек, вақф ерларининг узоқ муддатли ижара (ижара-йи тавила) амалиёти ҳам мавжуд бўлганлиги аниқланган ҳамда уларнинг фаолият механизми ёритиб берилган;
XIX асрнинг сўнгги чорагига келиб хонликда товар-пул муносабатларининг ривожланиши натижасида пул вақф этилувчи асосий объектга айланди ҳамда ундан байъ-и жойиз йўли билан даромад олиш тартиби амалда бўлганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида Хива хонлигида вақф институти мавзуси бўйича олиб борилган тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
Хива хонлигидаги вақф мулкларининг турлари, хронологияси, воқифлар шахси, вақф даромадларидан фойдаланган муассасалар рўйхатини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилиб, унинг асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивининг «Вақф ёрлиқлари коллекцияси» номли И–323-фондининг рўйхатини тузишда фойдаланилган («Ўзархив» агентлигининг 2018 йил 23 мартдаги 01-26/216-сон маълумотномаси). Ушбу рўйхат мазкур фондда сақланаётган тарихий ҳужжатларни хронология, мазмун ҳамда ҳужжат турлари бўйича тизимлаштириш асосида илмий изланишлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилган ҳамда метрология, нумизматика ва сфрагистикага оид тарихий маълумотларни аниқлаштириш имконини яратган;
вақфга оид тарихий ҳужжатлар табдили ҳамда инглиз тилидаги таржималардан ўрин олган маълумотлардан Германиянинг Мартин Лютер университети ҳузуридаги Шарқшунослик институти ва ўзбекистонлик олимларнинг ҳамкорликдаги “The Archives Talk. Social History of Central Asia” мавзусидаги халқаро лойиҳа доирасида файдаланилган (Мартин Лютер университети ҳузуридаги Шарқшунослик институтининг 2018 йил 23 мартдаги маълумотномаси). Ушбу ноёб тарихий ҳужжатларнинг инглиз тилига таржима қилиниши ва уларнинг электрон (digital) нусхаларининг яратилиши хорижий тадқиқотчилар учун Хива хонлигининг ижтимоий тарихини ўрганиш учун катта имконият яратган;
Хива хонлигидаги масжид, мадрасаларнинг вақф мулклари, уларнинг даромадлари, вақф муассасаси ходимлари ҳақида шунингдек, сарой мансаблари ва амалдорлари, бекликлар сони ва улар ихтиёридаги ерлар ҳақидаги маълумотлар ва тегишли шарҳлар тўғрисидаги маълумотлардан ИФА-2012-1-13 рақамли инновацион лойиҳаси доирасида тайёрланиб, чоп этилган «Ўзбекистон тарихи хрестоматияси (4-жилд)»нитайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 5 апрелдаги 3/1255-853-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари маърифий-маданий, жамоат муассасаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аждодлар тажрибаси ҳамда тарихий анъаналарини ўрганиш, амалиётга татбиқ этишга хизмат қилган.