Эргашев Нодирбек Юлдашалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Турли такрорий экинларни кузги буғдой дон ҳосили ва сифат кўрсаткичларига таъсири», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/Qx233.
Илмий раҳбар: Халиков Баходир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Фарғона илмий тажриба станцияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, PhD.27.06.2017.Qx.12.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Ҳалима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Ибрагимов Одилжон Олимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида такрорий экинлар - соя, мош ва маккажўхоридан сўнг парваришланган кузги буғдой навларини экиш муддатлари, усуллари ва маъдан ўғит меъёрларини уларнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ҳамда дон сифат кўрсаткичларига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор янги деҳқончилик тизимида Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида такрорий экинлардан кейин кузги буғдой навларини етиштириш агротехникаси такомиллаштирилган;
такрорий экинлардан кейин кузги буғдой навларини экиш усуллари, муддатлари ва мақбул маъдан ўғитлар меъёрлари ишлаб чиқилган;
экиш усуллари, муддатлари ва маъдан ўғит меъёрларини кузги буғдой навларининг ўсиши, ривожланиши, дон ҳосилдорлиги ва сара дон чиқимига таъсири аниқланган;
ўтлоқи-саз тупроқлар шароитида такрорий экинлар, кузги буғдой навларининг илдиз ва анғиз қолдиқларининг тупроқ унумдорлигига таъсири баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили олишда такрорий экин сифатида экиладиган мақбул ўтмишдош экин турларини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
фермер ва томорқа хўжаликлари учун «Такрорий экинлар ва улардан сўнг кузги буғдой етиштириш агротехникаси» бўйича тавсиянома ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 февралдаги 02/21-80-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянома Фарғона вилояти шароитида деҳқон ва фермер хўжаликларида такрорий экинлар ҳамда улардан сўнг кузги буғдой етиштиришда қўлланма сифатида хизмат қилган;
кузги буғдойни очиқ ерга ёки ғўза қатор орасига экишнинг қулай муддатлари ҳамда мақбул ўғитлаш агротехникаси Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида Ўзбекистон туманида 292 гектар, Фурқат туманида 310 гектар, жами 602 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 февралдаги 02/21-80-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида гектаридан 5,2-7,8 центнер қўшимча дон ҳосили олинган ва рентабеллик даражасини 20-25 фоизга оширишга эришилган;
такрорий экин соя етиштириш ва уни ўрнида кузги буғдой навларини октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида экиб, маъдан ўғитларни N150P105K75 ва N200P140K100 кг/га меъёрларини қўллаш агротадбири Фарғона вилоятининг Қува туманида 230 гектар, Қўштепа туманида 234 гектар, жами 464 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 февралдаги 02/21-80-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида тупроқнинг агрофизикавий ва агрокимёвий кўрсаткичлари яхшиланиб, майсалар юқори суръатларда униб чиқиши, қишда нобуд бўлиши (5,2-6,1 фоиз) кам бўлиши, доннинг сифат кўрсаткичлари яхшиланиб, дондаги оқсил ва клейковина миқдорининг (2-3 фоиз) ошиши таъминланган.