Sayt test rejimida ishlamoqda

Алиев Равшан Маратовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Поездлар ҳаракатини бошқариш тизимларида йўл участкалари ҳолатини назорат қилиш датчикларини такомиллаштириш моделлари, алгоритмлари ва дастурий воситалари», 05.01.06–Ҳисоблаш техникаси ва бошқарув тизимларининг элементлари ва қурилмалари (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/T87.

Илмий маслаҳатчи: Халиков Абдульхак Абдульхаирович, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент темир йўл муҳандислари институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.27.06.2017.Т.03.02.

Расмий оппонентлар: Абдукаюмов Абдурашид, техника фанлари доктори, профессор; Плахтиев Анатолий Михайлович, техника фанлари доктори, профессор; Нурмухамедов Толаниддин Рамзиддинович, техника фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: «Илмий-техника маркази» МЧЖ.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: поездлар ҳаракатини бошқариш тизимларида йўл участкалари ҳолатини назорат қилиш датчикларини яратиш бўйича математик моделлар, уларнинг алгоритмлари, ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

йўл участкаси ҳолатини комбинацияланган усулда назорат қилиш учун изоляция уланмаларисиз рельс занжири қурилмаси ишлаб чиқилган;

йўл участкалари ҳолатини назорат қилиш датчикларининг нормал, шунтли ва назорат режимларида ишлайдиган математик моделлари ишлаб чиқилган;

норматив шунтлаш сезувчанлиги, мутлақ (абсолют) шунтлаш сезувчанлиги ва рельсли линияси узилишиларига сезувчанлигининг мезонлари асосида йўл участкалари ҳолатини назорат қилиш учун датчиклар ишлаб чиқилган;

датчикларнинг қўшимча шунтлаш зоналарининг оптимал узунликларини аниқлаш орқали формаллаштирилган ифодалар ва алгоритмлар ишлаб чиқилган;

адаптив қабул қилгич билан ишлайдиган назорат датчиклари учун математик моделлар ва алгоритмлар ишлаб чиқилган;

локомотив қабул қилгичи бўйича асосий ва йўл қурилмалари носозлигини назорат қилишга асосланган назорат ҳамда икки поезднинг яқинлашиш режимлари бўйича назорат қилиш датчигининг математик модели ишлаб чиқилган;

юқори тезликда ҳаракатланувчи йўлларда локомотивга ахборотни узатиш учун поезд станцияга яқинлашиб келишидаги кодлашнинг математик модели ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Поездлар ҳаракатини бошқариш тизимларидаги йўл участкалари ҳолатини назорат қилиш датчикларини такомиллаштириш модели, алгоритмлари ва дастурий воситалари бўйича олинган натижалар асосида:

йўл участкалари ҳолатини назорат қилиш учун датчиклар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги Сигналлаштириш ва алоқа бошқармасида жорий қилинган («Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 2016 йил 21 ноябрдаги НГ/3947-16-сон маълумотномаси). Натижада поездлар ҳаракатланиш хавфсизлигини 15%га ошириш имконини яратган;

назорат датчикларнинг ускуналарини текшириш учун алгоритм ва дастурий воситалар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги Сигналлаштириш ва алоқа бошқармасида жорий қилинган («Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 2016 йил 21 ноябрдаги НГ/3947-16-сон маълумотномаси). Натижада йиллик иқтисодий самара темир йўл участкасининг 1 километрига 12,9% ташкил қилган;

йўлнинг юқори тезликли линияларида ахборотни локомотивга узатиш учун рельс линиясининг оптимал узунлигини аниқлашнинг алгоритмлари ва дастурий воситалари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги Сигналлаштириш ва алоқа бошқармасида жорий қилинган («Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 2016 йил 21 ноябрдаги НГ/3947-16-сон маълумотномаси). Натижада сигналларни узатиш жараёнида кодлаштириш участкалари учун сарфларни 40%га камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish