Махмудов Мухтор Жамоловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Паст октанли бензинни экологик ва эксплуатацион хоссаларини яхшилаш учун уни коллоид-кимёвий модификациялаш», 02.00.11–Коллоид ва мембрана кимёси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/К101.
Илмий раҳбар: Нарметова Гульнора Розикуловна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Ахмедов Улуғ Каримович, кимё фанлари доктори, профессор; Игамқулова Наргиса Абдувалиевна, кимё фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: паст октанли бензинни экологик ва эксплуатацион хоссаларини яхшилаш учун уни коллоид-кимёвий модификациялашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
турли эксплуатацион шароитларда автомобил бензиларининг детонацион барқарорлиги, унинг дисперсион тузилиши ва кимёвий таркибига боғлиқлиги аниқланган;
автомобил бензинларининг паст ҳароратлардаги физик-кимёвий ва дисперсион хоссалари, оғир смоласимон ва н-парафин углеводородлар миқдорининг ўзгариши даражаси билан боғлиқлиги исботланган;
гидроизомеризациялаш йўли билан енгил бензин фракциясидан, уни экологик ва эксплуатацион хоссаларини яхшиловчи модификаторлар олиш усуллари яратилган;
бензиннинг енгил фракциясини гидроизомеризациялаш жараёнида тадқиқ қилинган шароитларда нафтен углеводородларнинг ҳалқаси очилмаслиги исботланган;
олинган модификаторлар ва оғир бензин фракцияларини компаундлаш орқали экологик юқори октанли бензин олишнинг комбинацион усули ва унинг муқобил технологик шароитлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Паст октанли бензинни экологик ва эксплуатацион хоссаларини яхшилаш учун уни модификациялаш бўйича олинган илмий натижалари асосида:
паст октанли бензинни экологик ва экплуатацион хоссаларини яхшилаш учун коллоид-кимёвий модификациялаш учун «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖнинг «2019-2020 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2018 йил 12 апрелдаги 02/12-1-70-сон ва «Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг 2018 йил 19 апрелдаги 20/11-293-сон маълумотномалари). Натижада маҳаллий хомашёлар асосида юқори октанли ва замонавий экологик талабларга жавоб берувчи бензин олиш имконини беради;
паст октанли бензин таркибида бензол ва н-парафин углеводородлар миқдорини камайтириш учун уни бензолсақлаган фракциясини гидроизомеризациялаш жараёни «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖнинг «2019-2020 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2018 йил 12 апрелдаги 02/12-1-70-сон ва «Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг 2018 йил 19 апрелдаги 20/11-293-сон маълумотномалари). Натижада бензол ва н-парафин миқдори бўйича Евро-4 ва Евро-5 талабларига жавоб берувчи бензин ишлаб чиқариш имкони яратилади;
бензолсақлаган бензин фракцияси асосида олинган модификаторлар ва оғир бензин фракциясини компаундлаб, янги экологик юқори октанли бензин композициялари олиш «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ ва «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖнинг «2019-2020 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2018 йил 12 апрелдаги 02/12-1-70-сон ва «Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг 2018 йил 19 апрелдаги 20/11-293-сон маълумотномалари). Натижада хоссалари яхшиланган модификацияланган бензин таркибида бензол миқдори 8,46% дан 0,67% гача, ароматик углеводородлар миқдори эса 48,78% дан 32,43% гача камайтириш имконини беради.