Худойқулов Хуршид Хуррамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фонд бозори активларини баҳолаш механизмини такомиллаштириш», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Iqt291.
Илмий раҳбар: Мустафақулов Шерзод Игамбердиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.I.15.01.
Расмий оппонентлар: Тошмуродова Бувсара Эгамовна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Пўлатов Дилшод Хакбердиевич, иқтисодиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон фонд бозоридаги активларни баҳолаш механизмини такомиллаштириш бўйича илмий-услубий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фонд бозорида иштирок этадиган акциядорлик жамиятлари акцияларидан кутилаётган даромадни аниқлаш мақсадида бозорнинг тизимли рискини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
фонд бозоридаги акцияларнинг бозор баҳосини янада аниқроқ белгилашга имкон яратувчи ҳар бир акцияни биржа савдосида битта лот шаклида сотишнинг самарали усул эканлиги асосланган;
ўрта муддатли ғазна мажбуриятларини биржадаги савдосининг амалдаги тартибига улар тўғрисидаги асосий маълумотлар ҳамда эмиссия қилиш параметрларини биржа орқали эълон қилиш тартибини киритиш орқали мазкур механизмни такомиллаштириш таклифи ишлаб чиқилган;
фонд бозорида иштирок этадиган акциядорлик жамиятлари эмиссион харажатларининг сезиларли даражада қисқартирилишига таъсир кўрсатувчи корпоратив облигациялар эмиссиясининг соддалаштирилган тартиби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фонд бозори активларини баҳолаш механизмини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фонд бозори активларини баҳолаш услубиётини такомиллаштириш мақсадида хазина мажбуриятларини эмиссия қилиш тартибини такомиллаштириш ва капитални жалб қилишнинг муқобил манбаи сифатида эътиборга олиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 1327-сонли «Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини жойлаштириш, муомалада бўлиши ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2017 йил 14 декабрдаги ЁТ/20-03-31-12-82/2241-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий қилиниши, ўз навбатида, фонд бозоридаги активлардан кутилаётган даромадни аниқлаш имкониятини янада оширишга хизмат қилган;
фонд бозоридаги нисбатан рисксиз активлар ҳисобланган корпоратив облигацияларни муомалага чиқариш талабларини соддалаштириш бўйича таклифлар «Ўрта ва узоқ муддатли молия бозорини ривожлантириш концепцияси»да фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 17 мартдаги 654/02-29-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши фонд бозоридаги рисксиз активларнинг ривожланишини таъминлашга ҳамда фонд бозоридаги активларни баҳолаш механизмининг такомиллашишига олиб келган;
фонд бозори активларини баҳолаш мақсадида ҳар бир акциянинг олди-сотдисини битта лот шаклида амалга ошириш бўйича тақдим этган таклифи «Тошкент» Республика фонд биржасининг амалиётида жорий этилган («Тошкент» Республика фонд биржасининг 2018 йил 12 апрелдаги 01/08-07-482-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши натижасида фонд бозоридаги активларнинг бозор баҳосини аниқлашга ёрдам бериши натижасида фонд бозоридаги қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича биржа битимларининг 10 фоизга ошиши таъминланган;
фонд бозорида иштирок этадиган акциядорлик жамиятлари акцияларидан кутилаётган даромадни аниқлаш мақсадида бозорнинг тизимли рискини ҳисоблаш усули бўйича ишлаб чиққан таклифи «Тошкент» Республика фонд биржасининг амалиётида жорий этилган («Тошкент» Республика фонд биржасининг 2018 йил 12 апрелдаги 01/08-07-482-сон маълумотномаси). Мазкур илмий-амалий янгиликнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида фонд бозоридаги акциядорлик жамиятлари акцияларини баҳолаш усули такомиллаштирилган ва фонд бозоридаги ликвидли активларни аниқлаш имконияти яратилган.