Сафаров Джахонгир Исмоиловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Экология соҳасида қонун ҳужжатлари тизими ва уларни кодификациялаш», 12.00.06–Табиий ресурслар ҳуқуқи. Аграр ҳуқуқ. Экологик ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Yu38.
Илмий маслаҳатчи: Файзиев Шуҳрат Ҳасанович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.Yu.25.01.
Расмий оппонентлар: Усмонов Мухаммади Бахритдинович, юридик фанлар доктори, профессор; Насриев Илхом Исмоилович, юридик фанлар доктори, профессор; Камалов Ойбек Ахматович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: экология соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва уларни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини бериш, ушбу тузилмада экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилган;
экологик назорат вазифаларини қонунда белгилаш, экологик назорат жамоат инспекторларини махсус тайёргарликдан ўтказиш тартибини жорий этиш таклиф этилган;
ҳайвонот дунёси мониторинги, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишни чеклаш ва тақиқлаш, улардан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган;
ғайриқонуний равишда тутилган ёввойи ҳайвонларни, уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини, уларни ғайриқонуний равишда тутиш қуроли ва воситаларини олиб қўйиш тартибини жорий этиш асосланган;
ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари сирасига «ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга ошириш», «бошқа ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузмаслик», «қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаш» каби мажбуриятларни киритиш асослаб берилган;
экологик ахборот, экологик суғурта, экологик аудит, экологик зарар, экологик таълим-тарбия, экологик ҳалокат зоналари каби институтларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш орқали экология соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш асослаб берилган;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чиқиндиларни, шу жумладан чет элга мансуб радиоактив чиқиндиларнинг ҳар қандай турларини сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида олиб кириш, утилизация қилиш учун тегишли технологиялар мавжуд бўлган чиқиндиларнинг кўмиб ташлаш каби тақиқланган хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш лозимлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Экология соҳасидаги қонун ҳужжатлари тизимини такомиллаштириш ва кодификациялаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятига оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонунида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йил 5 апрелдаги Д-07/166-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар жамоатчилик экологик назорати институтини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга хизмат қилган;
экологик назорат вазифаларини қонунда белгилашга оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддасида (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг 2016 йил 4 апрелдаги 11-03/128-сон маълумотномаси), экологик назорат жамоат инспекторларини махсус тайёргарликдан ўтказишга оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 1 апрелдаги СҚ-85-III-сонли қарорида (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 18 апрелдаги 10-15/284-сон маълумотномаси) ўз ифодасини топган. Ушбу таклифлар экологик назорат институтининг самарадорлигини оширишга ҳисса қўшган;
ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларининг нормаларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йил 12 октябрдаги 04/4-178-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилган;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ер соҳасида жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, ер участкасидан оқилона фойдаланишга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг нормаларини такомиллаштиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг 2016 йил 4 апрелдаги 11-03/128-сон, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 18 апрелдаги 10-15/284-сон маълумотномалари). Ушбу таклифлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ваколатларини кучайтиришга, ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга ҳисса қўшган;
«инсоннинг яшаш муҳити» тушунчасининг юридик таърифини қонун ҳужжатларида акс эттириш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонунининг нормаларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 18 апрелдаги 10-15/284-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф фуқаролар яшаш муҳитининг норматив таърифини бериш ва шу орқали ушбу муҳитни муҳофаза қилиш асосларини янада такомиллаштиришга хизмат қилган;
биологик чиқиндиларнинг муомалада бўлиши ва йўқ қилиб ташланиши чоғидаги талабларни белгилаш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонунининг нормаларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 18 апрелдаги 10-15/284-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф биологик чиқиндилар билан муомалада бўлишда ва уларни йўқ қилиб ташлашда экологик хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшган.