Адизов Санжар Рашидовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Солиқ юкининг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини моделлаштириш ва прогнозлаштириш», 08.00.06–Эконометрика ва статистика (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Iqt30.
Илмий раҳбар: Махмудов Носир Махмудович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Ғуломов Саидаҳрор Саидахмедович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, академик; Абдуллаев Ёрқин Абдуллаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қиладиган солиқ юкининг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини эконометрик моделлаштириш ва прогнозлаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистон Республикаси бюджети даромад қисмининг йиғилувчанлик даражасини ошириш мақсадида солиқ юки фоиз ставкасининг энг оптимал чегаралари аниқланган;
бюджет-солиқ тизими билан боғлиқ бўлган ялпи ички маҳсулот, экспорт, импорт, бюджет харажатларининг эконометрик моделлари ишлаб чиқилган;
Ўзбекистон Республикасида солиқ юкини пасайтириш макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсишига олиб келиши асослаб берилган;
солиқ юки иқтисодий категориясига инновацион тараққиётга чорловчи сифат кўрсаткичларга эришиш нуқтаи назаридан ёндашилиб, унинг қисқа (3 йиллик) ва ўрта
(5 йиллик) муддатли барқарор ўсишдаги роли асослаб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Солиқ юкининг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини моделлаштириш ва прогнозлаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:
иқтисодий-математик усуллар қўлланилган ҳолда, бюджетнинг даромад қисмини йиғилувчанлик даражасини ошириш мақсадида, Лаффернинг солиқ йиғилувчанлиги ҳақидаги назариясига кўра, солиқ юки фоиз ставкасининг энг оптимал чегаралари 19-22 % эканлиги аниқланган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 18 январдаги 16/1-01487-сон маълумотномаси). Ҳар бир омилнинг эластиклик коеффициенти ҳисоб-китоби асосида истиқболда солиқ юкининг сценарийларини тузиш орқали уч йиллик прогнозлаш тўғрисидаги таклифлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ салоҳияти ва солиқ юкини республика ҳудудлари кесимида ҳисоб-китоб қилиш ва даромадлар тушумини прогнозлаштириш борасида таклифлар тайёрлашда фойдала-нилган;
бюджет-солиқ тизими билан боғлиқ бўлган ялпи ички маҳсулот, экспорт, импорт ва бюджет харажатларининг эконометрик моделлари ишлаб чиқилган ҳамда улар асосида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган таклифлар киритилган (Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2018 йил 22 январдаги 10/3-00539-сон маълумотномаси). Натижада солиқ юкининг бир фоизга ўзгариши ЯИМнинг 270,8 млрд. сўмга ўзгаришига олиб келиши аниқланган;
2000-2016 йиллларда Ўзбекистон Республикасида солиқларнинг йиғилувчанлик динамикаси ва унинг даражасига таъсир этувчи омиллар таҳлили, шунингдек ҳар бир омилнинг эластиклик коэффициенти ҳисоб-китоби асосида истиқболда солиқ юкининг сценарийларини тузиш орқали уч йил муддатга прогнозлаш бўйича берилган таклифи Молия вазирлиги амалиётида фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2017 йил 18 январдаги ММ/04-02-32-04/44-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларни амалиётга жорий этилиши солиқларнинг йиғилувчанлигини 1,5-1,8 фоизга ошириш имкониятини берган;
“солиқ юки” тушунчаси Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўрнатилган тартибда чоп этилган “Солиқ юки таҳлили” номли ўқув қўлланманинг (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 6 апрелдаги 137-сонли буйруғи билан рўйхатга олинган, рўйхат рақами 137027) 3-мавзусини (Солиқ юкини макродаражада ҳисоблаш методикаси ва унинг ўзига хос хусусиятлари) ва 4-мавзусини (Макроиқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ юки муаммолари) ёритишда фойдаланилган;
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Давлат-илмий техника дастури доирасида 2012-2016 йилларда бажарилган Ф-4-45 рақамли «Ўзбекистон иқтисодиётида инвестицияларнинг тармоқлараро тақсимланишининг эконометрик моделлаштириш услубиятларини такомиллаштириш» мавзусидаги фундаментал лойиҳада солиқ юки иқтисодий категориясига инновацион тараққиётга чорловчи сифат кўрсаткичларга эришиш нуқтаи назаридан ёндашилиб, унинг қисқа ва ўрта муддатли барқарор ўсишдаги роли асослаб берилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 5 октябрдаги ФТА-02-11/201-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилиши 2030 йилгача бўлган муддатда миллий иқтисодиётни модернизациялаш стратегияси ва инновацион тараққиёт йўлига ўтишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишда фойдаланилган.