Сарманов Шерзод Шермахматовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистоннинг жанубий минтақалари шароитида арпа селекцияси учун маҳсулдор ва тезпишар бошланғич манбалар яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Qx132.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Дон дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали
Илмий раҳбар: Ходжақулов Турақул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган: кузги арпанинг «Воҳа» нави (NАР 00195).
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 06 апрелдаги 02-11/827-сон хулосаси.
II. Тадқиқотнинг мақсади: жаҳон коллекциялари намуналари асосида Қашқадарё вилояти тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган арпанинг эртапишарлик ва ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига чидамли ҳосилдор, дон сифати, донининг тўкилмаслиги ва ётиб қолмаслик белгиларини ўзида мужассамлаштирган бошланғич манбаларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қашқадарё вилояти тупроқ-иқлим шароитида арпанинг жаҳон коллекция нав ва намуналари илмий таҳлил қилинган ва янги навларни яратиш учун бошланғич манбалар ажратиб олинган;
арпанинг эртапишарлик, юқори ҳосилдорлик ва юқори сифатлилик, ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига, кенг тарқалган касалликларга чидамлилик белгиларни мужассамлаштирган дурагайлар яратиш учун ота-оналик жуфтликларини танланган;
чатиштиришлар натижасида дурагайлар ва уларнинг ота-оналик шакллари ўртасидаги қимматли хўжалик белгилар ўзаро ўзвий боғлиқликлари аниқланган;
тур ичида чатиштириш орқали ноёб дурагайлар яратилган ва генетик белгилари ўзида мужассамлашган оилалар ҳамда тизмалар ажратиб олинган;
хўжалик учун қимматли белгиларга эга бўлган арпанинг «Воҳа» нави яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистоннинг жанубий минтақалари шароитида арпа селекцияси учун маҳсулдор ва тезпишар бошланғич манбалар яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаси асосида:
республиканинг суғориладиган майдонлари учун дон сифати юқори, тезпишар, қурғоқчиликка чидамли, ётиб қолишга бардошли, қимматли белги ва хусусиятларга эга бўлган арпанинг янги яратилган «Воҳа» навига Интеллектуал мулк агентлигининг селекция ютуғи патенти олинган (NAP 00195). Натижада ушбу арпа нави жанубий минтақалар томорқа ва фермер хўжаликлари ғалла майдонларида кенг майдонларга экилган;
дурагайлаш йўли билан суғориладиган майдонлар учун яратилган арпанинг «Воҳа» нави 2018 йилдан Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятлари суғориладиган майдонларида кузги муддатларда экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг.2018 йил 11 январдаги 02/21-49-сон маълумотномаси). Натижада арпанинг ушбу навидан республиканинг жанубий минтақалари ғаллачилик фермер хўжаликларида юқори ва сифатли дон ҳосили олишга эришилган;
янги яратилган «Воҳа» нави 2017 йил ҳосили учун Қашқадарё вилояти фермер хўжаликларининг суғориладиган ерларида жами 22 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 11 январдаги 02/21-49-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ушбу навдан фермер хўжаликларида гектаридан 5,0-5,5 центнергача юқори ҳосил олинган ва 600-650 минг сўм соф фойда келтирган, рентабеллик даражаси 33,4 фоизни ташкил этган.