Sayt test rejimida ishlamoqda

Бектурдиев Ғулом Мавлонбердиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Маҳаллий хомашёлар асосида алкилсульфатлар ва эмульгаторлар олиш технологияси», 02.00.11 - Коллоид ва мембрана кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Т201.
Илмий маслаҳатчи: Юсупов Фарход Махкамович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019. K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Эркабаев Фурқат Илясович, техника фанлари доктори; Адизов Бобир Замирович, техника фанлари доктори; Бухоров Шухрат Буриевич, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий хомашёлар асосида алкилсульфатлар ва эмульгаторлар олиш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қуйи молекуляр полиэтилен фракциясини олеум ва сульфат кислота ёрдамида сульфолаш орқали сувли эритмаларида юқори кўпик ҳосил қилиш хусусиятига эга, янги анион типидаги сирт фаол моддалар олиш мумкинлиги илмий асосланган;
қуйи молекуляр полиэтиленнинг 200-305 °С ҳарорат интервалида ажратилган фракцияси юқори кўпик ҳосил хусусиятига эга сирт фаол моддалар олиш  учун мақбул бўлиши аниқланган;
ажратилган қуйи молекуляр полиэтилен фракциясини олеум ёрдамида сульфолашнинг  мақбул шароити, яъни ҳарорат -3 - 10 °C, реакция давомийлиги 240 минут бўлиши аниқланган;
ҳарорат, таъсирлашувчи моддалар концентрацияларининг қуйи молекуляр полиэтилен  фракциясини сульфолаш жараёнига таъсир қонуниятлари аниқланган;
енгиллаштирилган бурғулаш эритмалари тайёрлаш учун ОС-10 сирт фаол моддасининг мақбул миқдори 2,0% бўлиши аниқланган;
соапсток ва этаноламинлар асосида эмульгаторлар олишда моноэтаноламин асосидаги  ЭМС-1 эмульгатори билан тайёрланган нефтеэмульсион бурғулаш эритмалари юқори барқарор ва эмульгатор сарфи 5-7,5% бўлиши аниқланган;
олинган сирт фаол моддаларнинг коллоид кимёвий хоссалари бошланғич хом ашё кимёвий таркибига боғлиқ эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маҳаллий хомашёлар асосида алкилсульфатлар ва эмульгаторлар олиш технологияси ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
нефт ва газ саноатида ишлатиладиган сульфанол олиш учун техник шарти Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тамонидан тасдиқланган (Ts 23766064-04:2017). Мазкур техник шарт маҳсулотнинг сифати ва технологик жараённи назорат қилиш имконини берган;
нефт-газ саноати учун техник сульфанол ишлаб чиқариш технологияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон «Илмий, илмий-техник фаолиятини натижаларини тижоратлаштириш бўйича чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарори иловасидаги тижоратлаштириладиган ишланмалар рўйхатининг 15-бандига киритилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2019 йил 25 февралдаги 02/12-1-39-сон маълумотномаси). Натижада, махаллий хомашёлар асосида сирт фаол моддалар олиш имконини беради;
техник сульфанол ишлаб чиқариш ва тажриба синовлари ўтказиш учун  IV- Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида №13-16/9 хўжалик шартномаси тузилган (IV- Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида 2013 йил 25 апрель № 521 рақам билан рўйхатга олинган). Натижада, импорт ўрнини босувчи сульфанол 1 тонна ишлаб чиқариш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish