Sayt test rejimida ishlamoqda

Темирова Маҳбубахон Алибековнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек ва қирғиз халқ мақоллари типологияси», 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fil165.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.

Илмий раҳбар: Мирзаева Салимахон Райимжоновна, филология фанлари доктори, профессор.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.

Расмий оппонентлар: Турдимов Шомирза Ғаниевич, филология фанлари доктори; Жамгырчиева Гулина Толобаевна,  филология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг юзага келиш тарихи, тараққиёт омилларини аниқлаш, тадрижий тараққиёт босқичларини текшириш, халқ фалсафий ва бадиий эстетик қарашларининг шаклланишида ижтимоий-тарихий ва географик муҳит ўрнини таҳлил этиш, ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг структурал, поэтик типологиясини ўрганишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг яратилиш тарихи ва вужудга келиш омиллари, халқ фалсафий ва бадиий-эстетик қарашларининг шаклланишида ижтимоий-тарихий ва географик муҳит ўрни, шунингдек, ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг структурал, поэтик типологияси масалалари ёритилган;

фольклордаги энг кичик жанр тадқиқи орқали ўзбек ва қирғиз мақолларининг генетик муштараклиги, ўзига хослик ва фарқли хусусиятлари асослаб берилган;

умумтуркий фольклордаги ўзбек ва қирғиз халқи томонидан яратилган мақоллар мавзу кўлами, ғоявий, бадиий жиҳатдан ўзаро яқин бўлса-да, бир қатор тафовутлар мавжудлиги ҳам исботланган;

ёнма-ён яшовчи халқларда бўлганидай икки халқ урф-одатлари, анъана ва маросимларидаги муштаракликлар мақолларда ҳам мавжудлиги, унда ҳар икки халққа хос урф-одат, анъана ва маросимларнинг моҳияти акс этиши илмий асосланган;

ҳар икки халқ оғзаки ижодида ҳам шеърий ва насрий мақоллар мавжуд бўлиб, мақоллардаги бадиий образлар ўртасида ўхшашликлар мавжудлиги далилланган, ҳар икки халқ мақолларининг структурал ва бадиий хусусиятлари қиёсий ёритилган;

ўзбек ва қирғиз мақолларининг тарихий тараққиёти, мавзу кўлами, образлар тизими, структураси, бадиияти типологик нуқтаи назардан яхлит далилланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг ўрганилиши, генетик муштараклиги, ўхшаш ва фарқли хусусиятлари, бадиияти билан боғлиқвазифаларни тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг лингвистик хусусиятларига оид илмий натижалардан Ф1-ФА-0-55746 рақамли “Марказий Осиё халқлари адабий қўлёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш. Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини тўплаш ва уларни илмий тавсифлаб, нашрга тайёрлаш” (2012-2016) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 5 февралдаги 89-03-576-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида нашр этилган “Тўтинома” ва “Қуш тили” типидаги асарларнинг қиёсий-типологик ва текстологик тадқиқи” монографияларида масал ва мақол жанрлари муносабатларини илмий асосда ёритишга эришилган;

Андижон вилоят телерадиокомпаниясининг “Муносабат”, “Олтин халқа” каби кўрсатувлари ҳамда “Эркин фикр”, “Шукрона” эшиттиришлари ўзбек ва қирғиз халқ мақоллари мисолида уларнинг турмуш тарзи ва урф-одатидаги муштаракликлари, мақолларнинг ёшлар тарбиясидаги ва икки қардош халқ ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти каби фикрлар билан бойитилган (Андижон вилоят телерадиокомпаниясининг 2018 йил 23 январдаги 20-24/3-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинлар ҳамда радиоэшиттириш мухлислари ўзбек ва қирғиз халқ мақолларининг поэтикаси, образлар тизими ва мавзу кўлами ҳақида янги маълумотларга эга бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ўтказилган семинарларда, Қирғизистонда Ўзбекистон ҳукумат делегацияси аъзоси сифатида дўстона қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йил 26 октябрда ўтказилган “Дўстлик ришталари” тадбирида, 2016 йил 26 октябрда Андижон давлат университети билан Ўш давлат университети ўртасида имзоланган Меморандум асосида 2017 йил 20 ноябрь ва 7 декабрдаги ўзаро алоқаларда диссертация ҳамда “Ўзбек ва қирғиз фольклорида мақоллар муштараклиги” ўқув қўлланмасидаги фикрлар ва хулосалардан фойдаланилган (Қирғиз миллий маданий марказининг 2018 йил 17 январдаги 24-сон маълумотномаси). Натижалар икки халқ қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларнинг мазмунли ташкил этилишига хизмат қилган;

қирғиз тилининг тарихий тараққиёти, мавзу кўлами, образлар тизими, структураси, бадиияти типологияси бўйича олинган натижалардан қирғиз тилидаги мактабларнинг 4-синф ўқувчилари учун “Эне тил” (“Она тили”) дарслиги, шунингдек, 5-синф (2015, 10-синф (2017) ўқувчилари учун ҳаммуаллифликдаги “Қирғиз тили” дарсликларида, 7-синф (2017), 10-синф (2017) ўқувчилари учун ҳаммуаллифликдаги “Адабият” дарсликларида қирғиз халқ мақолларининг лингвистик ва тематик турларига оид назарий фикрларидан фойдаланилган (дарсликлар Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган). Натижада ўқувчиларнинг халқ оғзаки ижоди, хусусан, мақолларга оид билимларини оширишга, уларда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ҳамдўстлик туйғуларини шакллантиришга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish