Sayt test rejimida ishlamoqda

Хаджибаев Жамшид Абдуазимовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қизилўнгачда куйишдан кейинги чандиқлари бўлган беморларни даволаш тактикасининг замонавий жиҳатлари», 14.00.27–Хирургия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib142.

Илмий раҳбар: Низамходжаев Зайниддин Махаматович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.

Расмий оппонентлар: Хакимов Мурод Шавкатович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Худайбергенов Шухрат Нурматович, тиббиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: И.И.Джанелидзе номидаги Санкт-Петербург тез ёрдам илмий-тадқиқот институти давлат бюджет ташкилоти (Россия Федерацияси).

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: қизилўнгачнинг куйишдан кейинги чандиқли торайиши бўлган беморларда тактикани такомиллаштириш, даволашнинг янги миниинвазив усулини татбиқ этиш йўли билан даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

алмашинадиган металл олива билан эндоскопик бужлашнинг такомиллаштирилган усули ишлаб чиқилган;

қизилўнгач куйишдан кейинги чандиқли торайишини узоқ муддатга интубация қилиш учун силикон стентнинг янги конструкцияси ишлаб чиқилган;

стентлашдан аввал ва ундан кейин турли муддатларда қизилўнгач чандиқли торайган девори морфологик ўзгаришларининг хусусиятлари ўрганилган;

қизилўнгачнинг куйиш характери, кимёвий реагент миқдори, куйиш сабаби ва юзага келган вақтига боғлиқ равишда қизилўнгач чандиқли торайишининг типологик хусусиятлари очиб берилган;

инструментал даволашнинг турли усулларига бўлган кўрсатмалар оптималлаштирилган, шунингдек, сим ўтказгич бўйлаб бужлаш, эндоскопик бужлаш, гидробаллонли дилатация ва чандиқли торайишни стентлаш усулларини амалга оширишга дифференциал ёндашувлар такомиллаштирилган;

қизилўнгачнинг куйишдан кейинги чандиқли торайиши бўлган беморларда диагностик эндоскопия ва миниинвазив аралашувлар вақтида қизилўнгач шикастланишининг частотаси ва сабаблари ўрганилган, уларнинг олдини олиш чоралари ишлаб чиқилган;

қизилўнгачнинг куйишдан кейинги чандиқли торайиши бўлган беморларда миниинвазив аралашувларнинг замонавий усулларини танлашга индивидуал ёндашувнинг асосий мезонлари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қизилўнгачнинг куйишдан кейинги чандиқли торайиши бўлган беморларни даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:

ишлаб чиқилган “Қизилўнгач бужи”га Интеллектуал мулк агентлигининг патенти олинган (FAP 01130-сон фойдали модели учун патент, 2017 йил). Таклиф этилган усул алмаштириладиган олива билан эндоскопик бужлашнинг такомиллаштирилган усули бўлиб, анъанавий бужлаш имкони бўлмаган беморларни ҳам миниинвазив даволашга имкон берган;

ишлаб чиқилган “Қизилўнгачни эндопротезлаш учун стент”га Интеллектуал мулк агентлигининг патенти олинган (FAP 01101-сон фойдали модел учун патент, 2017 йил). Таклиф этилган стент муваффақиятли бужлаш курсидан сўнг қизилўнгачнинг чандиқли торайишини узоқ муддатга интубация қилиш имконини берган, бу эса қизилўнгачнинг куйишдан кейинги чандиқли торайиши бўлган беморларни миниинвазив аралашувлар билан даволашнинг исталган босқичида юзага келиши мумкин бўлган қизилўнгач шикастланиш хавфини пасайтириш имконини берган;

қизилўнгачнинг куйишдан кейинги чандиқли торайиши бўлган беморларни даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг қизилўнгач ва ошқозон хирургияси ҳамда хирургик эндоскопия бўлимларига, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган ва Жиззах вилоятлар филиалларининг токсикология ва абдоминал хирургия бўлимларига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 5 мартдаги 8н-д/40-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Такомиллаштирилган миниинвазив эндоскопик аралашувлар усулларини қўллаш мураккаб реконструктив-тикловчи амалиётлар талаб этиладиган беморлар сонини 40,1%дан 17,9%га камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish