Дарманов Мухтор Мухаммадовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «ДНК маркерларига асосланган селекция (МАС) технологияси ёрдамида янги Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навларини яратиш», 03.00.14–Геномика, протеомика ва биоинформатика (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/В174.
Илмий раҳбар: Абдурахмонов Иброхим Юлчиевич, биология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Геномика ва биоинформатика маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.53.01.
Расмий оппонентлар: Турдикулова Шахло Уткуровна, биология фанлари доктори; Курбанбаев Илхам Джуманазарович, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Биоорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўрта толали ғўза (G.hirsutum) учун маркерларга асосланган селекция (МАС) дастурларини жорий этиш асосида ўзида тола сифат белгиларини яхшиловчи миқдорий белги локусларини тутган бошланғич селекцион намуналар олиш ва янги ғўза навларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор МАС технологиясини қўллаш орқали, тола сифат белгиларига генетик бириккан ДНК маркерларининг тола пишиқлиги ҳамда узунлиги белгиларга таъсири исботланган;
ўрта толали ғўза гермоплазмаси ноёб намуналаридан геномида тола сифат белгилари билан боғлиқ бўлган QTL локусларини тутган донор линиялар аниқланган;
МАС технологияси ёрдамида тола сифат белгиларига генетик бириккан QTL аллелларини тутган бир нечта беккросс дурагай комбинациялари яратилган ва ўтказилган аллелларнинг генотипик ва фенотипик ирсийланиши асосланган;
геномида керакли QTL аллеллари мавжуд бўлган ва ушбу аллеллар бўйича гомозигота холатидаги намуналар ажратиб олинган;
биоинформатик таҳлиллар асосида кўчириб ўтказилган QTL ҳудудларидан толанинг ривожланиш жараёнларини бошқарувчи номзод ген ва оқсиллар аниқланган;
МАС технологияси асосида яратилган беккросс дурагай комбинациялар ва навларда тола сифат кўрсаткичлари назорат намуналарникига нисбатан юқори эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
ДНК маркерларига асосланган селекция (МАС) технологияси ёрдамида янги Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навларини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навлари Наманган вилояти фермер хўжаликларига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 февралдаги 20/20-114-сон маълумотномаси). Натижада янги навлардан гектаридан ўртача 40 ц ҳосил ва юқори сифатли тола олиш имконини берган;
ўрта толали ғўза (G.hirsutum) селекциясига замонавий ДНК маркерларига асосланган селекция технологияси ФА-И5-Т017 рақамли «Маркерларга асосланган селекция (МАС) ёрдамида яратилган юқори сифатли Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навлари уруғларини кўпайтириш» мавзусидаги инновация лойиҳасида навларнинг дастлабки уруғчилигини ташкил этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 29 январдаги 4/1255-214-сон маълумотномаси). Натижада навдорлиги ва унувчанлиги юқори бўлган сифатли супер-элита уруғлари тайёрлаш имконини берган;
Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навлари ҳамда 10 дан ортиқ селекция намуналари республикада етакчи бўлган «Геном технологиялари асосида яратилган ноёб ғўза ва бошқа экинлар генофонди» ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 2 апрелдаги 4/1255-820-сон маълумотномаси). Намуналар ғўза гермоплазмаси коллекциясини бойитган ва МАС технологияси орқали ғўзада тола сифати ва вилтга чидамлилик белгиларини пирамидалаш асосида янги линиялар олиш имконини берган.