Турсунхожаева Шоира Уткуровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Наркотик моддалар билан ўткир заҳарланишда жигардаги морфологик ўзгаришларини эксперт баҳолаш», 14.00.24–Суд тиббиёти (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Tib251.
Илмий раҳбар: Искандаров Алишер Искандарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06. 2017.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Мавлян-Ходжаев Равшан Шухратович, тиббиёт фанлари доктори; Бахриев Иброхим Исомиддинович, тиббиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: ўткир ва сурункали наркотик интоксикациясида жигардаги морфологик ўзгаришларни суд-тиббий жиҳатидан эксперт баҳолашдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали гепатит ва алкоголизм фонида наркотикдан заҳарланишда гепатоцитлар регенерациясини пасайтирувчи жигар стромасидаги яллиғланиш ва склероз ҳамда паренхимасидаги дистрофик ва некротик ўзгаришларнинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи балли тизим яратилган;
сурункали гепатит ва алкоголизм фонида наркотикдан заҳарланишда жигарнинг морфофункционал майдонларида ривожланадиган патоморфологик ўзгаришлар, яъни 3-майдонда дистрофик ва некроз, 2-майдонда Диссе бўшлиғи кенгайиши, Купфер ҳужайралари фаоллашуви ва 1-майдонда яллиғланиши, склеротик ўзгаришлар аниқланган;
жигарнинг ўзига хос морфофункционал индекслари: ПФИ меъёрга нисбатан 2 баробар камайиши, СФИ меъёрга нисбатан кўтарилиши, ЖШИ ўткир наркотикли заҳарланишда 0,21, сурункали заҳарланишда 0,1 га тенглиги исботланган;
сурункали гепатит ва алкоголизм фонида наркотикдан заҳарланишда жигарнинг портал йўлларида лимфоцит, макрофаг ва ёш бириктирувчи тўқима ҳужайраларининг устун туриши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Наркотик моддалар билан ўткир заҳарланишда жигарнинг морфологик ўзгаришларни эксперт баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Жигарни наркотик моддалар билан заҳарланишида миқдорий кўрсаткичларни аниқлаш усулини морфометрик тадқиқ қилиш» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2011 йил 14 ноябрдаги 8н/176-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма организмни наркотиклар билан заҳарланишида жигар ҳужайраларидаги ўзгаришларни суд-тиббий эксперт баҳолаш имконини берган;
наркотиклар билан ўткир заҳарланишларда жигарнинг морфологик ўзгаришларни эксперт баҳолашни такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика суд-тиббий экспертиза бюроси, Тошкент шаҳар суд-тиббий экспертиза бюроси амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 29 мартдаги 8н-д/27-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижалари суд-тиббий экспертиза бюросининг эксперт амалиётига жорий қилиниши жигарни морфометрик эксперт баҳолаш мезонлари нафақат наркотиклар билан заҳарланишда юз берган ўлимнинг асосий сабабларини аниқлаш, балки вирусли гепатит турини аниқлаш имконини берган.