Sayt test rejimida ishlamoqda

Отақўзиев Аҳмадилло Зокировичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қайталанган жигар эхинококкозида жарроҳлик тактикаси», 14.00.27–Хирургия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/Tib440.

Илмий раҳбар: Нишонов Фозил Нишонович, тиббиёт фанлари доктори, профессор

Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат тиббиёт институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.

Расмий оппонентлар: Акбаров Миршавкат Миролимович, тиббиёт фанлари доктори; Ибадов Равшан Алиевич, тиббиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: А.В.Вишневский номидаги хирургия институти федерал давлат бюджет муассасаси (Россия Федерацияси).

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: усул танлашни оптималлаштириш ва қолдиқ бўшлиқларни даволаш ҳамда бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш йўли билан қайталанган жигар эхинококкозини жарроҳлик йўли билан даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

кальцинацияланган фиброз капсулалар ривожланиши шароитида ва қорин бўшлиғидаги битишма жараёнларида касалликнинг қайталанган шакллари учун эхинококкэктомияни амалга оширишда жигар юмалоқ бойлами билан тампонлаш ва мобилизациялаш усули ишлаб чиқилган;

йирингли, хитин парда ёки фиброз капсула ички пардаси қатлами парчаланиши билан асоратланган қайталанган эхинококкозда қолдиқ бўшлиққа ишлов беришнинг кўп компонентли интраоперацион паразитларига қарши усули ишлаб чиқилган;

жигар эхинококкозининг қайталанган шаклларини жарроҳлик йўли билан даволаш натижаларига таъсир қилувчи умумий ва ўзига хос омилларнинг тузилиши ўрганилган ва уларнинг операциядан кейинги асоратлар ривожланиш хавфи ва тўлиқ реабилитация давомийлигига нисбатан прогностик аҳамияти белгиланган;

қайталанган асоратланган эхинококкозда жигарда қолдиқ бўшлиқларни дренажлаш – икки томони очиқ дренажлаш; “оқар тизимли” типга кўра дренажлаш, “бурма” тамойилига кўра дренажни фиксация қилиш усуллари такомиллаштирилган;

реабилитацион давр клиник кечиши хусусиятлари инсоннинг ҳар кунлик ҳаётий фаолиятига таъсир этишига боғлиқ равишда қайталанган жигар эхинококкози туфайли амалиёт ўтказилган беморлар ҳаёт сифати кўрсаткичларининг жисмоний, руҳий, эмоционал ва ижтимоий компонентларининг интеграл тавсифлари ўрганилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қайталанган жигар эхинококкози билан касалланган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш бўйича олинган илмий тадқиқот натижалари асосида:

ишлаб чиқилган “Жигар эхинококкэктомиясидан сўнг қолдиқ бўшлиқни тампонлаш усуллари” учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 04368-сон, 2011 йил). Таклиф этилган усул умумий ва ўзига хос асоратлар частотасини 36,8%дан 11,8%га қисқартиришга имкон берган;

ишлаб чиқилган “Эхинококк кисталарга интраоперацион ишлов бериш (даволаш) усуллари” учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 05325-сон, 2017 йил). Таклиф этилган усул жигар эхинококкозининг қайталанган шаклли асоратларини жарроҳлик аралашуви билан даволаш операциядан кейинги эрта даврда қолдиқ бўшлиқнинг адекват санациясига эришиш, беморларда турли асоратлар ривожланишини 46,2% дан 10,7%гача қисқартириш имконини берган;

“Жигар эхинококкози этиопатогенези, клиникаси, диагностикаси, даволаш ва профилактикаси” ва “Қайталанган жигар эхинококкози билан касалланган беморларни жарроҳлик аралашуви билан даволашни оптималлаштириш” услубий тавсияномпалари тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 3 февралдаги 8 Н-д/101-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар операциядан кейинги реабилитацияни қисқартириш, аъло ва яхши натижаларни 34,9%дан 65,6%гача ошириш имконини берган;

қайталанган жигар эхинококкози билан касалланган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш сифатини яхшилаш бўйича диссертация ишидан олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиёти, хусусан, Ю.Отабеков номидаги Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг хирургия бўлимига, Пахтаобод шаҳри марказий шаҳар шифохонасига амалий фаолиятига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 3 февралдаги 8 Н-д/101-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Тадқиқотдан олинган натижалар операциядан кейинги эрта ва узоқ даврларда асоратларсиз беморлар сонини 55,8%дан 83,1%гача ошириш, ўлим частотасини 2,6%дан 1,4%гача пасайтириш ва такрорий анъанавий ёки кам инвазив аралашувларга бўлган эҳтиёжни 10,4%дан 4,2%гача камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish