Туляганова Нодирахон Маликовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болалардаги церебрал инсультнинг хавф омиллари, этиологик ва клиник-нейровизуализацион хусусиятлари», 14.00.13–Неврология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib78.
Илмий раҳбар: Шамансуров Шаанвар Шамуратович, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, DSc.27.06.2017.Tib.31.01.
Расмий оппонентлар: Рахимбаева Гульнора Саттаровна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Садикова Гулчехра Кабуловна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: болаларда церебрал инсультнинг хавф омиллари, этиологик, клиник ва нейровизуал хусусиятларини аниқлаш ҳамда қиёсий ташхислашни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистонда болаларда церебрал инсульт ривожланишини хавф омиллари сифатида, онанинг ҳомиладорлик давридаги касалликлари ва бу даврда онанинг алоҳида дори воситаларини қабул қилишининг ишонарли даражадаги аҳамияти аниқланган;
болаларда церебрал инсультнинг тури ва даврига боғлиқ ҳолда клиник кечиши хусусиятлари: кичик ёшли болаларда дастлаб умумий мия белгилари устун бўлиб, кейинчалик ўчоқли ўзгаришлар шаклланиши, каттароқ ёшда эса, ўчоқли бузилишлар анча олдинроқ пайдо бўлиб, кейинчалик қўпол мотор етишмовчиликларга сабаб бўлиши аниқланган;
церебрал инсульт ўтказган болаларнинг гемостазиологик кўрсаткичлари билан неврологик статус ўртасида тўғри корреляцион боғлиқлик борлиги аниқланган;
церебрал инсульт турига қараб, нейрофизиологик ва нейровизуализацион комплекс текширишлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда ташхислаш мезонлари аниқланган;
туғилгандан 16 ёшгача бўлган болаларда церебрал инсульт ва унинг асоратларининг қиёсий ташхисот алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Болаларда инсульт ташхисини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Болаларда церебрал инсультдаги гемостаз кўрсатқичлари” мавзусидаги услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 4 майдаги 8н-д/88-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма церебрал инсульт ўтказган болаларда гемостазиологик ўзгаришларни эрта ташхислаш, клиник кечишини аниқлаш, беморларни кейинги кузатув ва дифференциал даволаш тактикасини оптималлаштиришга хизмат қилган;
болаларда церебрал инсультни ташхислашни оптималлаштириш чора-тадбирлари бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман марказий шифохонаси амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 17 майдаги 8н-д/91-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар болаларда церебрал инсультни даволаш чора-тадбирлари бўйича ишлаб чиқилган қиёсий ташхисот алгоритми комплексли тиббий-ижтимоий реабилитация самарадорлигини сезиларли ошириш билан бир қаторда даволашни адекват ва ўз вақтида олиб боришга имкон берди, бу эса ногиронликнинг оғирлик даражасини 1,7 марта пасайтиришга, стационар шароитда даволаниш муддатини 1,8 баробар қисқаришига, даволашга кетадиган сарф-харажатларни 28 фоизга камайтириш имконини яратган.