Sayt test rejimida ishlamoqda

Юлдашев Равшан Муслимовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел соҳалари деформациялари ва ностабиллигига олиб келувчи касалликларни жарроҳлик йўли билан даволаш», 14.00.28–Нейрохирургия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Tib112.

Илмий маслаҳатчи: Кариев Гайрат Маратович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, DSc.28.02.2018.Tib.62.01.

Расмий оппонентлар: Алиходжаева Гулнарахан Аллаутдиновна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Мирзабаев Марат Жумабекович, тиббиёт фанлари доктори; Шодиев Амиркул Шодиевич, тиббиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Андижон давлат тиббиёт институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел соҳалари деформациялари ва ностабилликлари бўлган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш натижаларини комплекс клиник-радиологик ташхис усулларини такомиллаштириш ва дифференциал жарроҳлик даволаш тактикасини ишлаб чиқиш асосида яхшилаш.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 

умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел соҳалари деформациялари ва беқарорлиги бўлган беморларга умуртқалар танаси жароҳатининг Ўзбекистон шароитидаги этиологиясига ҳамда патологиянинг клиник, клиник-рентгенологик кўринишларига,  жарроҳлик даволаш хусусиятлари ва башоратга кўра тўлиқ тавсиф берилган;

бемор шифохонага тушганда орқа мия ва умуртқа поғонасининг ҳақиқий жароҳат ҳажмини ва касаллик башоратини фақатгина неврологик кўриниш асосидагина аниқлаб бўлмаслиги аниқланган;

илк бор маълум неврологик ва клиник-радиологик кўрсаткичларнинг ташхис ва башорат имкониятлари аниқланган, улардан умуртқа компрессияси кўрсаткичи (УКК), умуртқанинг понасимон деформацияси кўрсаткичи (УПДК) ва оғриқ (визуал аналог миқёси)  алоҳида аҳамиятга эга эканлиги исботланган;

янги комплекс ташхис кўрсаткичлари ишлаб чиқилган – вертеброиндекс (клиник-радиологик маълумотлар асосида) ва умуртқа поғонаси беқарорлигининг интеграл индекси (УНИИ клиник-неврологик ва вертеброиндекс маълумотлари асосида), уларнинг маълум бўлган кўрсаткичларидан (УКК, УПДК, Кобб бурчаги) ташхис ва башорат аҳамияти юқори эканлиги статистик тасдиқланган;

янги ташхис кўрсаткичларини ўз ичига олган вертебрал статусни баҳоловчи оригинал клиник балл миқёси асосида беморнинг бошланғич ҳолати, даволаш динамикаси ва даволаш натижаларини баҳоловчи ташхис комплекси ҳамда клиник балл миқёслари кўрсаткичларини ва ташхис индексларини ҳисоблаш учун «АРМ-Vertebroindex» дастур комплекси ишлаб чиқилган;

ёндашув ҳажми, жарроҳлик амалиётининг асосий тури, стабилизация ҳажми умуртқалар жароҳатининг этиологияси, характери ва ҳажмига кўра ишлаб чиқилган тартиб асосида умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел соҳалари деформацияси ва беқарорлигида дифференциал жарроҳлик тактикаси ишлаб чиқилган;

умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел соҳаларида деформациялари ва  беқарорлигини стабилизациялашда ва умуртқа поғонаси ўқини коррекция қилишда ишлаб чиқилган дифференциал жарроҳлик тактикаси ва умуртқа поғонасини CD (Cotrel Y. и Dubousset J.) стержен тизимлари орқали транпедикуляр стабилизациянинг (ТПС) афзалликлари анъанавий – ламинэктомия ва VSP Spine System (Variable Screw Placement Spinal Fixation System) ёрдамида транспедикуляр фиксация (ТПФ) жарроҳлик тактикасидан устунлиги янги ташхис комплекси ва статистик усуллар таҳлили ёрдамида  исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Кўкрак ва бел қисмларида умуртқа деформацияси ва беқарорлигига олиб келувчи касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашга оид илмий тадқиқот натижалари асосида:

«Умуртқа поғонаси ўсмаларини жарроҳлик йўли билан даволаш усуллари» номли ихтиро учун (№IAP  05227-2012й.) патент олинган. Ўтказилган тадқиқотлар натижалари жароҳат, ўсма касалликлари ва эхинококкозда даволаш тактикасини танлашни оптималлаштириш, ташхислаш ва даволаш натижаларини яхшилаш имконини берган.

«Умуртқа поғонасида ўсмаси бўлган беморларни даволашда перкутан вертебропластика» номли услубий тавсиянома соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Қорақалпоғистон Республикасида клини амалиётга татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 13 сентябрдаги 8Н-д/21-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиялар диагностик тартибни қўллаш, умуртқа поғонасида янги ҳосила пайдо бўлган беморларда вертебропластикани қўллаш ёки қўлламасликка кўрсатма бериш имкониятини яратган;

«Умуртқа поғонасида метастатик ҳосилалар бўлган беморлар учун прогностик омиллар ва даволаш тавсиялари» соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 3 февралдаги 8Н-д/102-сон маълумотномаси). Услубий тавсиялар клиник маълумотлар ва радиологик текширувлар асосида умуртқа поғонасида метастазлар бўлган беморларнинг прогностик кўрсаткичларини баҳолаш, бундай беморлар учун терапевтик тавсиялар бериш имконини яратган;

«Ўсмали умуртқа поғонасида патологик синишлар бўлган беморларни жарроҳлик йўли билан даволашда орқа ёнбошдан кириш» ва «Умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел қисмлари жароҳатларида декомпрессияловчи-стабилизацияловчи операциялар» номли услубий тавсияномалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Фарғона ва Бухоро вилоятларида, жароҳатларда умуртқа поғонаси деформацияси ва ностабиллигида орқа ёнбошдан жарроҳлик йўли билан кириб бориш модификациясини асослашда фойдаланилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 13 сентябрдаги 8Н-д/21-сон маълумотномаси), натижада мутахассисларга амалиёт жараёнида керакли жарроҳлик усулини танлаб олиш имкониятини яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish