Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшболтаев Иқбол Мамиржоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Уч ва икки ўлчамли электронлар системаларида кўп фотонли ютилиш ва силжишли фотогальваник эффектларнинг назарий тадқиқи», 01.04.10–Яримўтказгичлар физикаси (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/FM202.

Илмий раҳбар: Расулов Рустам Явкачович, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, PhD.28.02.2018.FM.60.01.

Расмий оппонентлар: Мамадалимов Абудуғафур Тешабаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Дадамирзаев Муҳаммаджон Гуломкодирович, физика-математика фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялар университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: уч ўлчамли (ҳажмий яримўтказгич) ва икки ўлчамли электронлар тизими (потенциал ўрали структура)да оптик ҳодиса­ларнинг ва симметрия маркази бўлмаган яримўтказгичларда силжишли фотогальваник эффектнинг микроскопик механизмларини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

яримўтказгичли ўлчамли квантлашган ўрадаги электрон импульсининг релаксация вақти ҳажмий яримўтказгичлардаги электронлар импульсининг релаксация вақтидан миқдоран катта бўлиши аниқланган, паст ўлчамли электронлар тақсимот функциясини аниқлаш имконини берувчи кинетик тенгла­ма ҳисобланган;

мураккаб зонали яримўтказгичларда фотогальваник эффектнинг икки фотон бир вақтда ютилишидаги силжишли механизми квант механикаси қонунлари асосида аниқланган;

 n-GaPда бир фотонли силжишли фото­токнинг частотага боғлиқлиги аниқланган ва фототокнинг назарий ҳисобланган спектрал боғланиши тажриба натижалари билан таққосланган;

р-GaAsда тўрт фотонли ютилиш чизиқли циркуляр дихроизми микроскопик назария асосида аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Уч ва икки ўлчамли электронлар системаларида кўп фотонли ютилиш ва силжишли фотогаль­ваник эффектлар назарий тадқиқи асосида:

икки фотонли силжишли фото тотокнинг спектрал ва ҳароратга боғланиши «Кучли спин орбитал ўзаро таъсирли паст ўлчамли яримўтказгичларнинг электронли хоссалари» лойиҳасида яримўтказгичлардаги спин орбитал ўзаро таъсирли оптик ўтишларда фойдаланилган (Россия ФА Физика-техника институтининг 2018 йил 15 мартдаги 11217-279х/211.5-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш мураккаб валент зонали яримўтказгич­ларда ясси ва циркуляр қутбланган ёруғлик таъсирида оптик ўтишларни ҳамда спин орбитал кенгайишни ўрганишга имкон берган;

мураккаб валент зонали яримўтказгичларда тўрт фотонли ютилишнинг чизиқли циркуляр дихроизми натижалари  2014/1 рақамли «Invastigation of the properties of photodiodes fabricated by coating a conductive polimer on silicon» лойиҳасида яримўтказгичли фотодиодларнинг паст инерцион хоссаларини ўрганишда фойдаланилган (Улудағ университетининг (Туркия) HDF(F) маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгичли фотоўзгартиргичларнинг ишлаш тезлигини орттиришга имкон берган;

яримўтказгичли ўлчамли квантлашган потенциал ўрадаги электронларнинг акустик фононларда сочилиши натижалари Ф2-ОТ-О-15494 рақамли «Квант нуқтали гетеро- ва нанотузилмалардаги экситонларни, поля­ронларни, биполяронларни ва кўчиш ҳодисаларини тадқиқ этиш асосида нурлагичлар, фотоэлементлар ва бошқа турдаги оптоэлектрон асбобларнинг самарадорлигини яхшилаш» лойиҳасида квант нуқтали гетеро- ва нанотузилмалардаги оптоэлектрон асбобларнинг самарадорлигини яхшилашда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 21 ноябрдаги ФТА-02-11/1149-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгичли гетероўтишларда экситонли, поляронли ва кинетик ҳодисалар улушларини таққослаш имконини берган;

мураккаб ўтказувчанлик зонали тетраэдр симметрияли яримўтказ­гичларда бир фотонли силжишли фототокнинг тадқиқотлари натижалари Ф2-21 рақамли «Яримўтказгич-диэлектрик чегарасидаги сирт ҳолатлар зичлигини аниқлашнинг математик моделлаштириш» лойиҳасида икки ўлчамли электронларнинг сирт олди соҳаларидаги ҳолатларини ўрганишда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 21 ноябрдаги ФТА-02-11/1149-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгич-диэлектрик контактлар соҳасидаги сиртнинг ҳолатларини аниқлашга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish