Абруев Акмал Исмаиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Агросервисни ривожлантириш асосида қорамолчилик маҳсулотларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш”, 08.00.04–Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Iqt13.
Илмий раҳбар: Муртазаев Олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Мирзаев Кулмамат Джанзакович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор: Ҳакимов Абдурашид Ҳамдамович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: агросервис тизими фаолиятини янада ривожлантириш асосида қорамолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга доир илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
чорвачилик комплексида қорамолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро манфаатли иқтисодий муносабатларга асосланган кластер тизими бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;
қорамолчилик кластерининг ташкилий-иқтисодий муносабатлар тизимида пировард натижани (соф фойда) бутун ишлаб чиқариш бўғинлари ўртасида тақсимланиш механизмини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрланган;
стохастик чизиқли модел ёрдамида қорамолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигига сервис хизматларининг таъсир даражаси аниқланган;
Самарқанд вилоятининг қорамолчилик фермер хўжаликларида сервис тизимини ривожлантириш асосида сут ва гўшт ишлаб чиқаришни башоратлаш ва режалаштириш имкониятлари илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Агросервисни ривожлантириш асосида қорамолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш юзасидан олинган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
чорвачилик комплексида қорамолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган кластер шаклини тизимлаштириш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 02/12-96-сон маълумотномаси) амалиётга жорий этилган. Кластер шакли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига кенг жорий этилиши ҳисобидан ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотимизни рақобатбардошлигини таъминлаш, кўрсатилаётган сервис таркибини, энг аввало уларнинг замонавий юқори технологик турларини олиб кириш ва улар ҳисобига хизматлар турини тубдан такомиллаштириш имкониятини берган;
қорамолчиликда хўжалик юритиш кластерининг ташкилий-иқтисодий муносабатлар тизимида пировард кўрсаткич ҳисобланган соф фойданинг бутун ишлаб чиқариш бўғинлари ўртасида тақсимланиш механизми бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 02/12-96-сон маълумотномаси) амалиётга жорий этилган. Қорамолчилик хўжаликлари кластер фаолиятида иқтисодий кўрсаткичларни, жумладан соф фойдани қайта тақсимлаш муносабатлари механизмини такомиллаштириш ҳисобига дотацион соҳадан донор соҳага айланган, рентабеллик кўрсаткичи 29,2 фоизни ташкил этган;
фермер хўжаликларида қорамолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари аниқланган, шунингдек самарасиз фаолият кўрсатган деб топилган хўжаликларга таъсир кўрсатувчи сервис тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 31 августдаги 02/12-441-сон маълумотнома) амалиётга жорий этилган. Тадқиқотлардаги паст ва ўрта гуруҳларга тегишли фермер хўжаликларида пода таркиби ва ундаги наслли қорамолларни кўпайтириш, сервис тизимини жойларда самарали ташкил этиш асосида ишлаб чиқариш қувватини 30,8 фоизга ошириш ёки ўртача бир шартли қорамол бош ҳисобига паст ва ўрта гуруҳларда фойдани 192 минг ва 211 минг сўм, ёки паст ва ўрта гуруҳлардаги фермер хўжаликларида мос равишда 424,5 миллион ва 301,7 миллион сўмга ошириш имкониятини яратган;
Самарқанд вилоятининг қорамолчилик фермер хўжаликларида сервис тизимини ривожлантириш асосида сут ва гўшт ишлаб чиқаришни башоратлаш ва режалаштириш имкониятларини ошириш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 31 августдаги 02/12-441-сон маълумотномаси) амалиётга жорий қилинган. Ветеринария хизматларини (ветеринария кўчма хизматларини ташкил этиш) ўз вақтида ва сифатли етказиш ҳисобига хўжаликларда сут етиштириш ҳажмини 2,1 миллион сўмга ва гўшт етиштиришни 6,4 миллион сўмга кўпайиши ҳамда 100 ШҚБ ҳисобига ем-хашак таъминоти хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш, озуқа рационини қорамоллар зоти, вазни, йўналишига қараб озиқлантирилиши ҳамда озуқага витамин қўшимчаларини қўшиб бериш ҳисобига қорамолчиликда гўшт етиштиришни 13,4 миллион сўмга ошириш имконини берган;
чорвачилик фермер хўжаликлари учун “Қорамолчиликда сервис тизимини кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича тавсиялар” номли тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 31 августдаги 02/12-441-сон маълумотномаси) амалиётга жорий этилган. Мазкур тавсиянома мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган агросервис корхоналари, қорамолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган деҳқон, фермер ва томорқа ер эгалари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги талаба, магистрлар томонидан ўқув жараёнида қўлланилган.