Sayt test rejimida ishlamoqda

Мансуров Улуғбек Умаровичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар:

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “1917–1924 йилларда Фарғона водийси шаҳарлари тарихи”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В.2017.1.PhD/Tar23.

Илмий раҳбар: Зияева Доно Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фанлар академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.

Расмий оппонентлар: Маҳкамова Нодира Рахмановна, тарих фанлари доктори; Шарафиддинов Абдуғаффор, тарих фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийси шаҳарлари тарихида 1917–1924 йилларда содир бўлган кескин сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзгаришлар таъсири ва оқибатларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 

1917 йил Февраль инқилоби натижасида Фарғона водийсининг барча йирик шаҳарларида ташкил қилинган Думалар орқали маҳаллий аҳоли вакиллари шаҳар хўжалиги ва ҳаётини бошқаришда фаол иштирок этганлиги, Октябрь тўнтариши натижасида эса Думалар тарқатилиб, шаҳар даромади ҳамда хўжалиги буткул партия измига бўйсундирилганлиги, маҳаллий аҳоли вакиллари шаҳар бошқарувидан четлаштирилганлиги аниқланган;

совет ҳокимиятининг иқтисодий соҳада давлат монополиясини ўрнатиши ва озиқ-овқат заҳираларини тортиб олиши натижасида завод-фабрикалар тўхтаб қолганлиги, боғлар қаровсиз қолиб, ҳосил бўлмаганлиги, транспорт, банк, солиқ тизими издан чиққанлиги боис тақчиллик, етишмовчилик юзага келиб, шаҳар аҳолисининг моддий аҳволи оғирлашганлиги ва унинг сони кескин камайиб кетганлиги, деурбанизация ҳолати юзага келганлиги ёритиб берилган;

шаҳарларда совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида маданий-маърифий муассасалар фаолияти ягона тизимга эга бўлмаганлиги, 1921 йилдан бошлаб фаоллашиб борган совет маданий муассасалари шаклан янгича бўлса-да, моҳиятан улар большевиклар ғоялари, мафкуравий тарғибот, синфий кураш воситаларига айланганлиги асосланган;

ҳарбий ва сиёсий курашлар жараёнида Фарғона водийси шаҳарларида ичимлик сувининг танқислиги, малакали шифокорлар етишмаслиги, тиббиёт хизматининг паст даражада бўлганлиги ҳамда моддий етишмовчилик шароитида аҳоли орасида вабо, чечак, трахома, ўлат, безгак каби касалликлар кучайиб кетганлиги, шаҳар аҳолиси ҳаёти янада оғирлашганлиги аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

1917–1924 йилларда Фарғона водийси шаҳарлари тарихи тадқиқоти давомида олинган илмий натижалар ва амалий таклифлар асосида:

1917 йилда ўлкада совет ҳокимиятининг зўрлик билан ўрнатилиши натижасида шаҳарларнинг бошқарув тизими инқилобий қўмиталар ва диктатура қўлига ўтиши билан ҳукмрон кучлар ва уларнинг ғоялари измига тушиб қолганлиги, шаҳарлардаги ижтимоий-маданий инфратузилмалар, маиший хизмат кўрсатиш муассасаларининг янги тизими шаклланишидаги зиддиятли ҳолатларни тарихий фактлар асосида очиб бериш масалалари Ф1-ФА-0-11986 рақамли «Ўзбекистон шаҳарлари тарихи: анъаналар, урбанизация ва трансформация жараёнлари (энг қадимдан ҳозиргача)» номли фундаментал лойиҳа доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 29 ноябрдаги ФТА-02-11/1211-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Фарғона водийси шаҳарларининг 1917–1924 йиллардаги ўзига хос, мураккаб ва зиддиятли ҳолатини аниқлаш, уларнинг сабаб ва оқибатларини холисона баҳолашга хизмат қилган;

статистик маълумотлар таҳлили асосида ўлка ҳудудида юзага келган иқтисодий инқироз ва сиёсий кураш, большевиклар ҳокимиятининг экстенсив сиёсатининг водий шаҳарлари ҳаётига салбий таъсир этганлиги бўйича олинган илмий натижалардан Наманган вилояти ўлкашунослик музейи экспонатларининг «1917 йилдаги Октябрь тўнтариши», «Совет ҳокимиятининг Фарғона водийси шаҳарларида ўрнатилиши» мавзусидаги бўлимларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2017 йил 13 декабдаги 01-11-08-6372-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши музейда совет даврида Фарғона водийси шаҳарларидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт масалалари ёритилган фотосуратлар ва архив манбалари асосида янги экспозицияларнинг яратилиши ва уларни кенг оммага тақдим этиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish