Амонов Аминжон Шавкатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даражаси бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда сенсоневрал эшитув заифлигини хирургик даволашга комплекс ёндашув», 14.00.04–Оториноларингология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Tib162.
Илмий раҳбар: Кузовков Владислав Евгеньевич, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган педиатрия
илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти, DSc.28.12.2017.Tib.59.01.
Расмий оппонентлар: Еугениюс Лесинскас, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Литва); Бакиева Шахло Ҳамидуллаевна, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Вена тиббиёт университети (Австрия).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: клиник-функционал ва нур усуллари асосида болалардаги сенсоневрал эшитиш заифлигини жарроҳлик усули билан даволашни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
болалардаги сенсоневрал эшитиш заифлиги ва карликда ички қулоқнинг анатомо-функционал ҳолати комплекс аудиологик ва нурли текширув усуллари натижалари асосида баҳоланган ва уларга мувофиқ равишда кохлеар имплантация бажарилиши зарурияти илмий асосланган;
сенсоневрал эшитиш заифлиги ва карлик билан касалланган болаларни жарроҳлик ўтказилишига тўғри танлашнинг оториноларингологик ва сурдопедагогик мезонлари ишлаб чиқилган;
болалардаги сенсоневрал эшитиш заифлиги ва карликда ички қулоқда учрайдиган турлича ўзгаришларда жарроҳлик амалиётига фарқли ёндашув хусусиятлари аниқланган ва бир вақтда бажарилиши лозим бўлган услублар такомиллаштирилган;
кохлеар имплантация самарадорлигининг операциягача бўлган текширув натижалари, сурдопедогогик тайёргарлик даражаси ва жарроҳликдан кейинги даврдаги комплекс реабилитация чора-тадбирларининг узоқ муддат давомида мунтазам равишда ўтказилишига бевосита узвий боғлиқлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Болалардаги сенсоневрал эшитиш заифлиги ва карликни хирургик даволашга комплекс ёндашув бўйича бажарилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида:
«Сенсоневрал эшитиш заифлигининг этиологик факторлари, ташхислаш, даволаш ва реабилитация» номли услубий тавсиянома Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 8H-р/83-сон маълумотномаси). Натижада болалардаги сенсоневрал эшитиш заифлигининг мураккаб шакллари ва карликни эрта ташхислаш ҳамда даволаш самарадорлигини юксалтириш имконини берган;
мазкур тавсиянома Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг диагностика ва даволаш ишларида ҳамда Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида амалиётга жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 8H-р/83-сон маълумотномаси). Натижада беморларнинг турмуш сифатини яхшилаш, эшитиш мосламалари ва дори-дармонларга бўлган эҳтиёжини камайтириш ва бунинг натижасида давлат бюджети сарф-харажатларини 58,1% камайтириш имконини берган.