Sayt test rejimida ishlamoqda

Жўрақўзиев Нодирбек Имомқўзиевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қадимги туркий ёзма ёдгорликларда космогоник мифология”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fil194.

Илмий раҳбар: Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.

Расмий оппонентлар: Турдимов Шомирза Ғаниевич, филология фанлари доктори; Жуманиёзов Баҳром Маткаримович, филология фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: қадимги туркий ёзма ёдгорликлардаги космогоник мифологияга оид матнларни қиёсий ўрганиш, рамзий образлар заминидаги миф сюжетларини ва улардаги космогоник тасаввурларни ёритиш, шунингдек, туркий халқлар эртак ва эпосларига қадимги туркий ёзма ёдгорликларни қиёслаш асосида, қадимги туркий космогоник пантеонни ҳамда уч қаватли олам моделини қадимги турк-будда, монийлик, Кўк Тангри, Шомонлик матнлари асосида ёритишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

қадимги туркий ёзма ёдгорликлари, “Олтун ёруғ”, “Хуастуанифт”, туркий-рун ёзма ёдгорликлари, “Ирқ битик” ва монийлик фолномаларидаги космогоник мифлар умумтуркий, айни пайтда, ўзбек мифологиясининг таянч манбаларидан бири эканлиги асосланган;

“Олтун ёруғ”, “Хуастуанифт”, туркий-рун ёзма ёдгорликлари, “Ирқ битик” ва монийлик фолномаларидаги космогоник мифлар фабуласига асосланган ҳолда уч қаватли олам модели ҳақидаги қадимги туркий қавмлар тасаввурлари тикланган;

“Хуастуанифт”да самовий культ – Қуёш ва Ой образларининг удумлар, маросимлар ва урф-одатлар билан боғлиқлиги асосланган;

қадимги туркий шеърлардаги Кун Тангри, Ой Тангри образларининг семантик хусусиятлари ва уларнинг қадимги туркий космогоник мифологиядаги роли далилланган;

қадимги туркий ёзма ёдгорликлардаги самовий жисмлар культи туркий халқлар фольклори намуналари, миф ва афсоналари билан қиёсий ўрганилиб, семантик-функционал жиҳатлари очиб берилган;

қадимги туркий ёзма ёдгорликлардаги Қуёш ва Ой культининг шомонлик, монийлик, буддавийлик ақидаларидаги умумий ва жузъий хусусиятлари ойдинлаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қадимги туркий ёзма ёдгорликларда космогоник мифология мавзусини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

қадимги туркий космогоник мифопоэтикадаги “ҳаёт дарахти”, “дунё тоғи”, “уч қаватли олам модели” каби мифологемаларга оид илмий-назарий қарашлардан ҳамда Ўзбек мифологияси тарихи билан алоқадор фикрлардан “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигининг ўттиз, ўттиз биринчи (“Авазхон”: достонлар) жилдларида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2018 йил 15 февралдаги 3/1255-417-сон маълумотномаси). Натижада “Авазхоннинг келтирилиши” достони вариантларини текстологик таҳлил қилиш, достонларнинг сюжет тизимидаги анъанавий мотивларнинг мифологик асослари ва генезиси ойдинлаштирилган, илмий натижаларнинг қўлланиши асосида илмий изоҳлар тузилган, ўзбек фольклори билан боғлиқ ўринлар таҳлил қилинган;

Ўзбек болалар ўйинлари ва мифологик асосларини ўрганиш, қадимги туркий ёзма ёдгорликларда, хусусан, “Кул тегин”, “Элгеш” ёдгорлиги, “Ирқ битик”даги космогоник мифологик образлар, оламни пайдо бўлиши ва қурилиши ҳақидаги мифологик тасаввурлар бўйича келтирилган таклиф ва янги ёндашувлар хорижий журналларда (Turkish Studies. International Periodical for the Languages, Literature and History of Turkish or Turkic. 2017. Volume 12/22. DOI Number: http: // dx. doi. Org / 10. 7827 / Turkish Studies.12309. ISSN: 1308-2140; Вестник Бурятского государственного университета. Гуманитарные исследования Внутренней Азии. 2017. Вып. 1. УДК 811:299.4. Doi: 10.18101/2305-753Х-2017-1-16-2; Вестник Бурятского государственного университета. Гуманитарные исследования Внутренней Азии. 2017. Вып. 4. УДК 396.11. Doi: 10.18101/2305-753Х-2017-4-21-40) Туркия ва Сибир халқлари мифологиясини тадқиқ қилишда фойдаланилган. Илмий натижалардан фойдаланиш ўзбек ва турк болалар ўйинлари ва мифологик қатламидаги параллеллик, қадимги туркий ёзма ёдгорликлардаги уч олам модели, космогоник мифологик жараёнлар, Эрлик, Умай каби мифологик образларни батафсил тадқиқ қилиш имконини берган;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Тил зийнати” кўрсатуви, “Ўзбекистон” радиоканали “Мангу хазина” эшиттиришида ўзбек тилидаги мифологик атамалар, эртаклардаги мифологик қаҳрамонлар исмлари, турли урф-одат ва байрамлар билан боғлиқ эски инончларга тегишли тушунчалар изоҳида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2018 йил 2 февралидаги 05-15/790-сон маълумотномаси). Натижада ушбу кўрсатув ва эшиттиришларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган ва мухлислар миф, мифологик тасаввурлар ва уларнинг удум ва урф-одатлар билан боғлиқлиги ҳақида янги маълумотларга эга бўлганлар.

Yangiliklarga obuna bo‘lish